Жаҳон | 08:42 / 04.11.2022
11652
4 дақиқада ўқилади

НАТО бош котиби Финландия ва Швецияни альянсга тезроқ қабул қилишга чақирди

Финландия ва Швеция Туркиянинг НАТОга аъзо бўлиш бўйича барча талабларини бажарди, деди Шимолий Атлантика альянси бош котиби Анқарага ташрифи чоғида. Туркия унинг фикрига қўшилмади.

Фото: Getty Images

Швеция ва Финландия имкон қадар тезроқ НАТОга қабул қилиниши керак ва Шимолий Атлантика иттифоқига қўшилиш учун Туркия томонидан илгари сурилган талабларни бажарди. Бу ҳақда 3 ноябрь, пайшанба куни Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли билан Анқарада ўтказилган қўшма матбуот анжуманида НАТО бош котиби Йенс Столтенберг маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, «Финландия ва Швецияни НАТОнинг тўлақонли аъзоси мақомида кутиб олиш вақти келди», бу ташкилотнинг ўзини мустаҳкамлайди ва унинг таркибига кирувчи барча мамлакатлар хавфсизлигини оширади. Столтенберг, шунингдек, 4 ноябрь, жума куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан иккала давлатнинг иттифоққа қўшилиши масаласини муҳокама қилишини, «Россияга тўғри сигнал юбориш» учун уларнинг кириши амалга ошиши кераклигини айтди.

НАТО бош котибининг таъкидлашича, Украинага қарши урушда «ҳеч бир давлат Москвани қўллаб-қувватламаслиги керак». Шу муносабат билан у Россия қўшинлари томонидан Украинадаги фуқаролик инфратузилмасига зарба бериш учун Эрон дронларидан фойдаланилгани ва Эроннинг Россияга баллистик ракеталар етказиб бериш режаларини эслатди.

Мавлуд Чавушўғли Йенс Столтенбергга эътироз билдирар экан, Туркия ва Швеция ўртасидаги муносабатларда олға силжиш бўлса-да, ҳар икки Скандинавия давлатининг ҳам иттифоққа яқин орада кириши ҳақида гапиришнинг имкони йўқлигини айтди. Унга кўра, Финландия ва Швеция Анқара қўйган барча талабларни ҳали бажармаган. Улардан асосийси курд экстремистлари ва 2016 йилги давлат тўнтаришига уринишда гумон қилинганларни экстрадиция қилишдир. Бу воқеалардан сўнг Туркияда қўлга олишлар бошланди ва кўплаб фаоллар мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди. Бундан ташқари, Анқара Финландия ва Швеция ўзи даъво қилганидек, Туркия террорчи деб ҳисоблаган курд қуролли гуруҳларини қўллаб-қувватлаётганига ишора қилмоқда.

НАТО бош котиби бунга жавобан Туркиянинг бу борадаги хавотирини тушунишини ҳамда Финландия ва Швеция «терроризм»га қарши курашда Анқара билан яқинроқ ҳамкорлик қилишдан «жуда манфаатдор» эканини айтди.

2022 йилнинг баҳорида Туркия ва Германия Туркия суди маҳаллий тадбиркор 64 ёшли Усмон Кавалага ҳукуматга қарши намойишларда қатнашгани учун чиқарган ҳукми юзасидан танқидий баёнотлар берди - у озодликка чиқиш ҳуқуқисиз умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Германия ҳукумати ҳукмга норозилик билдирди ва Туркиянинг Берлиндаги элчисини Германия Ташқи ишлар вазирлигига чақирди. Анқара, ўз навбатида, Германияни мамлакат ички ишларига аралашишда айблади.

Май ойида минглаб одамлар Истанбулда режимни танқид қилгани учун маҳаллий ҳокимият томонидан айбланган яна бир фаолга нисбатан ҳукм чиқарилишига қарши намойишга чиққан. Гап Халқ-республика партияси (ХРП) Истанбул бўлими раҳбари Cанан Кафтанжиўғли ҳақида кетмоқда, у ижтимоий тармоқдаги бир нечта постлари туфайли Эрдўғанни ҳақорат қилиш ва терроризмни тарғиб қилиш каби бир қатор айбловлар билан қарийб 10 йилга қамалган. 

ХРП Кафтанжиўғлига чиқарилган ҳукми аввалроқ бу партия вакили Акром Имомўғли Истанбул мэрлигига сайловда президент Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг Адолат ва тараққиёт партиясидан (АТП) номзод Бинали Йилдиримни мағлуб этгани учун қасос, деб ҳисоблайди. Натижада Туркияда узоқ вақтдан бери биринчи марта энг муҳим шаҳар ҳокими лавозимини АТП аъзоси эмас, балки мухолифатчи эгаллади.

Мавзуга оид