Ўзбекистон | 08:40 / 01.12.2022
6018
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва ИҲТ афғон инқирозини тинч йўл билан ҳал этишни муҳокама қилди

Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев Жидда шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Афғонистон бўйича махсус вакили Тарик Бахит билан музокаралар ўтказди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва ИҲТнинг афғон инқирозини тинч йўл билан ҳал этиш, мамлакатга тез фурсатларда инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш борасидаги саъй-ҳаракатлари муҳокама қилинди.

Афғонистондаги мавжуд вазият, ИҲТга аъзо давлатлар мамлакат янги ҳукуматига нисбатан мужассамлашган позициясини ривожлантириш, Афғонистондаги чуқур гуманитар инқирозни бартараф этиш юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Тарик Бахит Ўзбекистоннинг Афғонистонда «Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар» темирйўли қурилиши лойиҳасини амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.

Унинг фикрича, бу Афғонистон учун чинакам стратегик лойиҳа бўлиб, мамлакатни минтақавий ўзаро боғлиқлик бўғинига айлантириш, яъни амалда Марказий ва Жанубий Осиёни ушбу муҳим транспорт йўлаги орқали боғлаш имконини беради.

Афғонистон янги ҳукумати томонидан халқаро ҳамжамият талаблари, аёллар ва миллий озчиликлар ҳуқуқларига риоя қилиш масаласида бажарилиши муҳимлиги қайд этилди.

Мавзуга оид