Жамият | 11:29 / 05.12.2022
29529
10 дақиқада ўқилади

Қадимда маккаликлар нега гўдакларини бадавий аёлларга маълум муддатга бериб юборган?

Нимага Норвегияда балиқчилар учун одатдагидан анча кичик гугурт қутилари ишлаб чиқарилади? XIX асрда инглиз аёллари орасида кринолин юбкалар урфга кириши қандай қилиб уларнинг бевақт ўлимига сабаб бўлган? – “Заковат” телеўйини кузги мавсумининг бешинчи ўйинидан репортаж

Кузги мавсумнинг бешинчи ўйинида Нодира Турғунова жамоаси иштирок этади.

Жамоа аъзолари (чапдан ўнгга):

Нодира Баҳромова - Ўзбекистон Миллий университети магистранти;

Назокат Абдусаитова - Тошкент давлат педагогика университети талабаси;

Нодира Турғунова - Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети магистранти (жамоа сардори);

Майсара Очилова - Республика маънавият ва маърифат маркази мутахассиси;

Мадина Мирзараҳматова - Ўзбекистон Миллий университети талабаси;

Муаззам Шоумарова - менежер.

Мазкур ўйин кузги мавсумнинг сўнгги ўйини бўлиб, мавсум финалчисининг номига аниқлик киритиб беради. Ўтган ўйинда Жобир Аҳмедов жамоаси 6:0 ҳисобида ғалабага эришгани сабабли қизларга ҳам фақатгина 6:0 ҳисоби финалга чиқишга ёрдам беради. Бу эса қизларга босим юклаши мумкин.

1-раундда қадимги Мисрда ясалган ҳайкалча ҳақида савол ўйналди. Бир қўли бошида, бир қўли кўксида турган ҳайкалча қадимда мавжуд бўлган қайси касб вакилларини акс эттиради, деган саволга жамоа нотўғри жавоб берди ва ўйин ҳисоби томошабинлар фойдасига очилди – 0:1.

2-раундда жамоага блиц саволлари тушди. Блицнинг биринчи саволида тилимизда асл маъноси “Жаҳаннамнинг туби” деган маънони берса-да, ҳаяжонга берилганимизда ишлатиладиган бир сўз ҳақида бўлди. Афсуски, жамоа блицнинг биринчи саволидаёқ қоқилди ва ҳисоб 0:2 га айланди.

Кейинги раунд саволи Норвегиядаги бир фирма нега балиқчилар учун атайлаб одатдагидан анча кичик гугурт қутилари ишлаб чиқиши ҳақида бўлди. Жамоа бу саволга ҳам жавоб топа олмади ва ютқазаётгани туфайли клуб ёрдами олишга мажбур бўлди. Ҳисоб – 1:2.

Тўртинчи раундда қадимда маккаликлар нега гўдакларини бадавий аёлларга маълум муддатга бериб юборган, деган саволга, афсуски, жамоа тўғри жавоб топа олмади. Ҳисоб – 1:3.

5-раундга келиб ҳам вазият ўнгланавермади. Усмонли турклар даврида султон оиласига яқин шахсларга ўрнатилган турли қабртошлар ҳақидаги саволнинг жавобига жамоа бироз яқинлашган бўлса-да, барибир тўғри вариантга етиб борилмади. Ҳисоб – 1:4.

Навбатдаги раундда Кувайтдаги сувни чучуклаштириб берувчи ғаройиб миноралар ҳақида савол тушди. Бироқ бу савол ҳам жамоа учун бироз ноқулай бўлиб чиқди ва натижада ўйин ҳисоби “жар ёқасига келиб қолди” – 1:5.

Финалга чиқиш умидида ўйинга тушган жамоада ҳамон имконият сақланиб қолаётган бўлса-да, жамоа кўрсатаётган ўйин билан финалга чиқишнинг иложи йўқ эди.

7-раунд саволи XIX асрда Англияда аёллар орасида кенг юбка ва хонадонлардаги бир нарсанинг кенг урфга киргани туфайли аёлларнинг бевақт ўлими кенг авж олгани ҳақида бўлди. Афсуски, ҳар қанча ҳаракат қилмасин, қизлар жамоаси бу саволга ҳам тўғри жавоб топа олмади ва ўйин йирик ҳисоб билан якунланди – 1:6.

Бундай йирик ҳисобдаги мағлубиятга қарамай, жамоа телеўйинлардаги иштирокини давом эттирадиган бўлди. Чунки мавсумнинг учинчи ўйинида Бобур Ёқубов жамоаси ҳам худди шу ҳисобда мағлуб бўлганди. Қоидага кўра, бир хил ҳисоблар қайд этилганда, кейинги бўлиб ўйнаган жамоага устунлик берилади.

Шунингдек, қизларнинг бу мағлубияти мавсум финалида Жобир Аҳмедов жамоаси иштирок этишини ойдинлаштирди.

Ўйин стенограммаси билан қуйида танишиб чиқишингиз мумкин.

1-раунд. Савол муаллифи — Нурбек Саидмуродов, Тошкент шаҳри

Бошловчи: Диққат, эътиборингизни экранга қаратинг.

Ушбу суратда дастлаб қадимги Мисрда пайдо бўлган бир касб эгаларига ўрнатилган ҳайкалча тасвирланган. Бу ҳайкал ўз ишининг усталарига бағишлаб ясалган.   

Диққат савол: Бу касб эгалари нима иш билан шуғулланишган?

Жавобни Мадина Мирзараҳматова беради: Шифокорлар

Тўғри жавоб: Бу касб дастлаб Мисрда пайдо бўлган, бошида бу касб эгалари ҳурматга сазовор кишилар бўлишган, чунки нуфуз белгилашда уларга кўп нарса боғлиқ бўлган. Бу касб бугун Шарқда ҳам, Ғарбда ҳам деярли йўқолиб кетган. Одамлар уларнинг ўз ишларини ёлғондан қилаётганини билиб турса-да уларга ҳақ тўлаган. Улар дафн маросимларида йиғлаб берувчи кишилар бўлган.

Ҳисоб: 0-1

Савол муаллифи Нурбек Саидмуродов 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

2-раунд. Блиц саволлари. Саволлар муаллифи — Мавлон Оқилов, Иштихон тумани

Бошловчи:

1-Савол:

Ҳаётимизда шундай бир сўз учрайдики, унинг маъносини тушунмасдан ишлатаверамиз. Бу сўз жуда эҳтиросга берилганимизда, ўта ҳаяжонга тушганимизда бехосдан изҳор қилинади. Чунки у сўз асли “жаҳаннамнинг энг туби” деган маънони билдиради.

Диққат савол: У қайси сўз?

Жавобни Мадина Мирзараҳматова беради: “Вой-дод” сўзи.

Тўғри жавоб: Даҳшат

Ҳисоб: 0-2

Савол муаллифи Мавлон Оқилов 2 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

3-раунд. Савол муаллифи - Ғанишер Ҳасанов, Пахтачи тумани

Бошловчи: Балиқчилар ҳақидаги кўрсатувда Норвегиядаги бир фирма балиқчилар учун атайлаб кичкинагина гугурт қутилари ишлаб чиқараётгани маълумот тариқасида берилган. Албатта, олов ёқиш учун ва яна бир сабаб туфайли.

Диққат савол: Балиқчилар нега бу митти қутиларни овга олиб кетади?

Жамоа клуб ёрдамидан фойдаланди

Жавобни Нодира Раҳмонова беради: Балиқчилар турли ҳажмдаги балиқларни овлашган. У ўзининг ўлжаси қанчалик катталигини кўрсатиш учун гугурт қутиси ёнида расмга тушишган. 

Жамоа тўғри жавоб берди.

Ҳисоб: 1-2

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

4-раунд. Саволлар муаллифи - Муҳаммаддиёр Мирзабаҳромов, Пахтаобод тумани

Бошловчи: Алихонтўра Соғунийнинг “Тарихи Муҳаммадий” асарида Макка шаҳрида туғилган чақалоқларни улғайиб катта бўлгунча саҳродаги бадавий аёлларга бериб юборишлари ёзилган. Бунинг айрим сабаблари бўлган. Айрим сабабларидан бири, саҳрода ўсган бола соғлом, бақувват бўлиб ўсган. Гўдакни бошқа бегона аёлга бериб юборишнинг асосий сабаби бу бўлмаган.

Диққат савол: Қандай асосий сабаб туфайли болалар бадавийларга бериб юборилган?

Жавобни Нодира Раҳмонова беради: Болалигидан бошқа қабила тилларини ўрганиш учун юборилган.

Тўғри жавоб: Макка азалдан зиёратгоҳ шаҳар. У ерга дунёнинг турли чеккаларидан зиёратчилар келишган. Улар ўзлари билан турли касалликларни олиб келишган. Юқумли касаллик тарқалса, энг биринчи иммунитети заиф бўлган болалар касалланишган, шунинг учун саҳрога бериб юборишган.

Ҳисоб: 1-3

Савол муаллифи Муҳаммаддиёр Мирзабаҳромов 3 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

5-раунд. Савол муаллифи — Бобур Обидов, Янгиҳаёт тумани

Бошловчи: Сизларга Туркияда мавжуд бўлган қабртошлар суратини кўрсатамиз.

Истанбул шаҳридаги султон Сулаймон масжиди ёнида султон оиласи ва давлат аъёнлари, саркардалар дафн этилган махсус қабристон бор. Ундаги қабрлар устига қўйилган қабртошлар маълум маънони англатади.

Бу саллали қабртош остида султонликнинг энг машҳур дин арбоби - Шайх ул-ислом дафн этилган.

Иккинчи суратдаги бу кичик қабртошлар султон авлодининг болалигиданоқ дафн этилган ўғил-қизларига бағишланган.

Учинчи суратни ҳам кўринг. Бу суратда султон авлодидан бўлган аёлларга бағишланган қабртошлар тасвирланган.

Тўртинчи суратни ҳам кўрамиз.

Мазкур қабртошлар аниқ кимларгадир ўрнатилган.

Диққат савол: Кимларга ўрнатилган?

Жавобни Нодира Турғунова беради: Сулаймон оиласидаги ёш келин-куёвлар вафот этганига бағишлаб барпо этилган.

Тўғри жавоб: Бу суратдаги қабр тошлар келин ёпинғичи. Қабртошлар балоғат ёшига етган, аммо турмуш қурмай вафот этган қизларга бағишланган.

Ҳисоб: 1-4

Савол муаллифи Бобур Обидов 4 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

6-раунд. Савол муаллифи — Тўлқин Абдураимов, Тошкент шаҳри

Бошловчи: Диққат, эътиборингизни экранга қаратинг.

Бу Кувайтда чучук сув манбалари деярли йўқлигидан далолат. Суратда тасвирланган уч миноранинг вазифаси денгиз сувини чучуклаштириб беришдир. Иншоотдаги чиройли иккита йўғон минора сувни тозалайди.

Диққат савол: Учинчи ингичка минора нима учун барпо этилган?

Жавобни Майсара Очилова беради: Сувни олиб бериш вазифасини бажаради.

Тўғри жавоб: Икки минора сувни ишлаб беради. Уларнинг ишлаши учун ток керак бўлади. Учинчи минора электр жиҳозлари учун қурилган.

Ҳисоб: 1-5

Савол муаллифи Тўлқин Абдураимов 5 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

7-раунд. Савол муаллифи — Умидгул Ғаффорова, Чимбой.

Бошловчи: XIX аср биринчи ярми, Англия. Айнан шу вақтга келиб аёллар учун кенг юбкалар урфга киради. Шу вақтда инглиз хонадонларида яна бир янгилик пайдо бўладики, бунинг натижасида аёллар орасида, уй бекалари орасида бевақт ўлимлар содир бўла бошлади.

Диққат савол: Яна қандай янгилик инглиз хонадонларига кириб келдики, кенг юбка кийган аёллар билан салбий ҳолатлар содир бўла бошлаган?

Жавобни Нодира Турғунова беради: Бу янгилик каминлардаги ёқилғи

Тўғри жавоб: Аёллар кенг юбкаларни кринолин деган матодан тикишган. Бу мато енгил тез ёнувчан мато бўлган. Иккинчи урф бўлган нарса - шам эди.

Ҳисоб: 1-6

Савол муаллифи Умидгул Ғаффорова 6 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

Энг яхши савол муаллифи - Муҳаммаддиёр Мирзабаҳромов.

У болаларни бадавийларга бериб юбориш ҳақидаги саволи учун 5 млн сўм пул мукофотини қўлга киритди.

Ўйиннинг энг фаол билимдони - Мадина Мирзараҳматова.

Мадина Мирзараҳматова 5 млн сўм пул мукофотини қўлга киритди.

Қуйида ўйиннинг тўлиқ видеосини томоша қилишингиз мумкин:

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид