Жаҳон | 20:17
2645
3 дақиқада ўқилади

Санкциялар Россиянинг йирик газ лойиҳасини чўктириб юбормоқда — ОАВ

Ғарб санкциялари Россия газ саноатининг флагман лойиҳаси – “Арктик СТГ-2” реализациясини қийинлаштириб юборди. Бу лойиҳа 2022 йилда Европага асосий газ қувури ёпилганидан кейин экспортдан келадиган даромадларнинг янги манбайи бўлиши керак эди. Лекин махсус кемаларнинг етишмаслиги ва харидор топилмаётгани сабаб лойиҳа вақтинча тўхтатилди.

Фото: IMAGO / ТАСС

Россияга нисбатан жорий этилган санкциялар мамлакат газ саноатидаги энг йирик лойиҳалардан бири “Арктик СТГ-2”ни амалга оширишга жиддий тўсиқ бўлмоқда, деб хабар беради The Economist.

“Арктик СТГ-2” – Россия шимолидаги абадий музликларда жойлашган, суюлтирилган газ ишлаб чиқарувчи улкан инновацион корхона сифатида тақдим этилган. Лойиҳа Арктика шароитида улкан платформалар ташкил этиш орқали газ саноатида янги саҳифа очиши эълон қилинганди. Бу ерда йилига 27 миллиард куб метргача суюлтирилган газ ишлаб чиқарилиши ва Европага газ экспорти қарийб тўхтаган бир шароитда Россия учун экспортдан янги даромад манбайи яратилиши кўзда тутилганди.

Ишлаб чиқарилган суюлтирилган газ Осиё бозорлари ва бошқа қитъаларга сотилиши режаланган. Лекин айнан шу лойиҳага қарши қаратилган мақсадли санкциялар туфайли “Артик СТГ-2” энг муҳим ускуналар, кемалар ва мижозлардан маҳрум бўлди. Ноябр ойида корхонада газ қазиб олиш деярли тўхтаб қолди.

Ишлаб чиқариш линиялари Хитой турбиналарига мослаштирилган бўлса-да, суюлтирилган газни ташиш учун махсус Arc7 музёрар танкерлари етишмаётгани жиддий муаммо бўлмоқда. Бу типдаги кемалардан йилнинг барча мавсумларида фойдаланиш мумкин. Дефицит сабаб “Новатек” компанияси (лойиҳа оператори) фақат ёз мавсумида фойдаланиш учун мўлжалланган эски танкерлардан фойдаланишга мажбур бўлди.

“Новатек” санкцияларни четлаб ўтиш учун ўз маршрути ва эгалари ҳақидаги маълумотларни яширадиган эски танкерлардан иборат “соядаги флот”ни ташкил этди. Лекин бу қарор ҳам тўлиқ ечим бўлмади: ҳозирда танкерларнинг бир қисми Россия қирғоқларида бекор турибди, чунки Ҳиндистон ва Хитой каби Осиёнинг кўплаб мамлакатлари, катта чегирмалар таклиф қилинишига қарамай, Россия суюлтирилган газини сотиб олишга шошилмаяпти. Улар иккиламчи санкциялардан чўчимоқда.

“Арктик СТГ-2" лойиҳасини нишонга олган санкциялар нефт экспортига қўйилган санкцияларга қараганда қаттиқроқ ва назорат қилиш осонроқ бўлиб чиқди. Ғарб мамлакатлари бу санкцияларни четлаб ўтишга қаратилган ҳар қандай уринишни қатъий равишда тўхтатишга интилмоқда, бу эса Россиянинг суюлтирилган табиий газ етказиб беришни кўпайтириш режаларига жиддий тўсқинлик қилмоқда.

Россия бу вазиятдан чиқиш йўлларини қидираётган бўлса-да, лойиҳанинг келажаги ҳамон ноаниқ бўлиб қоляпти. Унинг тақдири келгуси ойларда халқаро майдонда қабул қилинадиган сиёсий қарорларга боғлиқ бўлади.

The Economist'нинг хулоса қилишича, “Арктик СТГ-2” ва бутун Россия газ саноати ноаниқ вазиятда турибди. Санкцияларнинг кучайиши ва харидорлар етишмаслиги Россиянинг бу стратегик муҳим соҳадаги барча экспорт салоҳиятини хавф остига қўйиши мумкин.

Мавзуга оид