Тошкент шаҳрида кичик ёшдаги болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш масалалари бўйича жаҳон конференцияси бўлиб ўтди. 15 ноябр куни бу анжуманга Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташриф буюрди.
Конференция дунёда 2030 йилга қадар мактабгача таълим соҳасига оид сиёсатни белгилаб олиш ва бу борадаги халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган. Унда ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле, 150 га яқин мамлакатдан вазирлар ва вакиллар, халқаро ташкилотлар мутасаддилари қатнашмоқда.

Давлат раҳбари нутқининг аввалида соҳа бўйича дунёдаги вазиятга тўхталиб, миллионлаб болаларнинг бошланғич билим олиш имконияти чеклангани, мутахассислар биргалашиб, мактабгача таълим қамровини ошириши муҳимлигини айтди. Ўзбекистонда «инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва манфаатлари – олий қадрият» деган тамойил асосида аҳоли учун муносиб турмуш шароитлари яратилаётгани таъкидланди.

«Бу борада, авваламбор, ёшлар ва болаларга эътибор ва амалий ғамхўрлик кўрсатиш, уларни жисмоний ва маънавий баркамол этиб тарбиялашга алоҳида аҳамият қаратмоқдамиз. Болаларни кичик ёшдан бошлаб ривожлантириш орқали келажакда уларнинг ўзлигини тўла намоён этишига мустаҳкам замин яратаяпмиз. Зеро, бу эзгу мақсадимиз йўлида сарфланган инвестициялар эртага бир неча баробар ортиғи билан қайтишига шубҳа йўқ», – деди Шавкат Мирзиёев.
Илгари юртимизда мактабгача таълим билан қамраб олиш кўрсаткичи 27 фоизга тушиб қолган эди. Болалар боғчаларида замонавий қўлланмалар йўқ, бинолари таъмирталаб эди.

Шу боис давлат раҳбари бу бўғинга алоҳида эътибор қаратиб, баркамол авлодни айнан кичик ёшдан тарбиялаш сиёсатини белгилаб берди. Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 30 сентябрдаги фармонига мувофиқ, Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди. Боғчалар қуриш ва таъмирлаш, илғор тарбия услублари ва методикаларини жорий этиш бўйича кўп ишлар бошланди.
Соҳани ривожлантириш учун хусусий сектор кириб келишига ҳам имконият яратилди. Ҳар бир тарбияланувчи бола учун давлат бюджети ҳисобидан субсидиялар бериш йўлга қўйилди. Олис ва чекка ҳудудларда минглаб оилавий боғчалар ташкил қилинди.
Натижада сўнгги йилларда мактабгача таълим муассасалари сони 6 баробарга кўпайди. Тарбиячи ва педагоглар сони ҳам 3 баробарга ўсиб, 160 мингга етди. Шу тариқа, боғча ёшидаги 2 миллион 800 минг нафар боладан 2 миллион нафари мактабгача таълим билан қамраб олинди.




















