Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги директори Шерзод Хўжаев иқтисодчи Отабек Бакировнинг “Диалог” лойиҳасига берган интервюсида электр энергияси соҳасида бозор қоидаларига ўтилиши ҳақида маълум қилди.
Отабек Бакиров тарифлар ўзгартирилгач, Ўзбекистон очиқ энергетика бозорини ташкил этиш йўлида қайси босқичда тургани ҳақида сўради. Агентлик раҳбарининг сўзларига кўра, Ўзбекистон ҳозир “марказий харид қилувчи” номли биринчи босқичда турибди.
“Бу босқичда, энг паст таннархга эга ишлаб чиқарувчининг электр энергияси биринчи навбатда сотилишини инобатга олсак, ишлаб чиқарувчилар ўртасида ҳақиқий рақобат ҳосил бўлади. Албатта, бу босқич тўлақонли кучга кириши учун бозор қоидаларини тасдиқлашимиз керак. Бу қоидаларни биз 15 нафар хорижий экспертлар билан ишлаб чиқдик ва бугунги кунда муҳокамада. Мана шу бозор қоидалари қабул қилиниб, кучга кирганидан сўнг, у қоидаларга асосан ишлаб чиқарувчилар ўзаро рақобатлашади.
Албатта, бу ерда савол туғилиши мумкин: баъзи электр станциялари билан 20-25 йиллик шартномалар тузилган, у қандай рақобат бўлиши мумкин? Бу саволга ҳам жавоб бор. Биринчидан, у станциялар бу бозорга кириш учун, яъни биз билан шартнома тузиш учун ўзаро рақобатлашиб бўлишди. Яъни энг паст тариф таклиф қилган станция билан шартнома тузилди. Иккинчидан, мен сизга аниқ айтишим мумкин, охирги йилларда тузилган қуёш, шамол ёки иссиқлик электр станциялари лойиҳаларининг тарифлари – бугунги кунда энг жозибадор тарифлар. Улар бу рақобатдан қўрқмайди”, – деди Шерзод Хўжаев.
Унинг сўзларига кўра, шу йил 1 июлдан фаолият бошлаган марказий харид қилувчи – “Ўзэнергосотиш” АЖнинг харажатлари энергетика бозори миқёсида жудаям кам: ходимларига ойлик тўлаш ва солиқ тўлаш.
“Унинг вазифаси – электр энергиясини сотиб олади, сотиб олишда кейинги кун учун қайси станциядан қанча сотиб олинишининг графигини қилади. Бозор қоидалари яқин кунларда кучга кириши билан бу мажбурий тусга эга бўлади. Ҳар бир станция эртанги кун учун қанча электр энергияси ишлаб чиқаришини айтади. Ҳар бир станцияда харид қилиш нархи маълум-ку, демак, “Ўзэнергосотиш”нинг қўлида инструмент бор: қайси биридан харид қилсам экан? Энг арзонидан. Приоритет энг арзонига берилади”, – дея тушунтирди соҳа раҳбари.
Хўжаевнинг айтишича, кафолатланган харид шартномаси тузилмаган станциялар таклиф этадиган нархларни Идоралараро тариф комиссияси тасдиқлайди.
У устуворлик энг арзон нарх таклиф этаётган станцияга берилиши учун таклиф талабдан кўпроқ бўлиши кераклигини қайд этди.















