Жаҳон | 11:18 / 06.12.2022
5083
4 дақиқада ўқилади

Блинкен: Украина бўйича трибунал тузиш муҳокама қилиняпти

АҚШ давлат котибининг сўзларига кўра, Украинада уруш бошланиши учун «масъулият кўзда тутилгани» жуда муҳим. Уруш жиноятлари ҳақидаги маълумотлар «турли йўллар билан» тўпланади, деди Энтони Блинкен.

Фото: CNN

Украинадаги уруш давридаги жиноятларни тергов қилиш учун мустақил суд ёки трибунал тузиш масаласи муҳокама қилинмоқда. Буни 5 декабрь, душанба куни АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен тасдиқлади. У Вашингтондаги The Wall Street Journal CEO Council форуми доирасида саволларга жавоб берди.

«Шуни билиш керакки, содир бўлган воқеа (уруш бошланиши) учун жавобгарликни таъминлаш жуда муҳим», деди у. Блинкеннинг сўзларига кўра, ҳарбий жиноятлар ҳақидаги маълумотлар, уларни содир этганлик далиллари «турли йўллар билан» тўпланади, «украиналиклар буни ўзлари қиладилар». 

«Мен нима бўлишини олдиндан айтишни хоҳламайман», лекин «бу маълумот тўпланиши» муҳим, деди Америка дипломатияси раҳбари.

«Украинанинг, агар керак бўлса, суд тартибида таъқиб қилиши муҳим», аммо «биз Халқаро жиноий суднинг далил ва маълумот тўплаш борасидаги саъй-ҳаракатларини ҳам қўллаб-қувватлаймиз», деди АҚШ Давлат департаменти раҳбари. Шу билан бирга, унинг сўзларига кўра, «қандайдир мустақил суд, трибунал тузиш масаласи» муҳокама қилинмоқда. «Буларнинг барчаси столда», деди Энтони Блинкен ва бўлиб ўтган воқеа учун жавобгарликни ўз зиммасига олиш «жуда муҳим» эканлигини айтди. 

Аввалроқ, 30 ноябрь куни Брюсселда Европа Комиссияси (ЕК) президенти Урсула фон дер Ляйен Европа Иттифоқи БМТ кўмагида Россияни Украинадаги тажовуз учун тергов қилиш ва жиноий жавобгарликка тортиш мақсадида ихтисослаштирилган суд яратишни таклиф қилишини маълум қилган эди. ЕК раҳбарининг сўзларига кўра, янги тузилма яратиш истаги Халқаро жиноий суд билан ҳамкорлик қилишдан бош тортишни англатмайди. 

«Биз ушбу ихтисослаштирилган судни энг кенг халқаро қўллаб-қувватлашга эришиш учун халқаро ҳамжамият билан ишлашни бошлашга тайёрмиз», деди фон дер Ляйен. «Россия ўзининг даҳшатли жиноятлари, жумладан, суверен давлатга қарши тажовуз учун нарх тўлаши керак», — дея қўшимча қилди у. 

29 ноябрь куни Берлинда бўлиб ўтган «катта еттилик» йиғилиши иштирокчилари «Берлин декларацияси»ни қабул қилишди, унда Россия олий раҳбарияти ва Россия Федерацияси ҳарбийлари томонидан Украинада содир этилган жиноятларни янада самаралироқ тергов қилиш мақсадида G7 мамлакатлари ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга ваъда берилди. Мувофиқлаштиришни яхшилаш учун ҳар бир давлат халқаро ҳуқуққа қарши жиноятлар учун масъул бўлган миллий алоқа нуқтасини белгилайди. 

Вазирлар нуқтайи назаридан, бир томондан, ишларнинг такрорланишига ва Россия босқинидан омон қолган гувоҳларнинг такрорий сўровларига йўл қўймаслик учун миллий ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг Халқаро жиноий суд билан ишини мувофиқлаштириш муҳим. Бошқа томондан, айрим жиноятларнинг жазосиз қолишига йўл қўймаслик кераклиги таъкидланган. 

«Украинада содир этилган жиноятлар учун жазосиз қолиш халқаро ҳуқуқнинг тарихий мағлубияти ва қурбонларнинг бир неча бор таҳқирланиши бўлади», деди Германия адлия вазири Марко Бушман. У ва ҳамкасблари «ҳарбий жиноятчиларни жавобгарликка тортиш учун ҳамма нарсани қилишларига» ваъда берди.

Мавзуга оид