Педагоглар малакасини оширишдаги заиф нуқта ҳақида
— Ўзбекистонда таълим соҳасидаги ислоҳотларни қадрлаймиз. Ҳар қандай ислоҳотларни амалга ошириш 3 устунга асосланади, деб ҳисобласак, Ўзбекистондаги бу устунлар – замонавий АКТ технологиялари, ўқув дастурлари ҳамда педагогларни тайёрлаш ва малакасини ошириш жараёнларидир. Бу устунларнинг бири бошқасидан фарқли бўлса, бутун тизим орқага кетиши мумкин.
Мамлакатингизда қабул қилинган янги таҳрирдаги “Таълим тўғрисида”ги қонун ва янгиланган ўқув дастурлари соҳани ривожлантиришда муҳим дастак вазифасини ўтаб беради. Аммо Қашқадарё вилояти мисолида айтсам, бу жараёнда ўзим дуч келган энг асосий муаммо – мамлакатингизда педагоглар малакасини оширишда 3 та параллел тизим бир вақтда ишлайди. Булар – мактаблардаги ўқув ишлари бўйича директор ўринбосарлари, туманлардаги методистлар ва бевосита халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳудудий маркази. Ва муаммо ҳам шу ерда пайдо бўляпти. Ўрганишларим шуни кўрсатдики, педагоглар малакасини оширишда юқорида саналган тизимлар ўртасидаги ҳамкорлик жуда заиф.
“Директор ўринбосарларига юклама кўп”
— Бевосита таълим ташкилотидаги маълумотларни йиғиш билан шуғулланувчи ички методистлар (директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари ва метод кабинет раҳбарлари)га қўйилган юкламалар уларнинг соҳадаги янгиликларни ўрганишлари ва ўз устиларида ишлашларига тўсиқ бўляпти.
Шундан келиб чиқиб, биз ҳудудлардаги методистларга ўзлари каби бошқа ҳамкасбларини ўқитишлари учун қатор тренинглар ташкил этдик. Афсуски, айрим мактаблардаги ўқув ишлари бўйича директор ўринбосарлари бу тренингларга қатнашолмади. Чунки вақт топишолмади.
Назарий методлар асосида дарс ўтаётган ўқитувчилар
— Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳудудий марказида педагоглар учун 5 кунлик доимий тренинглар ташкил қилинган.
Бу каби марказлар соҳадаги янгиликларнинг энг қуйи бўғингача етиб боришида асосий дастак вазифасини ўташи лозим. Чунки унда ҳар йили барча ўқитувчилар ўз билим ва малакаларини оширади. Шундай экан, мамлакатингизда таълим ислоҳотларини йўлга қўйишда аввало бу каби марказларнинг масъулиятини оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Чунки педагогнинг билим ва салоҳияти қанчалик кучли бўлмасин, у ўн йиллаб ўзгармаган ўқув дастурлари ва дарс режалари билан қуроллантирилса, кутилган самарага эришилмайди. Мамлакатингиз таълим тизимидаги асосий муаммо ҳам ўқитувчиларнинг ҳалигача назарий методларга таяниб дарс бераётганида бўляпти. Яъни ўқувчи дарсда бериладиган назарий билимларни ўзлаштиряпти, бироқ уни ҳаётда қўллаш бўйича билим ва кўникмаларга эга бўлмаяпти.













