АҚШ дунёдаги биринчи 6-авлод бомбардимончи самолётини намойиш этди
B-21 Raider яширин бомбардимончи оддий ва ядровий қуролларни олиб юришга қодир ҳамда келажакда АҚШ стратегик авиациясининг таянчига айланиши керак.
Қўшма Штатлар олтинчи авлод B-21 Raider бомбардимончи самолётини тақдим этди, ишлаб чиқарувчининг фикрига кўра, у келажакда Америка ҳарбий авиациясининг таянчига айланади. Мудофаа вазири Ллойд Остин 2 декабрь, жума куни бўлиб ўтган тақдимотда бу АҚШда сўнгги 30 йил ичида яратилган биринчи янги бомбардимончи самолёт эканини маълум қилди.
B-21 Raider дунёдаги биринчи олтинчи авлод бомбардимончи самолёт ҳисобланади, дейди ишлаб чиқарувчи Northrop Grumman ва уни «АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари стратегик бомбардимончи флотининг навбатдаги эволюцияси» деб атади. Юқори технологияли рақамли яширин бомбардимончи оддий ва ядровий қуролларни олиб юришга қодир. У «душманнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимига кириб бора олади ва дунёнинг исталган нуқтасидаги объектларни нишонга олади», деб таъкидлайди ишлаб чиқарувчи.
Northrop Grumman бош ижрочи директори Кэти Уорденнинг сўзларига кўра, B-21 олдинги B-2 моделларига ўхшаса-да, «ичкарига кирганингиздан сўнг, ўхшашлик йўқолади». «Унинг ички ишлаши B-2 билан солиштирганда жуда илғор, чунки технология ҳисоблаш қобилиятлари нуқтайи назаридан шунчалик ривожланганки, энди биз уни B-21 дастурий таъминотига киритишимиз мумкин», деди Уорден.
«Ушбу самолётнинг яратилишига яширин технологияларнинг эллик йиллик ютуқлари сабаб бўлди. Ҳатто энг илғор ҳаво мудофаа тизимлари ҳам B-21'ни осмонда аниқлай олмайди», - деди Остин.
Олтита бомбардимончи самолёт Калифорниядаги Northrop Grumman заводида якуний йиғиш ва синовдан ўтишнинг турли босқичларида, деб хабар қилди компания. Ҳаммаси бўлиб 100 та самолёт ишлаб чиқариш режалаштирилган, дея қайд этган CNBC телеканали.
Пентагон ва ишлаб чиқарувчи B-21 нархини ошкор қилмаяпти. Reuters эслатишича, 2010 йилда АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари уни 550 миллион долларга баҳолаган, бу бугунги кунда 753 миллион долларга тўғри келади. Якуний харажат Пентагон қанча бомбардимончи сотиб олишига боғлиқ бўлади.
«Яқин келажакда биз бу самолётни учирамиз, синовдан ўтказамиз ва кейин ишлаб чиқаришга киритамиз. Келаётган стратегик муҳитга мос келадиган миқдорда бомбардимончи кучларни яратамиз», - деди Остин. Биринчи парвоз 2023 йилдан олдин амалга оширилмайди, деб маълум қилди ишлаб чиқарувчи.
Мавзуга оид
22:07 / 19.11.2024
АҚШ Россия ядро сиёсатининг ўзгариши муносабати билан ўз ядро доктринасини ўзгартирмайди
20:58 / 19.11.2024
Байденнинг рухсати урушнинг боришига қандай таъсир қилади?
18:44 / 19.11.2024
Украина ATACMS ракеталари билан Россия ҳудудига биринчи зарбани берди
16:15 / 19.11.2024