Бугун АҚШ доллари дунёда сохталари энг кўп ишлаб чиқариладиган бешта валютадан бири ҳисобланади. АҚШ долларини унинг қоғоз кўринишидаги нусхаси пайдо бўлгандан буён сохталарини чиқариб келишади. Ҳатто аслидан унча фарқ қилмайдиган ясама долларлар ҳам бор.

Ҳисоботларга кўра долларнинг сохталарини Американинг ўзидан кўра дунёнинг бошқа давлатларида кўпроқ ясашади. Айниқса долларнинг қиймати анча юқори бўлган, 100 долларлик пулга жуда кўп нарса сотиб олса бўладиган давлатларда доллар кўпроқ сохталаштирилади.

2021 йилда Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида миллион долларга яқин сохта пуллар ёқиб юборилди. Маълум қилинишича, 2020 йилда ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари Алматида 293 минг сохта долларни муомалага киритаётган шахсни ушлашади.

Унинг уйи кўздан кечирилганда доллар чоп этиш учун махсус қоғоз, ускуналар ва ярим миллион доллардан ошиқроқ сохта пуллар топилади. Ҳисоблаб кўрилганда ундаги сохта пул қўлга тушганда олинганларини ҳам қўшганда жами 975 минг чиқади. Суд унга 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаган.

АҚШда қўлга тушган сохта пул ясовчилар орасида энг машҳури Эмерих Юттнер ҳисобланади.

Фото: dkn.tv

Бу инсон унча кўп миқдорда сохта пул ясамаган, ўз эҳтиёжларига ишлатиш учун фақат 1 долларлик банкнот ясаган. ФҚБ ходимлари уни 10 йил қидиришган. Юттнер қўлга тушгандан сўнг машҳур бўлиб кетган ва у ҳақда филм ишлашган.

Австриялик муҳожир

Эмерих Юттнер 1876 йилда Австрияда туғилади. 1890 йилда 14 ёшида у Америкага боради ва Нью-Йорк шаҳрида яшай бошлайди. Юттнер ёшлигида тирикчилик учун кўп ишларни қилиб кўради.

Аввалига у фотографликка қизиқади ва эскироқ фотоаппарат ҳам сотиб олади. Бироз ўтиб дераза пардаларини ясаб ҳам кўради, аммо ўхшамайди.

1902 йилда Юттнер уйланади ва тез орада ўғли туғилади. ХХ аср бошларида АҚШ ҳали дунёнинг энг ривожланган ва бой давлати эмасди.  Бу давлатда яшовчи камбағал ёки ўртаҳол муҳожирларнинг яхши маошли иш топиши ёки ижарага уй олиши қийин эди. Шахсий уй ҳақида эса гап ҳам бўлиши мумкин эмасди. Шу сабабли Юттнер ҳам оиласини амаллаб боқади.