Ўзбекистон медиа олами кундан кунга кенгайиб бормоқда. Сифат ва аудитория билаш ишлаш борасида қилинадиган ишлар кўп, албатта. Бироқ соннинг кўпайиши рақобат муҳитини шакллантиради, рақобат эса салоҳиятни юксалтиришга хизмат қилиши керак. Демак, оммавий ахборот воситалари сонининг кўпайишини ютуқ сифатида қайд этсак бўлади. Айтингчи, ўнлаб теле ва радиоканаллар, газета ва журналлар, юзлаб интернет сайтлари, блогерлар, влогерлар фаолият юритаётган бу медиа маконда янги онлайн телеканал ўз ўрнини топа оладими?

– Тўғри айтдингиз. Жаҳоннинг илғор мамлакатларидаги каби Ўзбекистон медиа соҳаси ресурслари юқори суръатлар билан кўпайиши кишини қувонтиради. Сон билан бир қаторда сифатнинг ҳам ошиб бориши барчамиз учун фойдали.

Biz-TV Ўзбекистондаги бир гуруҳ ташаббускор ёшлар томонидан 2020 йилда ташкил этилдин ва 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунида синов эфири бошланди. Медиа маконда ўз ўрнини топади, деб айта оламан. Мен танлов қилишда ҳеч қачон шошмаганман ва ўзимга яраша принципларим бор. Телеканал концепцияси ва формати ёққанлиги учун, унинг келажаги борлигини кўрганим учун яқиндан ҳамкорлик қилишга рози бўлдим. Biz-TV – нима ўзи? Жавоб: Biz-TV – хорижда истиқомат қилувчи ўзбек ватандошларни бирлаштирувчи бир кўприк.

– Biz-TV хориждаги ҳамюртларимиз учун очилган биринчи телеканал сифатида томошабинга нималарни таклиф қилади?

– Сиз АҚШда яшайсизми, Россияда меҳнат муҳожиримиз ёки япон йигитга турмушга чиқиб, Токиога кўчиб кетганмисиз – барибир мана шу Ватанни, Ўзбекистонни соғинасиз. Она юрт ҳақида ҳар нафасингизда эслайсиз. Biz-TV айнан шу ҳисларни қалбидан ўтказувчи инсонлар учун ташкил этилган. Ўзбекларнинг чет элдаги турмуш тарзи, эришаётган ютуқ ва муваффақиятлари, энг асосийси, ҳаётий тажрибаси ранг-баранг телемаҳсулотлар орқали кўрсатиб берилади. Бир нарсани алоҳида таъкидлашим керакки, телеканал эфирида биронта негатив бўлмайди! Ўзим ҳам хорижда бир неча йилдан буён яшайман, Ўзбекистонни соғиниб ижтимоий тармоқларни кўриб чиқаман. Минг афсуски, аксарият ҳолларда, Ватанни соғиниб кирган одам негатив хабарларни кўриб асаблари таранг бўлади. Асосли-асоссиз айбловлар, турли жиноят ва “самосуд”лар, бир-бирини қон қақшатган одамлар, ўзбекларни шарманда қилувчи турли-туман видеолар... 70% га яқин хабар шундай мавзуда. Бизку, ҳаётда озми-кўпми тажриба тўплаган, оқни қорадан ажрата олишга ёши етган инсонлармиз. Лекин хориждаги олий ўқув юртларида таҳсил олаётган, меҳнат қилаётган ва келажакда Ўзбекистонни ривожлантирмоқчи бўлаётган ёшларга бу жуда салбий таъсир қилади. Замона зайли билан чет элда яшаётган ўзбек отахону онахонларчи?! Албатта, бугунги замонда фақат позитив хабарни узатишни сўрашнинг ўзи қонунан нотўғри. Лекин фақат позитив руҳдан иборат ресурс яратишни ҳеч ким таъқиқлай олмайди.  Biz-TV'га мени яқинлаштирган ва ҳамкорга айлантирган сабаб мана шу – позитив кайфият, Ватанни соғинганлар қалбига чўғ солувчи ролик ва кўрсатувлар! Бутунлай бошқача формат! Ишонинг, Ватанни соғинган одамнинг қалбида қоралик бўлмайди, юртига ёмонлик тиламайди.