07:32 / 01.12.2022
6215

Германия парламенти Голодоморни Украина халқи геноциди сифатида тан олди

Германия парламенти резолюцияси матни 26 ноябрда Украинада нишонланадиган Голодомор қурбонларини хотирлаш куни билан келишилган. Турли партияларнинг немис депутатлари Украинанинг бутун ҳудуди Голодомордан азият чекканини таъкидладилар.

Фото: currenttime.tv

Германия Бундестаги депутатлари 30 ноябрь, чоршанба куни кечқурун Украинадаги Голодоморни украин халқининг геноциди сифатида тан олди. Социал-демократлар, «яшиллар», эркин демократлар ва ХДС/ХСС христиан партиялари вакиллари томонидан ишлаб чиқилган тегишли резолюцияни қўллаб-қувватлаш учун парламент аъзоларининг кўпчилиги овоз берди. Сўл партия фракциялари ва ўнг қанот популистик «Германия учун муқобиллар» партияси овоз беришда бетараф қолди.

«Голодомор тоталитар тизимларнинг мизантропик жиноятлари рўйхатига киради, бунинг натижасида 20-асрнинг биринчи ярмида Европада миллионлаб одамлар ҳалок бўлди. Нафақат ғалла ҳудудлари, балки бутун Украина очликдан азият чекди. Бугунги кун нуқтайи назаридан, бу тарихий ва сиёсий режада геноцид сифатида белгиланиши керак», - дейилади резолюцияда.

Украинанинг Германиядаги элчиси Олексий Макеев Голодомор бўйича Бундестаг резолюциясини «украиналиклар кўп йиллардан бери кутаётган ўта муҳим қарор» деб атади. «Мен ҳам бугун Германия Бундестагидаги барча демократик партиялар ушбу қарор учун овоз берганидан ва бу матн коалиция ёки мухолифат бўлишидан қатъи назар, келишилганидан жуда хурсандман. Чунки бутун Германия Украинани қўллаб-қувватлаши керак», - деди Макеев DW билан суҳбатда. Шу билан бирга, у «бундестагнинг бугун ушбу қарор учун овоз берган ҳар бир аъзосига» ва «бундестаг депутатлари вакили бўлган ҳар бир Германия фуқаросига» миннатдорчилик билдирди.

СССРда Иосиф Сталин ҳукмронлиги даврида амалга оширилган қишлоқ хўжалигини мажбурий коллективлаштириш натижасида 1932-33 йилларда мамлакатда оммавий очарчилик юзага келди, миллионлаб одамлар унинг қурбони бўлди. Украина нуқтайи назаридан, бу фалокат Совет Иттифоқи раҳбарияти томонидан атайлаб қўзғатилган.

Голодомор узоқ вақтдан бери Украина ва Россия ўртасидаги асосий баҳс мавзуси бўлиб келган. Москва Киевнинг йирик очарчилик қурбони фақат украиналиклар бўлган деган фикрини рад этиб, Марказий Осиё ва Россиядаги миллионлаб одамлар ҳам очарчиликдан жабр кўрганини даъво қилади.

Top