Мирзиёев Франциянинг етакчи компания ва банк раҳбарлари билан учрашди
21 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Францияга расмий ташрифи доирасида, Париж шаҳрида етакчи компаниялар ва молиявий тузилмалар раҳбарлари билан учрашув ўтказди.
Тадбирда «MEDEF» Франция корхоналари ҳаракати бош директори Филипп Готье, «Airbus», «Orano», «Suez», «Alstom», «Total Eren», «EDF», «Schneider Electric», «Natixis» каби 20 тага яқин йирик компания ва банклар раҳбарлари иштирок этди.
Мирзиёев учрашув иштирокчиларини қутлаб, расмий ташрифнинг биринчи кунидаги тадбирлар ишбилармонлик масалаларига бағишланганига эътибор қаратди.
– Бу Ўзбекистоннинг муҳим ва ишончли ҳамкоримиз – Франция билан иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга интилиши қатъийлигидан яна бир бор далолат беради, – деди давлат раҳбари.
Президент Ўзбекистонда хорижий инвесторлар учун кенг имкониятлар яратилганини таъкидлади. Жумладан, валюта бозори эркинлаштирилди, фойдани репатриация қилишга барча чекловлар бекор қилинди, банклар, йирик саноат ва инфратузилма объектларини хусусийлаштириш дастури бошланди, давлат-хусусий шериклик механизмлари фаол жорий қилинмоқда. Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясига мувофиқ тадбиркорликни янада рағбатлантириш, сармоядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мулк дахлсизлигини таъминлаш ва бошқа йўналишларда аниқ чоралар амалга оширилмоқда.
- Ҳар бир инвестор Ўзбекистон деганда, энг аввало, барқарорлик ва келажакка ишончни тасаввур қилишига интиляпмиз, - деди Шавкат Мирзиёев.
Президент жаҳондаги бугунги беқарорлик шароитида манфаатларни ҳисобга олиш ва ўзаро ишончга асосланган кўп қиррали ва конструктив шерикликни ривожлантириш тобора муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади. Шунингдек, Франция бизнесининг Ўзбекистон бозорига чиқиши учун катта истиқболлар очилаётгани, Ўзбекистоннинг жозибадорлиги Марказий Осиёда аҳоли сони бўйича энг йирик давлатлиги, маҳсулотлар МДҲ улкан бозорига божсиз етказиб берилаётгани билан ҳам изоҳланишини қайд этди.
Ўзбекистон франциялик тадбиркорларни ишлаб чиқариш учун зарур инфратузилма билан таъминлаш, имтиёзлар ва кафолатланган харидлар кўринишида қўллаб-қувватлаш ва бошқа кўмак чораларини тақдим этишга тайёр экани таъкидланди.
Президент Шавкат Мирзиёев юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш, «яшил» энергетика, озиқ-овқат саноати, кимё ва автомобилсозлик, электротехника ва электроника тармоқлари, соғлиқни сақлаш соҳасини узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун энг истиқболли йўналишлар сифатида қайд этди.
Шерикликни кенгайтириш режалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Франция ишбилармон доиралари вакиллари ўз чиқишларида Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларни юқори баҳолади ва қайси аниқ лойиҳаларни амалга ошириш ниятида эканини баён қилди.
Шавкат Мирзиёев Франция бизнес делегациясининг ҳар бир аъзоси билан суҳбатлашиб, Ўзбекистон инвестиция киритиш учун энг қулай жой эканига ишонч ҳосил қилиш учун тадбиркорларни мамлакатимизга таклиф қилди.
Учрашув якунида Ўзбекистоннинг масъул раҳбарларига тадбирда билдирилган барча ташаббусларни ўз ичига олган ҳамда уларни амалга ошириш механизмлари, аниқ муддатлари ва ижрочилари кўрсатилган амалий чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш топширилди.
Мавзуга оид
12:40 / 19.11.2024
2025 йилда туман ва шаҳарлар бюджетлари 1,5 баробарга ошади
12:27 / 19.11.2024
Маҳаллий кенгашлар ҳар ярим йилда матбуот анжумани ўтказиши керак — президент
12:11 / 19.11.2024
Президент янги сайланган сенаторларнинг фаол бўлишига ишонч билдирди
11:04 / 19.11.2024