Спорт | 20:07 / 08.08.2024
6543
2 дақиқада ўқилади

Улуғбек Рашитов Олимпиада финалига чиқди

Бу унинг фаолиятида кетма-кет иккинчи олимпиада финали.

Фото: Миллий олимпия қўмитаси

Париж Олимпиадасида таэквондо бўйича баҳслар давом этмоқда.

-68 кг вазнда Токио Олимпиадаси чемпиони Улуғбек Рашитов яримфиналда испаниялик Хавер Пересга қарши жанг қилди. Қийин баҳсда ўзбекистонлик 22 ёшли спортчи жароҳат олганига қарамай, охиригача курашди ва ғалабага эришди (7:3, 3:3).

Олимпиадага жаҳон рейтинги етакчиси сифатида ташриф буюрган Улуғбек Рашитов турнирдаги иштирокини ҳонгконглик Ло Ваи Фунгни мағлуб этиш (12:0, 9:2) билан бошлаганди, чоракфиналда эса хитойлик жаҳон чемпиони Лян Ю Шуадан ҳам устун келди (2:1, 9:2).

Рашитовнинг навбатдаги рақиби жаҳон рейтингида 6-ўринда турган иорданиялик Заид Карим бўлади, у яримфиналда 2-рақамли Бредли Синден (Буюк Британия) устидан қийин ғалабага эришди - 2:1 (1:2, 4:2, 10:2). Олтин учун ҳал қилувчи жанг Тошкент вақти билан 9 августга ўтар кечаси, соат 00:19 да бошланиши белгиланган.

Маълумот учун, Париждаги олимпия ўйинларига Ўзбекистон таэквондочилар жамоаси беш нафар спортчи билан ташриф буюрган.

9–10 август кунларидаги баҳсларда қуйидаги таэквондочилар баҳсларга қўшилади: 

–80 кг: Жасурбек Жайсунов — Мерҳан Барҳордари (Эрон)

+80 кг: Никита Рафалович — Ариан Салими (Эрон)

+67 кг: Светлана Осипова — Астан Катерине Феге (Кот-д'Ивуар)

–67 кг: Озода Собиржонова — Александра Перишич (Сербия)

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид