Ҳайъат мажлисида Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев маъруза қилиб, жорий йилда прокуратура органлари томонидан амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган хато-камчиликларга бирма бир тўхталиб ўтди, деб хабар бермоқда идора матбуот хизмати.
Таъкидланишича, 2022 йилнинг ўтган даврида прокуратура органлари томонидан аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан 116 мингга яқин назорат ҳужжатлари қўлланиб, 217 минг фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланган. Прокурор текширишлари ва дастлабки тергов давомида айбдор шахслардан фуқароларга ва давлат манфаатларига етказилган 1,5 трлн сўмлик зарарнинг ундирилиши таъминланган.
Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, бандлигини таъминлаш, муҳтож оилаларни, ёшлар ва хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб - қувватлашга оид қонунчилик ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Бевосита прокурорлар саъй-ҳаракати билан қисқа муддатда 161 мингдан ортиқ эҳтиёжманд оилага кўмак берилган, қарийб 175 минг нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланган.
Ҳайъат йиғилишида мавжуд муаммоларни бартараф қилиш борасида айрим ҳудудларда йўл қўйилган камчиликлар танқид қилиниб, тадбирларни янада жонлантириш, айниқса, “Маҳаллабай” ишларни самарали ташкил этиш, тегишли дафтарларга киритилган фуқаролар билан манзилли ишлаш бўйича белгиланган вазифалар ижросига эътиборни янада кучайтириш зарурлиги таъкидланган.
Тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб - қувватлаш, қулай бизнес муҳитини яратиш масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилган. Қайд этилишича, тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш, экспорт ҳажмини ошириш каби иқтисодиёт ривожидаги долзарб йўналишларда тизимли тадбирлар амалга оширилиб, 7 минг нафардан ортиқ тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган, 25 минг нафардан ортиғига муаммоларини бартараф этишда кўмаклашилган.

Тадбирда қурилиш соҳасида қонунийликни таъминлаш, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантиришга оид инвестиция дастурлари, шу жумладан “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари ижроси аҳволи ҳам муҳокама қилинган.



















