Жаҳон | 08:51 / 08.12.2022
9604
3 дақиқада ўқилади

Меркел: Минск келишувлари Киевга кучайиши учун вақт берди

Германиянинг собиқ канцлери ўз ҳукумати «Шимолий оқим-2»ни нега маъқуллагани ва Минск келишувларини ҳимоя қилганини тушунтирди.

Фото: Reuters

2014 йилда Россия ва Украина ўртасидаги Минск келишувлари ечим эмас, можаронинг «музлатиб қўйилиши» бўлди ва Украинага кучайиш учун «қимматли вақт» берди. Бу фикрни Германиянинг собиқ канцлери Ангела Меркел 7 декабрь, чоршанба куни чоп этилган Die Zeit нашрига берган интервьюсида билдирди.

«2014 йилдаги Минск келишувлари Украинага вақт беришга уриниш эди. У ҳам бу вақтдан кучайиш учун фойдаланган, буни бугун кўриб турибсиз. 2014/15 йилги Украина - бугунги Украина эмас», - деди Меркел 2015 йилда Донецк вилоятидаги Дебальцево учун олиб борилган жангларни мисол сифатида келтирган ҳолда.

«Мен ўшанда НАТО мамлакатлари Украинага ҳозиргидек кўп ёрдам бера олиши мумкин бўлганига шубҳа қиламан», - дея қўшимча қилди Меркел.

«Шимолий оқим-2» газ қувурининг ишга туширилиши ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Меркел уни тасдиқлаш учун ариза ҳукумат томонидан эмас, балки компаниялар томонидан берилганини таъкидлади. «Охир-оқибат, федерал ҳукумат ва мен учун «Шимолий оқим-2»ни маъқуллашни тўғридан тўғри инкор этувчи сиёсий акт сифатида янги қонун қабул қилиш-қилмасликни ҳал қилиш масаласи муҳим аҳамиятга эга бўлди», деб тушунтирди Меркел.

Унинг сўзларига кўра, бундай рад этиш Минск келишувлари билан биргаликда «Россия билан муносабатлардаги кайфиятни хавфли даражада ёмонлаштириши мумкин эди». «Бошқа томондан, энергия сиёсатига қарамлик Нидерландия ва Буюк Британиядан камроқ газ ва Норвегияда чекланган ишлаб чиқариш туфайли юзага келди», деб эслатди собиқ канцлер.

Ўшанда Қўшма Штатлар ҳали СТГ етказиб берувчиси эмас эди ҳамда Қатар ва Саудия Арабистонидан маҳаллий ишлаб чиқаришнинг пасайиши шароитида ёнилғи сотиб олишга мажбур бўлинарди, бу Германиянинг рақобатбардошлигини «сезиларли даражада ёмонлаштиради», деб тушунтирди Меркел.

«Бугун, уруш босими остида мен буни қўллаб-қувватлайман, лекин ўша пайтда бу жуда катта сиёсий қарор бўлар эди», деди у.

Меркел Россиянинг 2014 йилда Қримни аннексия қилганига глобал муносабат етарлича қаттиқ бўлмаганини тан олди. Мисол тариқасида у Россиянинг "катта саккизлик"дан чиқарилиши, НАТО қўшинларини Болтиқ денгизига жойлаштириши ва альянс аъзоларининг мудофаа харажатларини ялпи ички маҳсулот 2 фоизигача ошириш бўйича келишувларини келтирди.

«Аммо биз Россиянинг агрессиясига тезроқ муносабат билдиришимиз керак эди», деб хулоса қилди собиқ канцлер. Украинадаги урушнинг потенциал тугаши ҳақидаги саволга Ангела Меркел бу фақат музокаралар столида якунланиши мумкинлигини айтди.

Мавзуга оид