Ўзбек медиасида шаҳарсозлик муаммолари кўтарилиши одатий ҳол бўлиб қолди. Сайтларда, блогларда Тошкентнинг урбанистик муаммолари, экологияси, жамоат транспорти ҳақида яхши таҳлилий мақолалар, суҳбатлар чиқишига ўрганиб қолдик. Аслида Ўзбекистон медиасининг охирги олти йиллик тажрибаси ўрганиб қолинган мавзуларга тегишли ташкилотлар ҳам ўрганиб қолиб, реакция билдирмай қўйишини кўрсатмоқда, шунинг учун балки бу мавзуда контент кўпайишининг ўз минуслари ҳам бордир, лекин, нима бўлганда ҳам, ўқувчи оммага урбанистика муаммолари, шаҳар муҳити, ҳаво тозалиги каби тушунча ва масалалар анча таниш бўлиб қолди.

Аммо ушбу мақолада юқорида тилга олинган муаммолар ташқаридаги, шу билан бирга шаҳарсозлик доирасидаги баъзи масалаларга тўхталмоқчиман. Тошкентда яшаш билан боғлиқ муаммо ва ноқулайликлар кўп бор танқид остига олинди, ёритилди. Ечимларга ҳали яқинлашмадик, бироқ, назаримда, масаланинг бошқа қирралари ҳам борки, уларга ҳам эътибор қаратиш керак. Хуллас, муаммоларни кўтаришга, кимнидир танқид қилиш қаратилган мақола эмас, Тошкент шаҳрининг келажаги ҳақидаги субъектив ўйлар деб қабул қиласизлар.

Давлат ташкилотларининг ҳаракатсизлиги-ю ҳокимликларнинг хатолари, ерларни сотиб юбориш, дарахтларни кесиб ташлаш каби муаммолардан ташқари, одамларнинг шаҳарга муносабати, ҳатто одам ва шаҳар муносабатлари ҳам ўрганилишга, ёритилишга муҳтож. Хориж фанида ва матбуотида бу каби масалаларга маълум даражада эътибор берилади, жумладан, антропология фани доирасида ўрганилади. Антропология шаҳарчилик билан қандай боғланишини тушуниш учун аввал бу фаннинг ўзига қисқача таъриф берайлик.

Антропология инсоннинг ташқи қиёфасинигина ўрганмайди

Шунинг учун олтинчи синф тарих дарслигининг кириш қисмида ёзилган таърифни унутинг. Бугунги кунда антропология фанининг моҳияти ва кўлами кенгайиб кетган.

Антропология одам ҳақидаги фандир. Бу фан доирасида одамнинг турли ижтимоий майдонлардаги ҳолати – бир-бири билан, давлат ташкилотлари билан, машиналар билан, табиат билан, маданият билан, дин билан, миллат билан муносабатлари ўрганилади. Унча аниқ тушунтира олмадим деб ўйлаяпман. Ҳозир бошқа томондан тушунтиришга ҳаракат қиламан.

Биз постмодерн даврида яшамоқдамиз. Аниқроғи, глобал миқёсда шу давр, унинг тушунчалари ҳукмрон, алоҳида жамиятлар (шу жумладан бизнинг жамият ҳам) умумий тараққиётдан бироз орқада ёки бироз олдинда бўлиши мумкин. Модерн даврида инсоният онгида аниқ фанларнинг принциплари устунлик қилар эди; ҳар қандай масалага фан нуқтайи назаридан қараш, илмий ечим қидириш, илмий тадқиқот хулосасига қараб у ёки бу нарсани ҳақиқат деб қабул қилиш, хурофотларни кескин инкор этиш ҳукмрон эди. Постмодернда эса инсон фақатгина совуқ мантиқ эмас, ҳис-туйғуларга ҳам таяниши, ҳар бир инсон алоҳида олам экани, унинг ўзига яраша тушунча ва кечинмалари борлиги, ҳар бир инсоннинг ўз ҳақиқати борлиги эътироф этилади. Шу маънода антропология чинакамига постмодерн фанидир: у инсон ҳаёти давомида ўз ҳақиқатларини, ўз реаллигини яратишини, мутлақ реаллик йўқлигини эътироф этади; антропология “мана бу ҳақиқат, бу эса кимнингдир янглиш фикри” деган хулоса чиқармайди, у “мана бу одам шунга ишонади ва бу ишончига мана бу ҳаётий тажрибаси, ақлидаги ишонч ва қарашлари сабаб” шаклидаги хулосаларни беради.