Дунёнинг энг қиммат шаҳарлари рейтинги эълон қилинди. Тошкент энг арзон шаҳарлар бешталигида
The Economist нашри дунёнинг 172та йирик шаҳридаги 200та маҳсулот ва хизматлар нархларини ўзаро таққослаб, 2022 йилдаги дунёнинг энг қиммат шаҳарлари рейтингини тузди. Унда Нью-Йорк ва Сингапур энг қиммат шаҳарлар, Дамашқ ва Триполи эса энг арзон шаҳарлар сифатида қайд этилди.
Economist Group’нинг Economist Intelligence Unit таҳлилий бўлими 2022 йилдаги дунёнинг яшаш энг арзон ва энг қиммат бўлган шаҳарлари рўйхатини эълон қилди.
Тадқиқот муаллифлари 172та йирик шаҳарлардаги 200та товар ва хизматларни АҚШ долларида таққослашди. 2022 йилда ушбу шаҳарлардаги нархлар ўртача 8,1 фоизга қимматлашган. Мазкур кўрсаткич сўнгги 22 йилда қайд этилган инфляциянинг энг юқори даражасидир.
Тадқиқот натижаларига кўра, Нью-Йорк ва Сингапур дунёнинг энг қиммат шаҳарларидан бири деб топилди. Нью-Йорк биринчи марта ушбу рейтингда пешқадамлик қилаётган бўлса, Сингапур охирги ўн йил ичида саккизинчи марта рейтингнинг юқори поғонасида қайд этилган. Учинчи ўринда ўтган йилда дунёнинг энг қиммат шаҳри деб топилган Исроилнинг Тел-Авив шаҳри жойлашган.
Нью-Йорк билан бир қаторда Лос-Анжелес ва Сан-Франсиско ҳам энг қиммат шаҳарлар ўнталигига кирган. Шунингдек, АҚШнинг яна 22та шаҳри нархларнинг тез ўсиши ва долларнинг мустаҳкамланиши фонида ўтган йилгига нисбатан рейтингда кўтарилган. Улардан олтитаси (Атланта, Шарлотта, Индианаполис, Сан-Диего, Портленд ва Бостон) рейтингда энг катта сакрашни кўрсатган ўнта шаҳар қаторига кирган.
Ғарб санкциялари, капитал назорати ва импортнинг чекланиши туфайли Россиянинг Москва ва Санкт-Петербург шаҳарларида ҳам нархлар кескин қимматлашган ва улар мос равишда 88 ва 70-поғонага кўтарилган ва 37 ва 73-ўринларни эгаллаган.
Энергетика инқирози ҳамда евро ва бошқа маҳаллий валюталар қийматининг пасайиши сабабли Европанинг аксарият шаҳарлари рейтингда пастлаган. Бу борада энг катта тушиш Стокгольм, Люксембург ва Лион шаҳарлари билан кузатилган. Минтақада кўплаб маҳсулотлар нархи шиддат билан ошмоқда. Хусусан, ўтган бир йил давомида Ғарбий Европа шаҳарларида газ ва электр энергияси нархи миллий валюталарда 29 фоизга қимматлашган, чунки минтақа Россия энергиясидан воз кечишга ҳаракат қилмоқда. Таққослаш учун, газ ва электр энергияси нархи тадқиқот даврида 11 фоизга ўсган.
Глобал миқёсида энг сезиларли ўсиш транспорт соҳасига тўғри келган. Нефть нархининг ошиши фонида бензин нархи ўртача 22 фоизга қимматлашган.
Дастлабки ўнталикдаги энг қиммат шаҳарлар
- Сингапур;
- Нью-Йорк;
- Тел-Авив;
- Ҳонгконг;
- Лос-Анжелес;
- Цюрих;
- Женева;
- Сан-Франсиско;
- Париж;
- Копенгаген;
- Сидней.
Истанбул (Туркия), Буэнос-Айрес (Аргентина) ва Теҳрон (Эрон) энг юқори инфляция даражасидан азият чекаётган шаҳарлар сифатида келтирилган. Шундай бўлса-да, тадқиқотчилар гиперинфляциядан азият чекаётган Венесуэланинг Каракас шаҳрини истисно тариқасида рўйхатга қўшмаган. Бу шаҳарда йиллик инфляция 132 фоизни ташкил қилган.
Дамашқ (Сурия), Триполи (Ливия) ва Теҳрон(Эрон) эса энг арзон шаҳарлар сифатида қайд этилган. Ушбу шаҳарларда ўтган бир йил давомида мўътадил инфляция кузатилган. Ҳисоботда қайд этилишича, бу ушбу шаҳарлар жойлашган мамлакатларнинг заиф иқтисодиёти ва валюталарини акс эттиради.
Тошкент эса энг қиммат шаҳарлари рейтингида ўтган йилга нисбатан ўз ўрнини бироз яхшилаган ҳолда 168-ўринни эгаллаган.
Дунёнинг энг арзон шаҳарлари ўнталиги
- Дамашқ;
- Триполи;
- Теҳрон;
- Тунис;
- Тошкент;
- Карачи;
- Олмаота;
- Аҳмадобод;
- Ченнай;
- Жазоир.
Ҳисоботда келтирилишича, Украинадаги уруш ва давом этаётган пандемия чекловлари энергия ва озиқ-овқат етказиб бериш занжирида узилишлар бўлишига сабаб бўлган ва нархлар ошишига жиддий таъсир кўрсатган.
The Economist прогнозларига кўра, келаси йил нархлар ўсиши секинлашиши керак. Чунки фоиз ставкалари пасайиши ва глобал иқтисодиётнинг секинлашиши туфайли баъзи мамлакатларда нархлар тушишни бошлайди. Агар Украинадаги уруш авжига чиқмаса, энергия, озиқ-овқат ва материаллар учун хомашё нархлари 2023 йилда жорий йилги даражага нисбатан кескин тушиб кетиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Умуман олганда, EIU глобал истеъмол нархлари инфляцияси кейинги йилда 6,5 фоиз атрофида шаклланишини прогноз қилмоқда.
Ўзбекистонда яхши яшаш учун қанча маблағ керак?
Дунёнинг энг йирик онлайн маълумотлар базасидан бири – Numbeo ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистонда 4 киши бўлиб яшайдиган оилалар ижара тўламасдан ойига 1431,42 доллар сарфлаб яхши яшаши мумкин. Бир киши учун бу нарх 394,10 долларга айланади.
Қайд этилишича, харажатларнинг 36,6 фоизи дўконлардан турли маҳсулотларни сотиб олиш, 25,3 фоизи ҳар ойлик ижара, 14 фоизи ресторанларда овқатланиш, 10,1 фоизи транспорт, 8,1 фоизи эса спорт ва бўш вақтдаги машғулотлар учун сарфланади.
Мавзуга оид
17:36 / 18.11.2024
Ўзбекистон мобил интернет тезлиги рейтингида пастлади
17:37 / 12.11.2024
Ўзбекистон такси хизмати энг арзон давлатлар қаторига кирди
16:40 / 12.11.2024
Ўзбекистон сунъий интеллектга тайёрлик рейтингида Марказий Осиёда сўнгги ўринни эгаллади
16:52 / 07.11.2024