11:25 / 11.11.2022
7769

«Турк» сўзи тилга олинган турк тилидаги илк ёзма манба топилгани маълум қилинди

Бу ҳақда Туркий давлатлар ташкилоти саммити доирасидаги йиғилишда Халқаро Туркий Академия президенти вазифасини бажарувчи Фузули Мажидли маълумот берган.

Фото: Wikipedia

10 ноябрь куни Халқаро Туркий Академия президенти вазифасини бажарувчи Фузули Мажидли Туркий давлатлар ташкилоти саммити доирасида Ташқи ишлар вазирларининг йиғилишида иштирок этди. Бу ҳақда Kun.uz’га Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилишда сўзга чиққан Фузули Мажидли қардош мамлакатлар ўртасида дипломатик муносабатлар, илм-фан ва таълим соҳасидаги алоқалар ривожланаётгани ҳақида гапирган.

Тадбир давомида академия раҳбари Мўғулистонда Халқаро Туркий академия томонидан олиб борилган археологик қазилма ишлари натижасида Кўктурк даврига оид ёдгорлик мажмуаси ва ёзуви топилганини ҳам маълум қилган.

«Ушбу мажмуа Қутлуғ хоқон шарафига ўрнатилган бўлиб, у Ўрхун ёдгорликлари топилганидан кейин сўнгги 130 йил ичида туркий дунё учун энг муҳим кашфиёт сифатида қабул қилинган. Бу кашфиётнинг энг муҳим жиҳати шундаки, у «турк» сўзи тилга олинган турк тилидаги биринчи ёзма манба бўлиб, ҳозиргача бўлгани каби хорижликлар томонидан эмас, балки туркий олимлар томонидан топилиб, шифрланган», – деган Фузули Мажидли.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги

Маълум қилинишича, ёдгорликнинг тақдимоти 15 декабрь – Халқаро туркий тиллар куни доирасида Парижда ЮНEСКО шафелигида ўтказилади. 

Top