Жаҳон | 23:26 / 09.11.2022
12292
3 дақиқада ўқилади

Алишер Усмонов Швейцария банкида ўзи билан боғлиқ тинтув ўтказилгани ҳақидаги хабарга жавоб берди

Миллиардер Алишер Усмонов UBS банкида ўзи билан боғлиқ тинтув ўтказилгани ҳақида ҳеч қандай расмий хабар олмаган, деди унинг матбуот котиби.

Фото: ТАСС

Аввалроқ, Швейцария банки офисида олиб борилаётган тергов ҳаракатлари Усмоновга тегишли 2 миллион евродан ортиқ қийматдаги шубҳали операциялар билан боғлиқлиги ҳақида хабар берилган эди.

Миллиардер Алишер Усмонов Швейцариянинг UBS банки офисида ўзи билан боғлиқ тергов ҳаракатлари ўтказилаётгани ҳақида хабар олмаган. Бу ҳақда Усмонов матбуот хизмати баёнотида айтилади. 

«Бир қатор оммавий ахборот воситаларида Алишер Усмоновга нисбатан жиноий даромадларни легаллаштиришда гумон қилиниш юзасидан UBS банкида тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани ҳақидаги маълумотлар юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз. Алишер Усмонов ва унинг вакиллари бу борада ҳеч қандай расмий хабар олмаган ва тергов ҳаракатларига изоҳ бера олмайди», — дейилади баёнотда. 

Аввалроқ, Германиянинг Spiegel журнали Швейцариянинг UBS банки Германиядаги офисида пул ювиш ҳолатлари бўйича тинтув ўтказилгани ҳақида хабар берди. UBS ўз филиалида тинтув ўтказилганини тасдиқлади, бироқ тергов ҳаракатларининг сабабини айтмади. Германия прокуратураси фақат маълум бир россиялик «олигархга» нисбатан тергов олиб борилаётганини маълум қилди, бироқ, унинг исмини ошкор қилмади. 

Spiegel ёзганидек, немис полицияси Усмоновга алоқадорлиги тахмин қилинаётган шубҳали транзакциялар ҳақида хабар олган. Нашрнинг таъкидлашича, терговчиларни 2018 йилдан 2020 йилгача ҳисобварақлар бўйича 2 миллион евродан ортиқ суммадаги шубҳали операциялар қизиқтирган. Немис нашри ўз маълумотларининг манбасига аниқлик киритмаган. 

Миллиардернинг матбуот хизмати унинг ноқонуний фаолияти ёки пул ювиш ҳақидаги тахминларга «ҳеч қандай асос» йўқлигини айтди. 

«Жаноб Усмонов ваколатли органларга 2000-йилларнинг ўрталаридан буён ўзининг даромадлари ва харажатлари тўғрисида тўлиқ маълумотларни ошкор қилган ва бу маълумотлар «Катта тўртлик» халқаро аудиторлари томонидан тасдиқланган. Унинг пуллари келиб чиқиши мутлақо шаффоф», деди тадбиркор вакили. 

Унинг қўшимча қилишича, Усмонов 2014 йилдан бери солиқларни «асосий инвестициялари жойлашган ҳудудда», яъни Россияда тўлаб келган, бу эса «Германияда даромад солиғини қайта тўлаш заруриятини бартараф этган». 

Тадбиркор Германияга «биринчи навбатда зарурат туфайли, тиббий сабабларга кўра, реабилитация ва дам олиш мақсадида борган», дейилади хабарда. Усмонов пулларининг шубҳали келиб чиқиши ҳақидаги тахминлар «ёлғон ва миллиардернинг обрўсига путур етказувчи» деб аталган. 

Мавзуга оид