Украина қуролли кучлари 5 ва 6 декабр кунлари дронлар ёрдамида Россиянинг ички ҳудудлардаги аэродромларига кетма-кет зарбалар берди. Етказилган талафот у қадар катта эмас, икки аэродромда биттадан самолёт шикастланган. Россия дарҳол ушбу аэродромлардаги самолёт ва қанотли ракеталарни эвакуация қилди. Аммо Украина дрони 6 декабр куни Курскдаги ёнилғи омборига яна ҳужум қилди. Шу куни Қримдаги аэродромни нишонга олган бошқа бир Украина дрони уриб туширилди.
Бу зарбалар урушнинг ҳозирги босқичи учун бурилиш нуқтаси бўлиши мумкин. Киев ўзининг дрон ва қанотли ракеталаридан фойдаланишни бошлади. Улар Москвани мамлакат ичидаги инфратузилмаларни нишонга олиш монополиясидан маҳрум қилмоқчи.
Украина қуролли кучлари қандай дронлардан фойдаланди?
The New York Times газетасининг Украина ҳарбий раҳбариятидаги манбасига кўра, дронлар Украина ҳудудидан учирилган. Энг узоқ нишон — Саратов областининг Энгелс шаҳридаги аэродромгача бўлган масофа Киев томонидан назорат қилинадиган ҳудуддан (Харкив области шарқи) тахминан 630 километрни ташкил қилади.
Россия мудофаа вазирлиги зарбаларда «Совет иттифоқи даврида ишлаб чиқарилган реактив дронлар»дан фойдаланилганини маълум қилди. Бу версия Энгелс шаҳридаги кузатув камераси томонидан суратга олинган видео тасвирлари билан мос келади: портлашдан бироз олдин аэродромда реактив двигател овози аниқ эшитилган.
600 километрдан кўпроқ масофага уча оладиган ягона «совет даврида ишлаб чиқарилган реактив дрон» — Ту-141 «Стриж» ҳисобланади.
Душманнинг орқа чизиғини тезкор разведка қилиш учун мўлжалланган ушбу дрон 1970-йиллар охирида ишлаб чиқилган. У компютер хотирасига аввалроқ киритилган маршрут бўйлаб товуш тезлигига яқин тезликда минг километр масофани учиб ўта олади. Қурилма замонавий стандартларга кўра жуда катта: унинг узунлиги деярли 15 метр, оғирлиги эса беш тоннадан ортиқ.
1990-йилларга келиб, «Стриж» эскирди: стандарт отиш режимидаги икки километрдан кўпроқ баландликда у ҳаво мудофааси учун нисбатан осон нишонга айланди. Шундан бери бу дронлар Россия Федерацияси ва Украина қуролли кучларида зенит-ракета тизимлари ҳисоб-китобларини ўрганиш учун нишон сифатида ишлатилади. Бошқа қисмлар қаторида, дрон сенсорлари ҳам эскирган (асосий версияда кинокамералар ишлатилган).
Бироқ, 2014 йилдан кейин Украина қуролли кучлари «Стриж»ларни яна ўз разведка мақсадларида ишлата бошлади ва Донбассда улардан фойдаланди.
2022 йил октябр ойида Украина минг километр масофага уча оладиган ва 75 килограмм оғирликдаги жанговар каллакка эга бўлган ўзининг оғир камикадзе дронини ишлаб чиққани ва уни ишлаб чиқаришга тайёрланаётганини эълон қилди. 4 декабр куни, Россиядаги аэродромларга зарбалар берилишидан бир кун олдин, Киев дронлар «сўнгги синовлар»дан ўтаётганини маълум қилди. Эҳтимол, бу дронлар Ту-141’нинг буткул модернизация қилинган шакли бўлиши мумкин. Бунинг учун Украинада ишлаб чиқариш ва муҳандислик базаси мавжуд: СССР «Стриж»ларни Харкив авиация заводида ишлаб чиқарган.
















