Катта Ура Бойқўрғон ва Янгиқишлоқни иккига ажратиб туради. Янгиқишлоқликлар мактаб, касалхона, бозор ва иш учун Бойқўрғонга боради. Туман маркази ёки ишга ҳам Бойқўрғон орқали кетилади. Бундан ташқари Янгиқишлоқ билан бирга яна 4–5 қишлоқ аҳолиси ҳам турли юмушлар билан Янгиқишлоққа келиб, бу ердан Бойқўрғонга ўтади.

Қишлоқ аҳолисининг айтишича, ҳозир бу ҳудудда тайинли кўприк йўқ. 2 ҳудудни боғлайдиган осма кўприк бундан 40 йилча илгари ҳашар йўли билан қурилган. Бу кўприк ҳам одамлар ўтиши учун хавфли бўлиб қолган.

«Ўтган йили бир қиз дарёга тушиб кетганди. Кўйлаги кўтарилиб қолгани учун кўриб қолдим. 100 метрча оқиб боргандан кейин, сувдан чиқариб олдим», — дейди «Бойқўрғон» МФЙда жойлашган 13-мактаб ўқитувчиси Ғайрат Яхшибоев.

Фото: Бекзод Яхшибоев
Фото: Бекзод Яхшибоев

13-мактаб ўқитувчиларининг айтишича, ўқувчилари кўприкдан ўтиб олишгунча уларни кузатиб туришади.

Даврон Исмоилов шу мактабда она тили ўқитувчиси, у ҳар куни болаларни кўприкдан ўтказиб қўйишга 3 соат вақт сарфлайди. Унинг айтишича, Янгиқишлоқ қишлоғидан 100га яқин ўқувчи шу кўприкдан ўтади. 20дан ошиқ боғча ёшидаги болалар, 10дан ошиқ ўқитувчилар ҳам кўприкдан фойдаланишади.

«Аҳоли шу ердаги қабристонга келади. Одамлар кўп-кўплашиб ўтолмайди. Ҳатто юки, мева-сабзавот, унлари тушиб кетган ҳолатлар ҳам бўлган», — дейди Д.Исмоилов.

Кўприк билан боғлиқ яна бир бахтсиз ҳодиса 2011 йилда бўлган. Янгиқишлоқда яшайдиган шифокор Жасур Эшқобилов чақирув бўлиб қолиб, беморнинг ёнига бораётганда шу кўприкдан тушиб кетган.

«Кечқурун Бойқўрғондан бир бемордан чақирув бўлган, шуни кўришга кетаётгандим. Тахта синиб, кўприкдан пастга қуладим. Кейин юз ва жағ қисмидан жароҳат олиб, 6 ой касалхонада ётганман. Бунақа бахтсиз ҳодисалар жуда кўп бўлади. Кўприк ва дарёнинг ораси 3 метр. Мотоцикллар, болалар тушиб кетган вақтлари ҳам бўлган. Болаларимни ҳам ўзим ўтказиб қўйиб, кейин ишга кетаман. Кўприкдан ўтиш учун болалар навбатда туришади», — дейди шифокор.