Россия мудофаа вазирлиги жума куни Херсондаги қўшинларни Днепрнинг чап соҳилига олиб ўтиш жараёни якунланганини маълум қилди. Москва барча ҳарбийлар - 30 минг киши олиб чиқилгани ҳамда ҳарбий техникалар (5 мингга яқин) ва қурол-яроғлар бой берилмаганини маълум қилган. BBC нима учун бундай чекинишда йўқотишлар бўлмагани ва бундай амалиёт қандай мураккабликлар келтириб чиқаришини таҳлил қилди.

Жума куни Россия мудофаа вазирлиги Херсондаги қўшинларни Днепрнинг чап соҳилига ўтказиш жараёни 11 ноябр куни тонгги соат 5 да якунланганини эълон қилди. Шу тариқа, Россия армияси Украинада 24 февралдан кейин эгаллаб олинган сўнгги област марказини ташлаб чиқди.

Москва Днепрнинг чап соҳилига 30 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчи олиб ўтилганини маълум қилмоқда. Россия мудофаа вазирлиги хабарида қўшинларни олиб кетишда «бирорта ҳарбий техника ва қурол-яроғ ўнг соҳилда қолдирилмагани, россиялик барча ҳарбий хизматчилар дарёдан ўтгани, Россия гуруҳининг шахсий таркиб, қурол-яроғ, техника ва ҳарбий анжомларида йўқотишларга йўл қўйилмагани» таъкидланган.

Аввалроқ Украина ва Ғарбдаги ҳарбийлар Россия қўшинлари Днепрнинг ўнг соҳилидан олиб кетилиши бир ҳафтагача вақт олиши мумкинлигини айтишганди. 

Украина нашрларида Херсон йўналишида россияликлар томонидан ташлаб кетилгани айтилган техникалар акс этган видеолар тарқалган. Шу билан бирга, Днепрнинг чап соҳилига олиб ўтувчи асосий йўл бўлган Антонов кўприги қулагани акс этган видео ва фотолар эълон қилинди.

Россиядагилар нима дейишди?

Херсонни ташлаб чиқишга тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида россияпараст телеграм-каналлар бир неча ҳафтадан буён ёзаётганди, Россия ҳукумати бу ҳақда 9 ноябр кунига келиб эълон қилди.

Шу куни Россия телевидениесида Украинадаги қўшинлар қўмондони Сергей Суровикиннинг мудофаа вазири Сергей Шойгуга ҳисоботи намойиш этилди. Генерал Днепрнинг ўнг соҳилидаги гуруҳ таъминоти мураккаблашганини айтиб, дарёнинг чап соҳилида янги мудофаа чизиғи ташкил этишни таклиф қилди. Шойгу бунга розилик билдирди.

Россия сентябр ойи охирида ўтказилган сохта референдумлардан (дунёда ҳеч бир давлат унинг натижаларини тан олмади) кейин октябр ойи бошида Херсон областини, Донецк, Луҳанск ва Запорижжя областлари билан бирга ўз таркибига қўшиб олганди, яъни эндиликда Россия қўшини Москва расман ўз таркибида деб ҳисоблайдиган ҳудудни тарк этди.