Туркия Курдистон ишчи партиясини қўллаб-қувватлагани учун Швецияга норозилик билдирди
Швеция элчиси Туркия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилиб, унга Туркиянинг Стокҳолмдаги дипломатик миссияси биносида Эрдўғанни ҳақорат қилгани айтилган фотопроекция муносабати билан норозилик билдирилган.
Швеция элчиси Стаффан Ҳеррстрём Туркия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди ва унга 21 ноябрь, душанба куни эрталаб «Туркиянинг Стокҳолмдаги элчихонасига қарши провокация» билан боғлиқ норозилик билдирилди, дея хабар бермоқда Туркиянинг Anadolu агентлиги дипломатик манбалар маълумотига таяниб.
Уларнинг сўзларига кўра, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғанга нисбатан ҳақоратларни ва «террорчилик ташвиқоти»ни ўз ичига олган фотосуратлар Стокҳолмдаги Туркия элчихонаси биносига проекция қилинган. Туркияда ушбу ҳаракат учун жавобгарлик мамлакатда тақиқланган Курдистон Ишчи партияси (КИП) тарафдорлари зиммасига юкланди.
Куннинг бошида Швециянинг Рожава билан бирдамлик қўмитаси (Rojavakommittéerna) Twitter микроблогида бир дақиқадан кўпроқ давом этган акция видеосини эълон қилди, у ерда тунда бино деворига фотослайдлар проекция қилингани ва курд фаолларининг суратлари акс этгани кўринади. Шунингдек, Туркия президентининг юзи ҳам пайдо бўлган.
Видеонинг аннотациясида айтилишича, акция «Эрдўғаннинг сўз эркинлиги ва ҳуқуқларга давом этаётган ҳужумлари, шунингдек, Туркиянинг курд халқига қарши давом этаётган террори» муносабати билан амалга оширилган.
Рожава Сурия шимолидаги ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган курд автоном вилояти бўлиб, Сурия ва Ироқда ИШИД гуруҳига қарши курашган «Халқ ҳимояси отрядлари» (YPG) курд жангарилари томонидан амалда назорат қилинади. Анқара YPG'ни террорчилик ташкилотлари рўйхатига киритилган КИПнинг жангари қаноти деб билади.
Аввалроқ, Швеция Финландия билан биргаликда Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши фонида НАТОга қўшилиш ниятини эълон қилган эди. Туркия бунга дастлаб эътироз билдирган, бироқ 28 июнь куни Анқара Стокҳолм ва Ҳелсинкининг НАТО аъзолигига интилишларини қўллаб-қувватлашга ваъда берган қўшма меморандум имзолаган эди.
Туркия томонига кўра, шимолий Европанинг икки давлати унинг қатор асосий талабларига рози бўлган, жумладан Ҳелсинки ва Стокҳолм тақиқланган КИП ва унинг иттифоқчиларига қарши курашда «тўлиқ ҳамкорлик» ваъда қилган.
Мавзуга оид
22:14 / 19.11.2024
Швеция прокуратураси Болтиқ денгизи тубидан ўтган кабелларга шикаст етказилишини қўпорувчилик деб баҳолади
22:40 / 05.11.2024
Мудофаа «яшил энергетика»га қарши: Швеция 13 та шамол генератори қурилишига рухсат бермади
21:59 / 02.11.2024
Швецияда ноқонуний мигрантларга қарши кураш кучайтирилади
08:00 / 16.10.2024