Жаҳон | 10:37 / 05.11.2022
6055
4 дақиқада ўқилади

Қозоғистон мамлакат ташқи сиёсатидаги устувор йўналишларни маълум қилди

Қозоғистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Роман Василенко DW нашрига Россиянинг Украинага қарши уруши бўйича Остона позицияси ва мамлакат ташқи сиёсатидаги устувор йўналишлар ҳақида гапирди.

Фото: Қозоғистон ТИВ

Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан бери Москва ва Остона ўртасидаги муносабатлар жиддий ўзгарди. Кўп йиллик стратегик шерикликдан сўнг Россия Қозоғистонга нисбатан камроқ таъсир кучига эга бўлиб боряпти. Остона на ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган «ЛХР» ва «ДХР» мустақиллигини, на Украина ҳудудларининг Россияга қўшиб олинишини тан олмади. Айни пайтда, Қозоғистон ғарбнинг Россияга киритган санкцияларини ҳам қўллаб-қувватламади. Қозоғистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Роман Василенко бу позицияни «мувозанатли» деб атаб, бу, биринчи навбатда, мамлакатнинг ўз миллий манфаатларига асосланиши билан изоҳлади.

«Қозоғистон мувозанатли позицияни эгаллайди. Биз ҳар қандай сўровларга ҳозирча очиқмиз ва у ёки бу воситачи ролини ўйнашга тайёрмиз», деди Қозоғистон ТИВ раҳбари ўринбосари DW'нинг «Аниқ нуқтага» ток-шоуси махсус сонида. Унинг сўзларига кўра, Остона Россия ва Украина ўртасидаги қуролли можарони музокаралар столида дипломатик йўл билан ҳал этиш тарафдори.

Кўпчилик кузатувчиларнинг таъкидлашича, Остона сўнгги пайтларда Москвадан узоқлашмоқда. Аммо Қозоғистон «Россиядан қарама-қарши томонга узоқлашмоқда» деган фикр тўғри эмас, дейди Василенко: «Қозоғистон ва Россияни дунёдаги энг узун чегара – 7500 километр бирлаштиради. Қозоғистонда Қозоғистон фуқаролари бўлган 3,5 миллион этник руслар яшайди. РФда Россия фуқаролари бўлган 1,5 миллион қозоғистонлик бор. Қозоғистон учун Россия энг йирик савдо шериги ҳисобланади. Қозоғистон ва Россия Евросиё иқтисодий иттифоқининг таъсисчи давлатлари ҳисобланади. Қозоғистонда Россия иштирокидаги 11 мингта компания бор. Бундай вазиятда ортга қайтишнинг иложи йўқ».

Қозоғистон халқаро сиёсатининг асоси - кўп векторли позиция, дейди Василенко: Остона барча давлатлар, жумладан, ғарб билан ҳам иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга интилади. Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, Қозоғистон иқтисодиётига киритилган 390 миллиард доллар сармоянинг 170 миллиард доллари Европа, 50 миллиард доллари эса Америка сармояларидир. «Россия энг йирик сармоядорлар ўнталигига киради, лекин у энг йирик инвестор эмас: энг йирик инфратузилма лойиҳаларига, хусусан, нефть ва газга сармоядорлар ғарб ва Хитой компанияларидир», — деб таъкидлайди сиёсатчи.

Василенконинг айтишича, Европа Иттифоқи Қозоғистонга тобора кўпроқ эътибор қарата бошлади. «Шу йиллар давомида савдо, иқтисодий сиёсатимизни, иқтисодий ҳамжамиятни ва сиёсий муносабатларимизни диверсификация қилиш бўйича анча фаол ҳаракатлар амалга оширилди. Европаликлар «ўрта йўлак»ни ривожлантиришдан манфаатдор, бу орқали биз ўз товарларимизни ёки Хитой товарларини Каспий денгизи, Озарбойжон, Грузия ва Туркия орқали Европага олиб ўтишда давом этамиз», — деди Роман Василенко.

Қозоғистон ташқи ишлар вазири ўринбосарининг таъкидлашича, энергетика ва озиқ-овқат инқирози фонида Остона билан ҳамкорликка қизиқиш нафақат Европа Иттифоқи мамлакатлари, балки АҚШда ҳам ортган. Унинг сўзларига кўра, буни нафақат АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг БМТ Бош ассамблеяси 77-сессияси доирасида Нью-Йоркда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари билан учрашуви, балки Қозоғистонга янги Америка элчиси келиши ҳам тасдиқлайди. «Қозоғистон минтақадаги энг йирик давлатдир ва усиз Марказий Осиёда, жумладан Афғонистон ва Эронга нисбатан сиёсат юритиш қийин», - дея таъкидлайди Василенко.

Мавзуга оид