Бухоро вилояти Ғиждувон туманида чўлнинг ўртасида 33 гектарлик майдонда қатор ўтовлар кўтарилган. Ўтовлар айниқса кечқурун чироқлар билан шарқ эртакларини эслатиб юборади.

Бу манзилнинг ташаббускори – 51 ёшли аёл Иқлима Жўраева. Ғиждувон фарзанди эканини фахр билан айтадиган аёлнинг табиатга, яшашга муҳаббати бошқаларникидан анча фарқ қилади.

Қаҳрамонимиз – Ўзбекистонда овчилик гувоҳномасини олган ягона аёл ҳамдир.

“Одамларнинг ҳаёти яхшилансин”

— 1971 йилда Ғиждувонда туғилганман. 1999 йилда турмуш ўртоғим вафот этиб, бир ўғлим билан қолдим. Буни айтиш, эшитиш осон, лекин ўзи оғир. Умримни ҳаётга, одамларнинг ҳаётини яхшилашга, ўзимдан яхши ном қолдиришга бағишлашни истайман.

17 ёшимдан оёқ кийим тайёрлаш фабрикаларида, кейинроқ ип йигирув ва тўқув фабрикасида ишладим. Қарийб 30 йилдан бери эса кўплаб хусусий корхоналарга раҳбарлик қилиб келяпман.

Тадбиркорликни ёшлигимдан бошлаганман десам ҳам бўлади. Турмуш ўртоғим дунёдан ўтганидан кейин аста-секин МЧЖлар очиб, 2008 йил маиший хизмат кўрсатиш дўконини қурганмиз. 2013 йилда “Фирдавс Амон Ўктам омади” савдо мажмуаси, 2019 йилда “Гольд Опель Фирдавс” МЧЖда 40дан ортиқ сайёҳга меҳмонхона хизматини йўлга қўйганмиз.

Шу меҳнатларни ҳисобга олиб туман, вилоят, республика даражасида турли танловларда тақдирлаб келишади. 2019 йилда республика миқёсида "Йилнинг энг яхши тадбиркор аёли" деб эътироф этишди. Бундан ташқари, “Туризм соҳасининг энг шижоатли аёли” номинациясига ҳам лойиқ кўришди. Яқинда “Ишбилармон аёл 2022” республика босқичида ҳам иштирок этиб келдим.

Чўлдаги оазис

— Йил бошида АҚШнинг USAID ташкилотидан грант ютиб олгандик. Бу пулга Ғиждувоннинг чўл ҳудудида экотуризм йўналишда иш бошладик. Чўлнинг ўртасидаги 33 гектар майдонда экотуризм зонаси ташкил қилиб, от спорти, дам олиш зоналари, балиқхона, туя сутидан қимиз тайёрлаш, милтиқ отиш спорт турини йўлга қўяяпмиз. Ўзимиз от боқиб, қазиларини ҳам ўзимиз тайёрлаймиз. 20га яқин от ва туяларни Навоий вилоятидан сотиб олиб келтирганмиз. У ерда туяқуш, курка, турли хил паррандаларни боқамиз. Бу ерга келган туристлар ўша ҳайвонлари ўзи овлаб, ўзи пишириб ейди.