Спорт | 17:49 / 19.11.2022
35272
6 дақиқада ўқилади

«Болаларнинг шахсий хизматчилари, ҳайдовчилари бор» — саудияликларни чемпион қилган ўзбек йигити ҳикояси

26 ёшли Яҳё Ҳусанбоевни бир йил олдин Ар-Риёдга таэквондо бўйича тренерликка таклиф қилишади. У Kun.uzʼга арабларни қандай чемпион қилгани, Саудиядаги ҳаёт ва яшашнинг ўзи хос жиҳатлари ҳақида ҳикоя қилиб берди.

Фото: Яҳё Ҳусанбоевнинг шахсий архивидан

Болаликдан спортга қизиқиб, спортчи бўлишни орзу қилган Яҳё Ҳусанбоев маълум сабабларга кўра, травма олиб спортчиликдан кетишга мажбур бўлади. Унинг мураббийлик ҳаёти шу ерда бошланади. Ҳозир Ўзбекистон таэквондо федерациясида Назаралиев тим-клубида мураббийлик қилади. 

Мураббийликни қандай бошлагани ҳақида

– Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ тумани Чангтепа маҳалласида туғилганман. Ёшликдан боксга қизиқиб, уйда ўзим мустақил шуғулланиб юрардим. Мактабни битириб, Тошкент шаҳрига келганман. 2012 йилдан бери таэквондо билан шуғулланиб келаман. 2014-15 йилларда шаҳар босқичларида чемпион бўлганман.

Фото: Яҳё Ҳусанбоевнинг шахсий архивидан

2017 йилда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтига ўқишга кирдим. Шу орада травмалар олиб, спортчиликни тугатиб, тренерликка ўтишимга тўғри келган. Тренерликни бошлаганимдан кейин асосий мақсадим ўқишни тугатгунимча Ўзбекистон чемпиони чиқариш эди. Ўқишни тугатмасимданоқ бу орзум амалга ошди. 1-курсни битиргунча шогирдларим орасидан Омина Эргашева таэквондо бўйича Ўзбекистон чемпиони бўлди.  

4-курсни битиргунча ўз устимизда тинмай ишладик, 10га яқин чемпион чиқардик. Бунда бизга устозимиз Назарали Муҳаммад Масъумнинг қўллаб-қувватлови ёрдам берди. 

Фото: Яҳё Ҳусанбоевнинг шахсий архивидан

Саудияга кетиш

– 2021 йилнинг июн ойида Саудия Арабистони Ар-Риёд шаҳрининг Аш-Шабоб клуби билан шартнома қилиб кетганмиз. Асосан кичик ёш 7–11 ёшлиларни шуғуллантиришимиз керак эди. Чунки уларда охирги 5–6 йилнинг ичида кичик ёшдагилар орасидан чемпион бўлмаган экан. Бошида 3 ойга шартнома қилгандик, лекин бориб ишлагандан кейин иш услубимиз уларга ёқиб қолиб, 1 йилдан ортиқроққа олиб қолишди.

Бошланишида Ар-Риёднинг ўзидаги саралашда 2-ўринни, кейин яна бошқа мусобақаларда қатнашиб ҳам яхши натижа кўрсатдик. Энг муҳими, асосий таэквондо бўйича ўтказиладиган Саудия мусобақасида шогирдларимиз чемпион бўлди.

Катта ёшлилар орасида тайёрлаган шогирдларимиз 6та мусобақада қатнашиб, шуларнинг 4тасида чемпионликка эришди. 

Фото: Яҳё Ҳусанбоевнинг шахсий архивидан

«Уларга иш услубимиз ёқди»

– Ар-Риёдга Аброр исмли ҳамкасбим билан боргандик. Иккаламиз биргалашиб болаларни шуғуллантирардик, улардан кўпроқ нарса талаб қилардик. Арабларга айнан шу нарса, ишлаш услубимиз, талабчанлигимиз ёқди ва шу сабаб бизни узоқроқ вақтга олиб қолишди, деб ўйлайман. Чунки Саудия Арабистонида болаларга енгиллик кўп. Уларнинг ўз хизматкорлари, ҳайдовчилари бор. Шу сабаблими болалар шуғулланишга дангасалик қилишади. Биз эса улардан кўпроқ шуғулланишини талаб қилаверардик.

Бошида болалар билан ишлашга қийналдик, улар машғулотларга келишмасди, анча эркароқ эдилар. Шу жиҳатдан йўлимизга тушириб олишимиз қийин бўлди. Лекин уддалай олдик, деб ўйлайман.

Биз Ўзбекистонда ҳам нафақат каттароқ ёшдаги, балки кичик болаларга ҳам кўп талаб қўямиз. Чунки ота-оналар болаларини спортга бериб, ҳам вақт, ҳам маблағ ажратади. Биз буни оқламасак бўлмайди. Шунинг учун улардан ҳамма машғулотларда қатнашиш, кўпроқ шуғулланиш талаб қилинади. Чунки бола мусобақага қанча кўп борса, шунча юқори натижа кўрсатади. 

Фото: Яҳё Ҳусанбоевнинг шахсий архивидан

«Саудияликлар жуда хотиржам, ҳеч нимага шошишмайди»

– Риёдга ёз ойида боргандик. Саудиянинг иссиқ экани ҳақида ҳам эшитгандик. Лекин ҳарорат биз кутгандан ҳам юқори экан. Ҳамма жойда кондиционер ёқилган туради. Қиши эса жуда қаттиқ совуқ бўлади. Ёғингарчилик бўлмасдан фақат қуруқ совуқ ва шамол бўлади.

Кичик дўконлари куннинг иссиқлиги ҳисобигами, ишини тушдан кейин бошлашаркан. Ўзбекистонни жаннатмакон деб айтишгани сабабини Саудияга бориб билдим. Риёд шаҳрида эътиборимни тортган нарса у ерда умуман ариқ кўрмадим. Сувлар қудуқ ёки махсус машиналарда бўлади. Сув озроқ муаммо.

Одамлари ўзига жуда тўқ. Арабларнинг ўзи оддий ишда ишламайди. Ҳаммасининг хизматчиси бор. Шу билан бирга араблар жуда хотиржам, ҳеч нимага шошмайди. Жуда меҳмондўст халқ. Ўзига яқин олган одамига жуда катта эҳтиром кўрсатади. Саудияда қайси соҳада бўлишидан қатъи назар, устозни отасидек кўриб эъзозлашади. 

Фото: Яҳё Ҳусанбоевнинг шахсий архивидан

Арабларнинг ибодатга муносабати ҳақида

– Арабларнинг ибодатга бўлган меҳри ҳам мени ҳайратлантирди. Намоз вақти бўлиб қолса, қандай мусобақа давом этаётганидан қатъи назар, тўхтатилади. Бундай ҳолатни бозорда ҳам кўрдим. Ибодат вақтида савдони ўртасидан тўхтатиб, дўконини ёпиб кетишади.

Спортга жуда оддий қарашади. Уларда спортга интилиш унақа зўр эмас. Бунинг ўрнига араблар ўқишга асосий эътибор қаратган. Спортга соғлом бўлиб улғайиши учун беришади.

Яна бир жиҳатни айтмоқчиман. Саудияда Ўзбекистонданмиз десак, танимасликлари мумкин, лекин Бухорийнинг юртиданман десак, дарров танишади. Бошқача ҳурмат-эҳтиром кўрсатишади. 

Фото: Яҳё Ҳусанбоевнинг шахсий архивидан

«Ишингизнинг устаси бўлсангиз, Ўзбекистонда ҳам етарли пул топса бўлади»

Саудияда ойлик маошлар юқори. Бизга ҳам ёмон тўлашмади. Лекин касбингизнинг устаси бўлсангиз, ўзингизнинг юртингизда ҳам етарлича пул топа оласиз, деб ўйлайман. Бунинг давлатга унча алоқаси йўқ мен учун.

Ота-оналар болалари неча ёшдан спортга бориши борасида ҳам кўп сўрашади. Ўз тажрибамдан келиб чиқиб, айрим тавсияларни бермоқчиман. Бола спортни жиддий қабул қилишни 6–7 ёшдан бошлайди. Лекин 4–5 ёшдан спортга берилса, спортни эртароқ тушуниб, олиб кетиши осон бўлади. Тўғри, бу ёшда бола зўр тепмаслиги мумкин, лекин кичик ёшдан кўриб, мураббийларидан кўпроқ нарса эшитгани сари сабоқлар болалар миясида қолиб, уларни тезроқ амалиётда қўллайди. 8–9 ёшдан бошлаб бола профессионал шуғулланишни бошлайди.

Зуҳра Абдуҳалимова суҳбатлашди.

Мавзуга оид