Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
БМТ Украинадаги урушнинг ҳар икки томонини асирларни қийноққа солганликда айблади
БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича экспертларига кўра, Украинадаги ҳарбий асирлар ҳам Россия, ҳам Украина томонидан қўпол муомала ва қийноқларга дучор бўлмоқда.
Бу ҳақда БМТнинг Украинадаги инсон ҳуқуқлари мониторинги миссияси раҳбари Матилда Богнер Киевдан эфирга узатилган видеотасвирда маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, халқаро ҳуқуқ меъёрларига кўра, фақат Украина томони экспертларга қўлга олинган ҳарбий хизматчилар билан мулоқот қилиш имкониятини берган.
Украиналик ҳарбий асирлар билан эса фақат Россия қамоқхоналаридан озод этилгандан кейингина мулоқот қилиш мумкин бўлган.
Умуман олганда, миссия сўнгги ойларда 159 нафар ҳарбий асир, жумладан, Россия ёки бошқа россияпараст кучлар томонидан ушлаб турилган 20 нафар аёл, шунингдек, Украина томонидан асирда сақланган 175 эркак билан суҳбат ўтказди.
3 ноябрь куни Россия ва Украина ўртасида навбатдаги ҳарбий асирлар алмашинуви бўлиб ўтди.
Алмашиш натижасида 107 нафар ҳарбий хизматчи Россияга қайтарилди, улар даволаниш учун Москвага юборилади, дея хабар берди Россия Мудофаа вазирлиги.
Украина президенти девонининг раҳбари Андрей Ермак 107 га 107 формуласига мувофиқ асирлар алмашиш амалга оширилгани фактини тасдиқлади.
Унинг сўзларига кўра, Украинага олти нафар офицер ва 101 нафар оддий аскар ва сержант, жумладан, Мариуполдаги «Азовстал» заводининг 74 нафар ҳимоячиси қайтган.