Ўзбекистон | 13:09 / 27.11.2022
31161
9 дақиқада ўқилади

Истанбулдаги “Сулаймония” масжиди битгач, унинг меъмори Синон нега меҳробда чилим чекиб кўрган?

Меҳмонга борганда хона ичида мезбоннинг изнисиз фақат бир ишга рухсат берилади – қайси ишга? Табака қайси халқнинг миллий таоми ҳисобланади? – “Заковат” телеўйини кузги мавсумининг тўртинчи ўйинидан репортаж.

Фото: Заковат

Кузги мавсумнинг тўртинчи ўйинида Жобир Аҳмедов жамоаси иштирок этади.

Жамоа аъзолари (чапдан ўнгга):

  • Темур Мирзаев – туризм эксперти;
  • Ҳаётилла Раҳмонов – алоқачи;
  • Жобир Аҳмедов – шифокор (жамоа сардори);
  • Хушнуд Худойбердиев – ҳуқуқшунос;
  • Рушана Ражабова – филолог;
  • Умид Наримов – файласуф.

Тажрибали жамоа иштирокидаги ўйиннинг 1-раундида Ҳанс Кристиан Андерсеннинг дафн маросими ҳақида савол ўйналди. Андерсен нега ўзининг дафн маросимига ритми тез мусиқа буюртма бергани ҳақидаги саволга жамоа муддатидан олдин жавоб берди ва ўйинни ишончли тарзда бошлади. Ҳисоб – 1:0.

2-раундда қизиқарли миллий савол тушди. Хива хони Элтузархон пўлатдан пишиқ қилич ясашда нима иш қилгани ҳақидаги қийин саволга ҳам тўғри жавоб берилди ва ҳисоб 2:0 кўринишига келди.

Кейинги раунд саволи Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг “Ижтимоий одоблар” китобида ёзилган меҳмондорчилик одоблари ҳақида бўлди. Меҳмонга борганда хона ичида мезбоннинг изнисиз нима иш қилишга рухсат берилгани ҳақидаги саволга ҳам жамоа муддатидан олдин жавоб берди. Ҳисоб – 3:0.

4-раундда жамоага блиц саволлари тушди. Грузин таомлари ҳақидаги қизиқарли саволларнинг барчасига жамоа қизғин муҳокама юритган ҳолда тўғри жавоб бера олди. Шу тариқа ҳисоб йирик кўринишга келди – 4:0.

Жамоа ўйинидан шу нарса ойдинлашдики, ушбу ўйинга жамоа жанговар шай ҳолатда етиб келган ва унча-мунча савол билан жамоани тўхтатиш қийинга ўхшамоқда.

5-раундга келиб ҳам вазият ўзгармади. XIX асрда Лондон полицияси биносида полициячилар жиноятчини нима иш қилишга мажбурлаётгани ҳақидаги расмли саволга ҳам қийинчиликсиз тўғри жавоб топилди. Ҳисоб – 5:0.

Бу кетишда телетомошабинлар ўйинни бирор очкосиз якунлайдиганга ўхшайди.

Навбатдаги раундда Усмонли турклар султони Сулаймон даврида машҳур бўлган меъмор Синон ҳақида савол ўйналди. “Сулаймония” масжиди қурилганидан сўнг тажрибали меъмор нима учун масжид меҳробида чилим чекиб кўргани ҳақидаги саволга ҳам жамоа тўғри жавоб берди. Ҳисоб – 6:0.

Шундай қилиб, “Заковат” тарихида камдан кам учрайдиган ҳолат юз берди – жамоа ва-банксиз 6:0 ҳисобидаги ғалабага эришди. Шунчаки фантастик натижа!

Бундай чиройли ғалабадан сўнг Жобир Аҳмедов жамоаси мавсум финали учун асосий номзодга айланди. Олдинда бизни мавсумнинг сўнгги ўйини – Нодира Турғунова етакчилигидаги қизлар жамоасининг иштироки кутиб турибди.

Ўйин стенограммаси билан қуйида танишиб чиқишингиз мумкин.

1-раунд. Савол муаллифи — Адҳам Қўзибоев, Нуробод тумани.

Бошловчи: Ҳанс Кристиан Андерсен ўлимидан бироз олдин таниш бастакорига ўзининг дафн маросими учун махсус мусиқа буюртма қилади. Мусиқа тайёр бўлгач, эшитиб кўриб: “Жуда оғир экан, бироз енгиллаштиринг, ритмини сал тезроқ қилинг”, — деган таклифни беради.

Диққат савол: Нега ритмини ўзгартириш унга керак бўлади?

Жамоа муддатидан олдин жавоб беради.

Жавобни Ҳаётилла Раҳмонов беради: Чунки Ҳанс Кристиан Андерсенни асосан, болалар яхши кўрган ва дафн маросимида ёш болалар иштирок этиши кўзда тутилган. Уларнинг қадамига мос тушиши учун ритмни тезлаштиришга буюртма берган.

Жамоа тўғри жавоб берди!

Ҳисоб: 1-0

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

2-раунд. Савол муаллифи – Тўхтажон Худойбергенова, Урганч шаҳри

Бошловчи: Хива хонлиги тарихидан маълумки, Хива хонларининг ўзларининг севимли ҳоббилари бўлган экан. Масалан, Абулғози Баҳодирхон табибликка, Муҳаммад Раҳимхон шахмат ўйнашга қизиққан, Анушахон миробликка ва ҳоказо. Элтузархон темирчиликни ихтиёр этиб, сифатли қиличлар ясаган. Унинг қилич ясаш методи жуда ғаройиб бўлган. Қиличларни пишиқ қилиш учун дастлаб пўлатни майда-майда бўлакларга бўлган, кейин шундай бир кутилмаган иш қилганки, бунинг учун Элтузархон уларнинг ёрдамидан фойдаланган. Бир қилични ясаш учун бир ҳафта, ўн кун вақт кетган. 

Диққат савол: Нималар ёрдамида қилич мустаҳкамлигига эришилган?

Жавобни Жобир Аҳмедов беради: Майда бўлакларга бўлгандан кейин товуқларга берган, товуқ ошқозонида қайта ишлов берган.

Тўғри жавоб: Бунинг учун унга пишиқ пўлат зарур бўлган. У оддий пўлатни майдалаб, уларга едирган кейин уларнинг ичида ишловдан ўтган пўлатни тўплаб ажратиб олган. Уни обдан тозалаб, қайтадан эритиб, сўнгра ишлов бериб, қилич ясаган. У майдаланган пўлатни товуққа едирган.

Жамоа тўғри жавоб берди!

Ҳисоб: 2-0

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

3-раунд. Савол муаллифи – Самандар Нуралиев, Тошкент шаҳри

Бошловчи: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг “Ижтимоий одоблар” китобида ўзбек меҳмондорчилик одоблари ҳақида ёзилган. Масалан, меҳмонга борганда уй эгаси кўрсатган жойда ўтириш, тортилган таомларни мақтаб, иштаҳа билан егандек бўлиш. Меҳмон мезбон ташқарига чиққанда ўрнидан турмаслиги ҳақида ҳам маълумот берилган. Фақат бир ҳолатда ўтирган жойидан туриб хонада юришлари мумкин бўлар экан.

Диққат савол: Бундай ҳолатда меҳмонга хона ичида одобсизлик қилиш учун нима ишга рухсат берилган?

Жамоа муддатидан олдин жавоб беради.

Жавобни Хушнуд Худойбердиев беради: Агар хонада китоб бўлса, ўша китобни кўриш, варақлаш, ўқиб кўриш учун ўрнидан туришга рухсат берилади.

Жамоа тўғри жавоб берди!

Ҳисоб: 3-0

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

4-раунд. Блиц савол. Саволлар муаллифи – Ҳамидулла Ҳожиев, Каттақўрғон тумани

Бошловчи:

1-Савол: Японларнинг энг севимли шўрваси номи – мисо, французларники – буябес, украинларники – борш, гаспачо – испанларники.

Диққат савол: Харчо қайси миллатнинг миллий таоми?

Жавобни Темур Мирзаев беради: Грузинларнинг таоми.

Жамоа тўғри жавоб берди!

2-Савол: Грузинларнинг энг машҳур таомларидан биттаси – хачапури. Унинг учун асосан, ун, тухум, сариёғ ва яна нимадир қўшилади.

Диққат савол: Яна нима қўшилади?

Жавобни Ҳаётилла Раҳмонов беради: Пишлоқ

Жамоа тўғри жавоб берди!

3-Савол: Яна бир грузин миллий таоми бор. Уни бутун дунёда севиб истеъмол қилишади, шу жумладан, бизда ҳам. Бу таом грузинларники эканини кўпчилик билмайди, биз ҳам билмаймиз. Фақат унинг номида биздаги номи билан грузинлардаги номида бир ҳарф ўзгарган холос.

Диққат савол: Бу қайси таом?

Жавобни Жобир Аҳмедов беради: Табака

Жамоа тўғри жавоб берди!

Ҳисоб: 4-0

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

5-раунд. Савол муаллифи — Диёрбек Мамарасулов, Фарғона шаҳри

Бошловчи: Диққат, эътиборингизни экранга қаратинг.

Диққат савол: XIX асрда Лондон полицияси биносида полициячилар жиноятчини нега бундай мажбурлаяпти?  

Жавобни Хушнуд Худойбердиев беради: Полициячилар жиноятчини расмга олиш учун мажбурлашяпти. Ўша даврда расмга олиш янгилик бўлгани сабаб жиноятчи ҳам қўрққан бўлиши мумкин.

Жамоа тўғри жавоб берди!

Ҳисоб: 5-0

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

6-раунд. Савол муаллифи — Жамшид Раҳмонов, Тўрақўрғон тумани

Бошловчи: Султон Сулаймон даврида Синон деган кучли меъмор бўлган. У “Сулаймония” масжидини қуриб тугатгач, меҳробга чиқиб чилим чекаётгани ҳақида султонга хабар етказишади. Уни султон олдига олиб боришади, нега бу иш қилгани сўралади ва ўз қилган ишини изоҳлайди. Вазиятни тушунтиргач, султон уни тушунади.  

Диққат савол: Меъмор нега чилим чеккан?

Жавобни Хушнуд Худойбердиев беради: Меъмор Синон ҳақиқий эмас, сув билан чилим чеккан. Чилим чекканда ғулдираган овоз чиқади, у шу орқали ўзи қурган бино акустикасини текширмоқчи бўлган. 

Жамоа тўғри жавоб берди.

Ҳисоб: 6-0

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

Энг яхши савол муаллифи – Тўхтажон Худойбергенова. Қилич тайёрлаш сири ҳақидаги саволи учун Тўхтажон Худойбергенова 5 млн сўм пул мукофотини қўлга киритди.

Ўйиннинг энг фаол билимдони – Жобир Аҳмедов. Жобир Аҳмедов 5 млн сўм пул мукофотини қўлга киритди.

Қуйида ўйиннинг тўлиқ видеосини томоша қилишингиз мумкин:

Мавзуга оид