Хўжаевнинг тушунтиришича, электр таъминотидаги узилишларнинг энг асосий сабаби – газ танқислиги. Чунки электр энергиясининг 90 фоизи иссиқлик электр станцияларида ишлаб чиқарилади.
“Мен очиқ айта оламан, бугунги кунда электр таъминотидаги узилишларнинг 90 фоизининг сабаби – электр тармоқларининг эскиргани ёки қуввати камлиги эмас, балки электр станцияларимизда электр энергиясини ишлаб чиқариш учун ёқилғи етишмаслигидир”, – деди у.
Қуйида турли журналистлар берган саволлар ва уларга вазир ўринбосарининг жавоблари келтириб ўтилади.
— Аввалги ҳокимият даврида «Лукойл» компанияси билан газ қазиб чиқариш бўйича тузилган узоқ муддатли шартнома шартлари давлат ва жамият манфаатларига зид бўлгани ҳақида айтилади. Мамлакат ичидаги газ танқислиги билан боғлиқ вазиятга сабаблардан бири ҳам айнан мана шу шартнома экани тахмин қилинади. Ҳукумат шартнома шартларини ўзгартиришни ўйламаяптими?
— «Лукойл» компанияси бир кунлик режасини 101,4 фоизга бажарган. Ой бошидан қарасак ҳам ички бозорга йўналтириш бўйича барча мажбуриятларини бажаряпти. Шартнома шартларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон манфаатларига зид ёки зид эмас деб бугунги кунда баҳо беришимиз бирмунча нотўғри. Чунки шартнома тузилаётган вақтдаги шароит қайсидир шартноманинг параметрларини тақозо этган. Лекин газ тақчиллиги бу шартнома шартларига боғлиқ эмас. Бу компания ҳам ўз мажбуриятларини бажаряпти.
– Республиканинг айнан чекка ҳудудларида 10-12 соатлаб ток ўчирилиши ҳаққонийми?
– Йўқ, бир соат ўчирилиши ҳам ҳаққоний эмас. Бу бугунги кунда мажбурликдан кўрилган чора. Ҳар куни сурункали равишда 12 соатлаб ўчирилаётган ҳудудлар ҳақида маълумот берсангиз, буни ўрганиб чиқамиз. Чекловлар жадвали ишлаб чиқилган. Қайсидир ҳудудларда чеклов жадвалларига риоя қилмасдан, ярим соат ё бир соат ўрнига 12 соат ўчирилаётган бўлса, биринчи навбатда бунинг сабабини ўрганамиз, иккинчи навбатда агар инсон омили бўлаётган бўлса, ана шу ходимларга нисбатан чора кўрамиз.
— Қозоғистон, Туркманистондаги аҳвол биздан яхшилигига гувоҳ бўляпмиз. Нимага уларда аҳвол яхши-ю, бизда ачинарли?
— Очиқ айтишим мумкинки, электр энергиясига бўлган талабнинг ўсиши суръатлари борасида бизга қўшни бирорта мамлакатни Ўзбекистон билан солиштириб бўлмайди. Яъни охирги 5 йилда электр энергияси ишлаб чиқариш, етказиб бериш йиллик ҳисобда энг юқориси Ўзбекистонда. Бирорта қўшнимизда йиллик 7-8 фоиз (электр энергиясига талаб ошиши) йўқ.














