“Ҳаётимдаги 100 учрашувнинг ҳеч бири тасодифий эмас. Мен, китобимда, 52 давлатга саёҳат қилганимда, Сайёрамизнинг энг муваффақиятли инсонлари билан бўлиб ўтган ҳар бир танишувни, иқтибослар ва тарихий фактлар орқали таҳлил этишга ҳаракат қилдим”. “Юксаклик сари тасодиф бўлмаган 100та учрашув” китоби муаллифи Отабек Маҳкамов 100 та қаҳрамондан олинган ҳаётий сабоқлар китоб ёзишга сабаб бўлганини айтади.

Китобдаги ҳар бир учрашув – эксклюзив

Ҳар бир инсонда тақдирини ўзгартириб юборувчи ва келгуси ҳаёт йўлини белгилаб берувчи учрашувлар бўлади. Менинг омадим шунда бўлса керакки, умр йўлимда бутун бошли китобга жамласа бўладиган кўплаб ана шундай тарихий учрашувлар юз берган. Бунинг сабабларидан бири — юристлик ва ўқитувчиликдан тортиб актёрлик, журналистлик, телебошловчилик, блогерлик ҳамда мотиватор нотиқликка қадар бўлган касбий фаолиятим бўлса керак деб уйлайман.

Ушбу китоб қаҳрамонлари орасида Ҳиллари Клинтон, Гордон Рамзи, Антонио Бандерас, Девид Копперфильд, Энрике Иглесиас, Фаррух Зокиров, Дэниел Рэддклифф каби машҳур инсонлар ҳамда дунё миқёсидаги юлдуз бўлмаса-да, кўпчиликка таниқли шахслар бор. Ушбу китоб орқали мен китобхонга илк дақиқаларданоқ суҳбатдошининг эътиборини жалб этиш, унинг янги, баъзан кутилмаган жиҳатларини очиб бериш қобилиятини шакллантириш ҳақида ёзганман. Шу боисдан мазкур китобда жамланган тасодифий бўлмаган ҳар бир учрашувнинг ўзига хос қизиқарли ва эксклюзив тарихи бор.

37 йиллик ҳаётим давомида нақ уч сиёсий-ижтимоий тузумни бошдан кечиришга улгурдим: социализмда туғилдим, қайта қуриш даврида улғайдим, айни дамда эса капиталистик жамият, яъни Нью-Йорк шаҳрида ижод билан шуғулланмоқдаман. Сўнгги 19 йилда дунёнинг элликдан зиёд мамлакатида бўлиб, АҚШ ва Буюк Британияда доимий тарзда истиқомат қилганимда юзлаб экстраординар, таъбир жоиз бўлса, асрларга татигулик шахслар билан танишдим. Асло тасодиф деб бўлмайдиган ўша учрашувлар ҳақидаги хотираларим китобимда жамланди.

Китобни ёзишга учта сабаб

Бундай мотивацион китоб ёзишга ҳаракат 18 йил олдин бошланган, лекин бу ишни амалга оширишга, умуман вақт бўлмаган. Коронавирус пандемияси бошланганида мен пандемиянинг эпицентри — Нью-Йоркда истиқомат қилар эдим ва билдимки, вақтим етарлича бўлар экан, чунки АҚШ ва кўплаб давлатлар локдаунга кириб кетишди. Асосий сабаблар эса 3та.

Биринчиси, Ўзбекистон ёшларига ҳақиқий мотивацияни бериб, чет тилларини ва ҳеч бўлмаганда инглиз тилини ўрганишларига илҳом бериш, чунки фикримча, булар — муваффақиятли шахс бўлишнинг сирларидан бири.