Ўзбекистон | 19:10 / 09.12.2022
10502
5 дақиқада ўқилади

«Динимизда пора берувчи ҳам, олувчи ва воситачи ҳам лаънатланган» — Муфтий коррупционерларни бошқаларнинг мулкини ейиш гуноҳидан огоҳлантирди

«Пора нима деб аталмасин, барибир поралигича қолаверади Ҳозир ҳеч ким билмаяпти дея одамларни алдаб, танишларим орқали қонунни четлаб ўтяпман, деб ўйлашимиз мумкин. Қиёматда бундай бўлмайди. Аллоҳ таоло қўлимизга ҳамма нарса ёзилган китобимизни берганида «дод» деймиз, лекин ҳеч нарса қилолмаймиз», – дейди муфтий Нуриддин Холиқназаров

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров тараққиёт кушандаси ва жамиятни ичидан емирадиган офат – коррупция иллатидан сақланиш ҳақида юртдошларимизга мурожаат қилди.

«Порахўрлик диний манбаларимизда «ришва» деб номланиб, бировнинг фойдасига ҳукм қилиш ёки истагини амалга ошириш учун иш эгасига бирор нарса беришга айтилади. Ришва сўзи «рашаа»дан олинган бўлиб, жўжа егулик илинжида ўз онасига бўйнини чўзишига айтилади. Худди шунингдек, порахўр ҳам ўзи ҳақли бўлмаса-да одамлардан бирор нарса олиш илинжида қўли ва бўйнини чўзади. Порахўрлик Қуръони карим, ҳадиси шариф ва уламоларнинг ижмосига кўра ҳаром иш ва катта гуноҳ ҳисобланади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай дейди: «Бир-бирларингизнинг молларингизни ноҳақ еманглар. Билатуриб одамларнинг молларидан бир қисмини ейиш мақсадида гуноҳ йўл билан уни ҳокимларга узатманглар» (Бақара сураси, 188-оят).

«Молларни ноҳақ ейиш»га пора бериш ва олиш, ўғрилик қилиш, омонатга хиёнат қилиш, фирибгарлик, фоиз олиш, қарзга нарса олиб, ундан тониш, зўрлик билан тортиб олиш, қиморда ютиб олиш, ўлчов ва тарозидан уриш, одам савдоси, сеҳр ва фолбинлик билан пул топиш, ножоиз тижорат билан молни қўлга киритиш киради. Юқоридаги усуллар орқали мол топиш шариатда ҳаром қилинган.

Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пора берувчи, пора олувчи ва уларнинг ўртасидаги воситачини лаънатладилар» (Имом Аҳмад ривоят қилган).

Бугун жамиятда шу учаласидан бири бўлиб қолиш кўпайди. Агар ҳаммамиз ҳам Аллоҳдан қўрқиб, ҳадисга амал қилиб, пора бериш ва воситачиликдан ҳам тўхтасак, жамиятда иншаллоҳ, бу муаммо йўқолади. Расулуллоҳ алайҳиссалом лаънатлаган бу иш қанчалик оғирлигини тасаввур қилишимиз керак».

Муфтий, шунингдек, пора олаётганлар уни ҳадя деб, ўзини оқлашга ҳаракат қилса ҳам у гуноҳлигича қолаверади.

«Шуни яхши билишимиз керакки, пора нима деб аталмасин, барибир поралигича қолаверади. Баъзан пора олаётганлар уни «ҳадя», «совға» деб, ўзини оқлашга, «йўл» топиб олишга одатланган бўлади. Берувчилар ҳам доимо «кўнгилдан чиқди», «атаб қўйганмиз», «эҳсон» каби «чиройли» сўзлар билан ўзининг қабиҳ амалларини «бўяб», уни рўёбга чиқаришга ҳаракат қилади. Эътибор қаратадиган бўлсак, Исломда «ҳадя» сўзи ҳам аниқ таърифга эга бўлиб, у бирор инсонга фойдаланиш мақсадида савобдан бошқа ҳеч қандай манфаатни кўзламай беришдир. Ҳадянинг замирида одатда, одамларнинг меҳр-у муҳаббатини қозониш, уларга бўлган ҳурматни ифодалаш каби эзгу мақсадлар ётади. Шу билан бирга, ҳадя олувчидан бирор нарсани ноҳақ ундиришни ният қилмайди. Бир сўз билан айтганда унда ғараз ва тама бўлмайди!» – дейди Нуриддин Холиқназаров.

«Демак қаттиқ гуноҳлардан бири бир-бирларининг молини ботил йўл билан ейишдир. Қандай қилиб бўлса ҳам: тарозидан урадими, порахўрлик бўладими, тамагирлик бўладими, рози қилмасдан бировнинг молини еса – ботил йўл билан еяётган бўлади. Қиёматда бунинг учун жавоб беради. Албатта бир кун бу дунёдан ўтиб, Аллоҳнинг ҳузурига борамиз. Ҳеч ким билмаяпти, одамларнинг кўзини алдаб, қонунни четлаб ўтиб кетяпман, таниш-билишим билан ҳаммасини ҳал қилиб кетяпман, деб ўйлашимиз мумкин.

Қиёматда бундай бўлмайди. Аллоҳ таоло қўлимизга ҳамма нарса ёзилган китобимизни берганида «дод» деймиз, лекин ҳеч нарса қилолмаймиз. Ўшанда бир-бирларимизга ҳаққимизни олиб бермасдан туриб, Аллоҳ бизни ҳисоб-китоб қилмайди. Золимнинг савобларидан мазлумга олиб берилади. Савоблар етмаса, ҳақдорнинг гуноҳлари мазлумга ўтади. Қиёматда аҳволимиз вой бўлмаслиги учун, ботил йўл билан пул топишдан сақланишимиз керак», – дейди муфтий ўз мурожаатида.

Мавзуга оид