Санкцияларни бузиш «Европа Иттифоқидаги жиноятлар» рўйхатига киритилди
Брюсселнинг чеклов чораларини бузиш «Европа Иттифоқидаги жиноятлар» рўйхатига киритилди. Ушбу чора санкцияларни четлаб ўтишга уринишларни чеклашга қаратилган.
Европа Иттифоқи Кенгаши Брюссел чеклов чораларининг бузилишини «Европа Иттифоқидаги жиноятлар» рўйхатига киритди. Бу ҳақда 28 ноябрь, душанба куни Кенгаш матбуот хизмати хабар берди. Унда таъкидланишича, бу чора «Европа Иттифоқи бўйлаб бир хил даражада санкциялар қўлланилишини таъминлаш ва ЕИ чораларини четлаб ўтиш ёки бузишга уринишларни бостиришга қаратилган икки қадамнинг биринчисидир».
Европа Иттифоқининг фаолияти тўғрисидаги Шартномада кўрсатилганидек, Европа Парламенти ва Европа Иттифоқи Кенгаши трансчегаравий ўлчовга эга бўлган ўта оғир жиноятлар билан боғлиқ соҳаларда жиноий ҳуқуқбузарликлар ва санкцияларни белгилаш билан боғлиқ минимал қоидаларни ўрнатиши мумкин.
Россиянинг Украинага бостириб кириши туфайли ЕИ аллақачон Россия Федерациясига қарши саккизта санкция пакетини жорий қилган. «Уларнинг муваффақияти биргаликдаги саъй-ҳаракатларни талаб қилади ва бугунги қарор бу чораларни четлаб ўтишга бўлган ҳар қандай уринишлар тўхтатилишини таъминлаш учун муҳим воситадир», деди Чехия адлия вазири Павел Блажек.
Ҳозирги вақтда Европа Иттифоқига аъзо давлатлар чеклов чораларидан четга чиқиш нима эканлигини ва улар бузилган тақдирда қандай жазо чораларини қўллаш кераклигини турли йўллар билан белгилайдилар. Бу турли даражадаги санкцияларни қўллаш ва ушбу чораларни четлаб ўтиш хавфига олиб келиши мумкин, натижада қора рўйхатга киритилган шахсларга ўз активларидан фойдаланишни давом эттириш ва Европа Иттифоқи чоралари жорий этилган режимларни қўллаб-қувватлаш имконини беради.
Кейинги қадам, Европа Комиссияси томонидан жиноий ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва Европа Иттифоқининг чеклов чораларини бузганлик учун жазолар бўйича минимал қоидалар билан директивага оид таклифларни тақдим этиш бўлиши керак. Кейин ушбу директива лойиҳаси Европа Иттифоқи Кенгаши ва Европа Парламенти томонидан муҳокамадан ўтиши ҳамда қабул қилиниши керак.
Аввалроқ, 24 ноябрь куни Европа Иттифоқи Украинага қуролли бостириб кириши сабабли Россияга қарши янги, тўққизинчи санкциялар пакетини тайёрлашни тезлаштираётгани маълум бўлган эди. «Биз Россия Федерациясининг Украинага қарши уруш олиб бораётган кучларини янада барбод қилиш учун қаттиқ ишлаяпмиз», деди Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен Финландияга ташрифи чоғида.
«Ишончим комилки, яқин орада биз G7 ва бошқа йирик ҳамкорлар билан Россия нефтига глобал нарх чегарасини жорий этиш бўйича келишиб оламиз. Украина Путин ва унинг адолатсиз, ваҳший урушини мағлуб қилмагунча тинчланмаймиз», - деди у.
Россия Федерациясига қарши саккизинчи санкциялар пакети, жумладан, экспорт ва импорт чекловлари, россияликлар учун крипто-ҳамёнларни тақиқлаш, шунингдек, бир қатор бошқа чораларни ўз ичига олади.
Бунгача Европа Иттифоқи Россия олтинининг импортини тақиқлаган, илғор технологиялар ва икки мақсадли маҳсулотлар экспорти устидан назоратни кучайтирган, Россияга қарши қаттиқ молиявий санкциялар, йирик нефть эмбаргосини қўллаб, Россия кўмирини олиб киришни тақиқлаганди.
Мавзуга оид
18:56 / 19.11.2024
ЕИ Хитой компанияларидан ишлаб чиқаришларини Европага жойлаштиришни талаб қилади
11:54 / 19.11.2024
Британия РФга қурол етказиб бергани учун Эронга қарши санкциялар киритди
10:05 / 17.11.2024
Трампнинг қайтиши: Украина масаласида АҚШ ва Европанинг позицияси бўлинадими?
20:17 / 16.11.2024