Ўзбекистон | 12:00 / 07.12.2022
6393
4 дақиқада ўқилади

“Матонат” ногирон-ампутантлар жамоаси ҳақида фильм суратга олинди

3 декабр куни Aлишер Навоий номидаги Киночилар уйида футбол бўйича жаҳонда энг кўп совринга эга бўлган жамоа ҳисобланувчи “Матонат” ногирон-ампутантлар жамоаси ҳақида “Матонат. Машаққатли ғалаба” деб номланган ҳужжатли фильм премьераси бўлиб ўтди. Фильмнинг яратилишига клуб ҳомийси InfinBANK катта ҳисса қўшди.

“Матонат” фильми қачондир ҳамма каби ҳаёт кечирган, орзулари, режалари бир олам бўлган инсонларнинг бошига тушган оғир синовлар, турли сабаблар туфайли қўли ёки оёғидан айрилиб, яшашни қайтадан бошлашга ўзида куч топа олган қаҳрамонларнинг ҳикояларини жамлаган. Ампутант футболчиларнинг ўй-кечинмалари, мустаҳкам иродаси ва ҳозирги кундаги ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи фильм ҳеч бир томошабинни бефарқ қолдирмаслиги аниқ.

 

Фильм режиссёри Комил Шарафиевнинг сўзларига кўра, йигитларнинг жисмоний ҳолатига қарамай ишлаши, ҳаёт кечириши ва футбол ўйнаши суратга олиш жамоасини жуда ҳам илҳомлантириб юборган. Улар бошидан кечирган ҳиссиёт ва хаёлларни томошабинга етказишда асосий ролни оператор Шуҳрат Ҳабибуллаев бажарди, у фильмнинг имкон қадар табиий чиқишига ҳаракат қилган.  

Қаҳрамонларнинг ҳикоясига бадиий бўёқлар безаш шарт эмас, улар кучли ва бир зарб билан ҳеч қандай “киноча” услубларсиз томошабин юрагини мўлжалга олади. Томошабин – оддий лекин ҳар доим ҳам қулай бўлмаган, ҳеч нарсага қарамай барибир гўзал бўлган ҳаётни фильмда кўради.

Фильм – InfinBANK’нинг навбатдаги ижтимоий ташаббуси натижасида “Матонат” футбол клуби билан тузилган ҳамкорлик меморандумининг бир қисми бўлди. Келишув доирасида ампутант-футболчилар ўртасида илк Ўзбекистон чемпионати “Мустақиллик кубоги” ўтказилди ва энг муҳими, банк ҳомийлиги остида Ўзбекистон терма жамоаси шу йилнинг октябрь ойида Туркияда ўтказилган жаҳон чемпионатида қатнашди ва бронза медалини қўлга киритди.

“Матонат. Машаққатли ғалаба” фильми бу – аввалига шунчаки молиявий кўмак билан бошланган, сўнгра банк ва футбол клуб ўртасида ҳақиқий дўстликка айланган муносабатлар натижасидир.

“Матонат Футбол” ногирон-ампутантлар футболини ривожлантириш маркази раҳбари – Рустам Меҳмонов клуб фаолиятида InfinBANK тутган ўрнини оддий сўз билан таърифлаб бўлмаслигини, икки йиллик ҳамкорлик давомида банк томонидан футболчилар жамоаси учун жуда кўп таъкидлашга арзигулик ишлар қилинганини айтди.

“Матонат” футбол жамоаси 1988 йилда “Матонат Футбол” ногирон-ампутантлар футболини ривожлантириш маркази қошида ташкил этилди ва орадан икки йил ўтиб, 1990 йилда AҚШдаги жаҳон чемпионатида ғолиб чиқди. Шундан сўнг 1991 йил (Ўзбекистон), 2007 йил (Туркия), 2010 йил (Aргентина) ва 2012 йилларда (Россия) бўлиб ўтган жаҳон чемпионатларида Ўзбекистонлик оддий йигитлар дунё аҳлини ўзига қаратиб, ғалабага эришди. Бундан ташқари клуб 1988 йилдаги жаҳон чемпионатида кумуш ва 2002 йил ҳамда 2022 йилларда бронза медалларини қўлга киритди. Бу йигитларнинг шарофати билан Ўзбекистон ногирон-ампутантлар футболи тарихидаги энг совриндор жамоага айланди.

“Матонат. Машаққатли ғалаба” фильмини ушбу ҳавола орқали томоша қилиш мумкин: https://youtu.be/vOuFeyEFCk0