Жаҳон | 19:04 / 30.10.2022
28507
14 дақиқада ўқилади

Курск ва Белгородда мудофаа чизиқлари қурилмоқда. Кремль «халқ уруши»ни уюштирмоқчими?

Владимир Путин Украинада эълон қилган «махсус ҳарбий операция»нинг тўққизинчи ойига келиб, Россия ҳукумати Украина билан чегарадош Курск ва Белгород областларида мустаҳкамланган мудофаа чизиқларини барпо этмоқда. Бу қандай юз берди ва бу чизиқдан қандай амалий ҳарбий фойда бор?

Фото: ROMAN STAROVOYT

Курск губернатори бу суратни ўз телеграм-каналида жойлаштирган. Бироқ амбразура (туйнук) пулемётдан ўт очиш учун мўлжалланмаган - сошкани (тиргак) қўйишга жой қолдирилмаган. Фото: ROMAN STAROVOYT

Курск губернатори Роман Старовойт Украинанинг эҳтимолий босқинини тўхтатиш учун областда иккита чизиқда ҳарбий истеҳкомлар тикланаётгани ҳақида хабар берди.

«Ушбу ҳафтада Курск областининг икки қаторли мустаҳкамланган мудофаа чизиғини шахсий таркиб билан таъминлаш ва қуриш ишлари якунланди. Амалиёт Россия Мудофаа вазирлиги ва Курск области Чегара хизмати билан ҳамкорликда амалга оширилди. Учинчи қатор чизиғи 5 ноябргача тайёр бўлади. Биз ҳудудимизга уюштирилувчи ҳар қандай тажовузни қайтаришга тайёрмиз», – деб ёзади губернатор ўзининг телеграм-каналида.

Курск области ҳудудий хавфсизлик қўмитаси раҳбари Михаил Горбунов 25 октябр куни областнинг чегара туманлари ва асосий магистрал йўлларига кириш устидан назорат кучайтирилгани, бошпаналарни, жумладан, ертўлаларни тозалаш бўйича фаол иш олиб борилаётганини маълум қилди.

«Курск областидаги бошпаналар 1,5 миллион кишини ҳимоя қилиши мумкин», – дейди Горбунов. У шунингдек аҳолини гавжум объектлар: банклар, почта бўлимлари, дўконлар яқинида бошпана ва хандақлар қуришга чақирган.

Белгород области губернатори Вячеслав Гладков ҳам темир-бетон блоклардан мудофаа иншоотлари қурилишини маълум қилди. Украинанинг босиб олинган Луҳанск областида ҳам худди шундай истеҳкомлар қурилган бўлиб, уларни сафида профессионал ёлланма аскарлар жанг қилаётган «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси ва рус маҳбуслари (уларнинг кўпчилиги оғир ва айниқса ўта оғир зўравонлик жиноятлари содир этганликда айбланган, аммо Украинадаги жанговар ҳаракатларда қатнашиш эвазига уларга озодлик ваъда қилинган) барпо қилганди.

«Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси (ХҲК) асосчиси, тадбиркор ва Владимир Путиннинг яқин дўсти Евгений Пригожин 19 октябр куни Белгород областидаги мудофаа иншоотлари қурилишига ХҲК ходими, Россия қаҳрамони Андрей Богатов раҳбарлик қилаётганини айтди.

Унинг қўшимча қилишича, областда ХҲК инструкторлари томонидан ўқитилувчи «халқ милицияси» ҳам тузилади.

Бу бетон тўсиқлар Белгород области ҳудудида пайдо бўлган. Лекин бундай очиқ ҳолатдаги тўсиқлар танклар учун катта муаммо туғдирмайди
Фото: VYACHESLAV GLADKOV

Бу қандай юз берди?

2022 йилнинг 24 февралида Россия қўшинлари Путин буйруғи билан Украина ҳудудига бостириб киргунига қадар ҳам ҳеч ким на Курск, на Белгород областига ҳужум қилишни режалаштирмаганди.

Уруш бошида ўйин «бир томонлама» эди. Рус бўлинмалари Харкив ва Украинанинг бошқа шаҳарларини тинимсиз ўққа тутди, Россиянинг чегараолди ҳудудлари эса тинч ва осойишта яшади.

Бироқ тез орада вазият ўзгарди — Россия ҳудудига ҳам «ракета парвозлари» бошланди. Аввалига бу тасодифдек кўринди, аммо кейинроқ бу онгли ҳужумлар экани ойдинлаша бошлади.

10 октябрдан Россия Украинанинг энергетика инфратузилмасига кенг кўламли зарбалар беришни бошлагач, Россиянинг Украина билан чегарадош областлардаги турли объектларда мунтазам равишда портлашлар рўй бера бошлади.

Владимир Путин 19 октябр куни Марказий ва Жанубий федерал округлар, жумладан, Курск ва Белгород областларида юқори тайёргарлик режимини жорий этди.

Украина Россия ҳудудига қилинган ҳужумлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олгани йўқ. Белгород, Брянск ва бошқа рус шаҳарлари яқинида юз бераётган ҳар бир навбатдаги портлаш ёки ёнғин Киев томонидан одатда рус артиллериячилари ва ракетачиларининг оловли захираларга эҳтиётсизлик билан муносабатда бўлиши оқибатида юз берган дея изоҳланади. Бунга ишониш қийин, албатта.

2014 йилда Россия ҳам худди шундай позицияда бўлганди.

Хусусан, «яшил одамчалар» Қримни эгаллаб олганда, Донбассдаги «кончилар» ва «тракторчилар» тўсатдан яхши ўқитилган армияга айланган ва замонавий оғир қуролларга эга бўлганда Россия расмийлари ҳам елкаларини шунчаки қисиб қўйиб шундай деганди — «биз билмаймиз, бизнинг алоқамиз йўқ, биз можаро тарафдори эмасмиз».

Пригожин ёрдам беришга тайёр

Россиянинг ҳарбий соҳага ихтисослашган телеграм каналларида Мудофаа вазирлиги буйруғи билан номаълум заводда катта миқдорда темир-бетон уйлар (ҳарбий пост ёки чизиқларга ўрнатилади) тайёрланаётгани видеоси тарқалди. «Улар жуда кўп. Сонини эълон қилмайман, лекин улар жуда кўп», – дейди бошловчи видеода.

Видеодан кўриниб турибдики, темир-бетон уйлар деворлари қалинлиги тахминан 300 мм бўлган темир-бетон монолитдан ясалган.

Фото: ROMAN STAROVOYT

«Вагнер чизиқлари» учун зарур элементлар бир нечта Белгород корхоналари томонидан ишлаб чиқарилмоқда, дея хабар беради «Вести» портали.

Россиянинг бошқа ҳудудларида мудофаа чизиқлари қуриш имконияти ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Пригожин шундай деган: «Албатта, биз ўзининг ҳимояси учун қайғураётган ҳар қандай областга ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрмиз».

Россия ҳудудида мудофаа чизиғи қурилишидан қандай ҳарбий мақсад кўзлаган?

Аҳолини ҳисобга олган ҳолда жами сафарбарлик ресурслари Россияникидан қарийб 3,5 баравар кам ва армияси кўп жиҳатдан Ғарб қуроллари таъминотига боғлиқ бўлган Украинанинг Россия ҳудудига бостириб кириш орқали қўшинларини бўлиб юбориши жуда мантиқсиз қарор бўларди. Бундан ташқари, унинг иттифоқчилари бундай қадамни мудофаа уруши сифатида эмас, балки тажовуз ва можаронинг хавфли жиддийлашиши сифатида қабул қилиши мумкин.

Қурилаётган дала истеҳкомлари рус аҳоли яшаш манзилларини ҳужумлардан ҳимоя қила оладими? Агар зарбалар узоқ масофали қуроллардан бўлса, жавоб аниқ — йўқ.

Агар Курск ва Белгород областлари маъмуриятлари ҳали ҳам душманнинг қуруқлик орқали ҳужумини қайтариш ҳақида ўйлаётган бўлса, у ҳолда улар мудофаа чизиқларида етарли аскар ва қуроллар бўлмаса, мудофаа чизиғидаги таянч нуқталар фойдасиз эканини тушуниши керак. Украина хоҳласа уларни осонлик билан эгаллаб олади ва мустаҳкамлаб, русларга раҳмат ҳам айтади.

Замонавий урушлар шароитида, бир километр узунликдаги фронтни 100-120 кишидан иборат мотоўқчи ротаси ҳимоя қилиб турса, бу нормал стандарт ҳисобланади. Иложи бўлса янада кўпроқ бўлгани маъқул. Ва бу оловли қўллаб-қувватловчи кучлар — артиллерия, зирҳли транспорт воситалари, авиация, шунингдек, ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизимлари, радиоэлектрон мутахассислар, сапёрлар, алоқачилар, разведкачилар, дрон операторлари ва бошқа кўплаб мутахассислардан ташқари миқдор.

Белгород областининг Украина билан чегараси узунлиги 540 км, Курск областиники эса 245 км. Оддий ҳисоб-китоб шуни кўрсатадики, бундай мудофаа чизиғи ҳимоясини тўлдириш учун фақат олдинги чизиққа камида 80-95 минг жангчи керак бўлади. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас.

Захирада аҳвол қандай?

Армия — бу жуда катта машина. Уруш зонасидаги аскар ва офицерлар унинг кичик бир қисмини ташкил қилади. Уришаётган жанговар бўлинмадаги битта аскар учун бутун армия ҳисобида ўртача бошқа беш нафар аскар (ўнта бўлса янада яхшироқ) ишлайди. Бу полковникми ёки оддий аскарми, катта аҳамият касб этмайди — фронтдаги эҳтиёжлар тахминан тенг бўлади.

Бош штаб, техник-муҳандислик, тиббий, комиссарлик хизматлари. Артиллерия ускуналари омбори, ёқилғи-мойлаш, моддий таъминот омборлари. Ҳарбий техника ва қуролларни таъмирлаш ҳамда техник хизмат кўрсатиш, бухгалтерия ҳисоби, юклаш, тушириш, хавфсизлик, транспорт ва коммунал хизматлар, алоқа, почтани шифрлаш, овқатланишни ташкил қилиш, тозалик, чойшабни алмаштириш, санитария. Ўқитилаётган, захирадаги ва қайта ташкил этилган бўлинмалар. Контрразведка, ҳуқуқшунослар, молиячилар, психологлар, инструкторлар, ҳарбий йўл полицияси, ёнғин хавфсизлиги. Ҳар хил инспекторлар. Бу фронтдаги жанговар қисмларни таъминлаш учун масъул бўлган хизматларнинг тўлиқ бўлмаган рўйхати.

Шундай қилиб, фронт чизиғидаги 80-95 минг ҳарбий хизматчи учун камида 400-475 минг кишилик таъминот тизими керак бўлади. Бу, расмий маълумотларга кўра, яқинда бўлиб ўтган сафарбарлик пайтида армияга жалб қилинганлар сонидан деярли икки баробар кўпроқ.

«Халқ уруши»

22 октябр куни Россия президенти маъмурияти раҳбарининг биринчи ўринбосари Сергей Кириенко бугунги Россияда исёнкор кўринувчи бир неча гапларни айтди.

Биринчидан, у Украинада содир бўлаётган воқеаларни «уруш» деб атади. Россияда ушбу сўзни Россия армиясининг Украинадаги босқинига нисбатан ишлатгани учун нашрлар блокланади, фуқароларга нисбатан эса жиноий иш қўзғатилади.

Иккинчидан, у бу урушда ғалаба қозониш учун баъзи шартларни айтди — яъни Криенко бу билан Россия ғалабаси сўзсиз эмаслиги ҳақида аниқ тушунча берди (шартлар бажарилмаса, ғалаба бўлмайди).

«Россия ҳар доим халқ урушига айланган ҳар қандай урушда ғолиб бўлган. Бу доимий такрорланган. Биз бу урушда ҳарбий жиҳатдан ҳам, иқтисодий жиҳатдан ҳам, албатта, ғалаба қозонамиз. Шунингдек, бизга қарши олиб борилаётган психологик ва ахборот урушида ҳам муваффақиятга эришамиз. Лекин бунинг учун бу уруш халқ уруши (ҳарбийлардан ташқари халқ кўнгилли отрядлари ҳам жангларда қатнашувчи уруш) бўлиши керак, ҳар бир инсон дахлдорлик туйғусини ҳис қилиши учун зарур», – деди Кириенко Бутунроссия синф раҳбарлари форумида.

24 октябр куни «уруш» атамасини Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров янада «қонунийлаштирди».

«Биз олдин Украина ҳудудида махсус ҳарбий операция ўтказяпмиз деб айтган эдик, лекин энди бу тўлақонли урушга айланди. Уруш аллақачон бизнинг ҳудудимизда кетмоқда», – деган у ўзининг Телеграм-каналидаги аудиомурожаатида. Чеченистон раҳбари бу фикрини қайта-қайта айтган.

Президент маъмурияти раҳбари ўринбосари ва Чеченистон раҳбари тасодифан нотўғри гапирган ёки Бош прокуратура ва «Роскомнадзор»га чақирув ташлашга қарор қилган деган тахминлар асосга эга эмас. Эҳтимол, Россия расмийларининг уруш борасидаги риторикасининг ўзгаргани ҳақидаги тахмин кўпроқ асосли бўлади.

Россиянинг тезкор сафарбарлик ўтказиши, захирадаги ҳарбий хизматчилар ва ҳаттоки, маҳбусларни зудлик билан фронтга сафарбар этиши Украинадаги «махсус ҳарбий операция» умуман режа бўйича ўтмаганини кўрсатиб турибди. Уруш тарафдорлари сафарбарлик қарорини кечиккан қарор дея ҳисобламоқда. Фронтдаги вазият аллақачон оғир аҳволда, Украина қарши ҳужум қилиб, ўз ҳудудларини озод этмоқда.

Рус оилалари тобутларни қабул қилишда давом этяпти, кўплаб аскарлар уйга ногирон бўлиб қайтяпти, иқтисодий аҳвол ёмонлашмоқда ва шу билан бирга фуқароларнинг шахсий молиявий аҳволи ҳам. Россия расмийларига «махсус ҳарбий операция» атамаси доирасидан ташқарига чиқмаган ҳолда одамларга нима бўлаётганини тушунтириш тобора қийинлашмоқда.

Фото: ROMAN STAROVOYT

Уруш эса бошқа гап, унга кўп нарсаларни боғлаш мумкин. Энди фақат руслар нима учун урушга кирганини асослаш қолди.

«Биродар Афғонистон халқига халқаро ёрдам кўрсатиш», «Чеченистонда конституциявий тузумни тиклаш бўйича операция», «Грузияда тинчликни сақлаш бўйича операция» – СССР ва Россия ўз ҳарбий кампанияларини шундай номланганди. Ҳарбий-сиёсий раҳбарият бу урушлар учун қандай режалар тузгани муҳим эмас, лекин ҳеч бўлмаганда номларнинг ўзи қандайдир мақсадни кўрсатади.

Украина учун қандай ном ўйлаб топиш мумкин?

Сўнгги пайтларда рус пропагандачилари Россия Украина билан эмас (ёки нафақат Украина), балки бутун НАТО блоки билан уруш қилмоқда, деган ғояни тобора кўпроқ тарғиб қилмоқда. Мантиқ тушунарли – ўзлари Россия аҳолисини йиллар давомида кучсизлигига ишонтириб келган Украинага ютқазиш шармандалик.

Лекин Россияни қандай қилиб тиз чўктиришни ўйлайдиган кучли, маккор душман билан курашишни айтиш эса бошқа гап.

Ушбу ғоянинг заиф томони шундаки, ҳатто энг билимдон россиялик оддий одам ҳам Шимолий Атлантика альянси нима эканлиги ҳақида тахминан қуйидагича тасаввур қилади: НАТОда бир неча ўнлаб самолёт ташувчи кемалар, минглаб самолётлар ва қанотли ракеталар мавжуд. Ва оддий одам ҳам, эҳтимол, тушунадики, бундай душман билан уруш фақат нефт омборлари портлаши ва алоҳида бинолар вайрон қилиниши билан чекланиб қолмаган бўларди.

Оддий одамларни урушни давом эттириш зарурлигига қандай ишонтириш мумкин?

Кириенконинг сўзларига кўра, «ҳар бир инсон ўз масъулиятини ҳис қилиши учун бу халқ уруши бўлиши керак».

Кремль расмийси қандай қилиб одамларни Украинага қарши урушнинг янги шаклига даъват қилиши ҳақида ҳеч нима демаган.

Эҳтимол, бундай воситалардан бири одамларга банклар, почта бўлимлари ва дўконлар яқинида бошпана ва окоплар тайёрлаш ҳақидаги ваҳимали тавсиялар беришдир. Ёки Москвада аллақачон пайдо бўлган энг яқин «бошпана»га боришни кўрсатувчи белгилардир.

Булар россияликларга уруш янада яқинроқ келаётганини ҳис қилдириши лозим.

Мавзуга оид