Кўплаб давлатлар Россия Украинага бостириб киргач у билан иқтисодий алоқаларни узишга ва Россия иқтисодига зарба бериш учун санкциялар жорий қилишга ваъда берди. Аммо нефт, газ ва хомашё бўйича дунёдаги энг йирик ишлаб чиқарувчилардан бири сифатида Россия қадрдон ва фойдали савдо шерикликларига эга. Бу алоқаларни узиш осон эмас.
2020 йилда Россия дунё мамлакатларидан 220 миллиард долларлик товарлар, жумладан, автомобиллар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари, дори-дармон ва компьютерлар импорт қилган. Бу маҳсулотлар асосан Хитой, Германия, Корея ва бошқа мамлакатлардан сотиб олинган.
The New York Times нашрининг савдо маълумотлари таҳлилига кўра, Россия импорти санкциялар ва савдо чекловлари киритилгандан сўнг кескин камайди. Аммо бир қанча давлатлар, хусусан, Хитой ва Туркия Украинадаги уруш бошланганидан сўнг Россия билан муносабатларини янада кучайтирди.
Кўпгина давлатлар учун Россия хомашёсисиз яшаш жуда қийин бўлди. Урушдан олдин Россия даромадининг учдан икки қисмидан кўпроғини нефт, газ, муҳим металлар (олтин, кумуш, палладий, иридий ва бошқалар) ва минераллар экспорти ташкил қилган бўлиб, улардан электр машинлар, уйларни иситиш ва заводлардаги ишлаб чиқаришда фойдаланилган.
NYT нашри таҳлили шуни кўрсатадики, ҳатто Россияга қарши ҳаракатларда фаол иштирок этган кўплаб мамлакатларга Россиянинг экспорт ҳажми Украинага бостириб кирганидан кейин ўсган. Бу Россия иқтисодини жазолаш орқали уруш ҳаракатларига таъсир кўрсатмоқчи бўлган Ғарб давлатлари расмийларини умидсизликка туширмоқда.
Россиянинг дунё билан алоқалари жадал ривожланишда давом этяпти. Глобал иқтисодий ўзгаришларни баҳолаш учун NYT нашри онлайн маълумотлар платформаси бўлган Observatory of Economic Complexity томонидан тузилган мамлакатлар даражасидаги йиллик савдо маълумотларни таҳлил қилди. Маълумотлар кечикиш билан чиқарилганлиги сабабли, улар орқали чизилган умумий картина моҳиятан ретроспективдир (эскироқ). Ғарб янги чекловлар киритгани туфайли, Россиянинг дунёнинг қолган мамлакатлар билан савдо қилиш қобилияти яқин ойларда янада камайган бўлиши мумкин.
Аммо ҳозирча, бу маълумотлар Россиянинг жаҳон иқтисодиёти билан қанчалик чуқур боғланганини кўрсата олади ва бу алоқалар урушнинг тўққизинчи ойини ўтказаётган Москвага катта миқдорда даромад олиш имконини тақдим этади. Ғарбнинг Россия иқтисодиётига зарба бериш учун қўллаган санкциялари ва бошқа чоралари ҳозиргача жуда кам самара берди.
«Россия ресурсларисиз яшаш жуда қийин. Унинг ўрнини босувчи муқобил йўқ», – дейди собиқ Россия молия вазири ўринбосари ҳамда Марказий банки раиси ўринбосари бўлган Сергей Алексашенко.





















