Жамият | 21:36 / 28.11.2022
37295
4 дақиқада ўқилади

Саҳронинг чинакам мўъжизаси: Қатар «кислород парк»ига саёҳат

Қатарни мўъжизавий давлат деб аташ мумкин. Саҳро ўртасидаги кичик давлатда бундай чиройли биноларни қуриш, дунёнинг энг зўр мусобақасини ўтказиш катта иш. Аммо Қатарнинг ҳақиқий мўъжизаси унинг бинолари дейишга шошилманг, Доҳада шундай жой борки, у ҳар қандай осмонўпар бинодан ҳам мўъжизалироқ.

Доҳадаги «Education City» стадиони мундиални қабул қилаётган ареналардан бири. Стадион худди шу номли майдонда жойлашган. «Education City» – таълим шаҳарчаси Тошкентдаги талабалар шаҳарчасига ўхшаган жой: атрофда олийгоҳлар, талабалар дарс қилиши учун очиқ майдонлар ва Қатар миллий кутубхонаси бор.

Бу талабалар шаҳарчаси Доҳанинг бошқа ерларига қараганда анча баҳаво, чунки атрофда жуда кўп дарахтлар, яшил ҳудудлар бор. Стадионга етиб бориш ҳам осон: у метро бўйида жойлашган. Метро юрмайдиган томондан эса трамвайда етиб олиш мумкин. Ҳа, Қатарда трамвай ҳам юради.

Айнан трамвай орқали бир бекат нарига юрсангиз, «Oxygen park» номли ажойиб жойга кўз тушади. Бекат номи ҳам шундай. Хиёбонга киришингиз билан юзингизга салқинлик урилади ва унинг номи бежиз «кислород парк» эмаслигига амин бўласиз.

Боғ майдони 13 гектар бўлиб, Қатар миллий кутубхонаси ва «Education City» масжиди ўртасида жойлашган. Машинада борсангиз, катта автотураргоҳ бор. Оилавий бориш учун жуда қулай жой, шу сабаб Доҳанинг бошқа ерларида кўп ҳам учрайвермайдиган маҳаллий арабларни «кислород парк»да пикник қилиб ўтирган ҳолатда кўриш одатий ҳол.

Атрофда болалар ўйнаши учун футбол майдонига ўхшатиб ажойиб чим ётқизилган, унинг сифати унча-мунча майдонларникидан қолишмайди. Спорт билан шуғулланиш учун боғда шароит зўр: югуриш йўлаклари, турли майдонлар, велойўлак бор.

Футбол кўришга мўлжалланган катта экран ҳам ўрнатилган, яқин ўртада бўлиб, футболни қаерда кўриш ҳақида ўйлаётган бўлсангиз, шу очиқ кинотеатрда мундиал баҳсларини томоша қилиш мумкин. Бошқа вақтда бу ҳудуд амфитеатр вазифасини ҳам бажаради. Шунингдек, боғ ҳудудида турли фавворалар, ҳаво шари кўринишидаги ёриткичлар, ноодатий шаклдаги ландшафтларга кўз тушади.

«Oxygen park» 2019 йилда очилган. Араб оламининг энг бой фондларидан бўлмиш «Qatar Foundation» молиялаштирган ушбу лойиҳа устида ландшафт архитектураси бўйича мутахассислар Эрик Беренс ва Жеймс Ҳейг ишлаган.

Парк қурилишида қоялар орасидан шамол айланиб юриши ёқимли шабада келтириб чиқариши ҳисобга олинган. Шу сабаб унинг атрофи тошлар билан баланд қилиб ўралган. Шамол кирадиган жойлар чиройли безалиб, бир вақтнинг ўзида одамлар ўтадиган жойларга айлантирилган. Шамол айланиши учун девор-қоялар қабариқ қилиб қурилган. Архитекторларнинг бу ишлари чиндан ўз самарасини берган, боғ тепасида унча сезилмайдиган шабадани пастга тушгач яққол ҳис қиласиз.

2019 йил декабр ойидан бошлаб душанба кунлари кечқурун «кислород парк»га фақат аёллар киритилиши белгилаб қўйилган. Жаҳон чемпионати вақтида бу тартибга истисно қилиб турилади. Худди Қатардаги бошқа тартиблар билан бўлгани каби. Масалан, Доҳа метроси вагонларига «Standart» деб ёзиб қўйилганини кўриб кўпчилик ҳайрон қолаётган бўлиши мумкин. Чунки одатий вақтда вагонлар «Оилавий», «Аёллар учун» каби ёзувлар билан тавсифланади. ЖЧ вақтида эса одам жуда кўп, бу тартибларни амалга ошириш имконсиз.

Хуллас, Қатарнинг энг чиройли, тинч жойларидан бирини ўзи учун кашф қилмоқчи бўлганлар, албатта «Oxygen park»га бориши керак.

Ўткир Жалолхонов, Қатар.

Мавзуга оид