Тошкентда шифохонанинг 120 йиллик биноси ССВ буйруғи билан «парковка» учун бузиб ташланди
Тошкент стоматология институтига қарашли болалар жағ хирургияси бўлими биноси соғлиқни сақлаш вазири буйруғи билан бузиб юборилган. Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси бино яроқсизлиги бўйича хулоса бермаганини айтмоқда. Қонунга кўра Мусаев ваколатларидан четга чиққан бўлиши мумкин.
Муаммо нимада?
Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев 2022 йил 20 сентябрда имзолаган 255-сон буйруқ билан Тошкент шаҳридаги Тошкент стоматология институтига қарашли бир қаватли болалар жағ хирургияси бўлими биноси бузиб ташланган.
Бинони бузишдан мақсад Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази учун автотураргоҳ қуриш бўлган. Буйруқда кўрсатилишича, қурилиш буюртмачиси «Тиббиёт қурилиш инжиниринг» унитар корхонаси ҳисобланади.
Мусаев бинони бузишга буйруқ бериш ваколатига эгамиди?
Бино бузилиши ортидан пайдо бўладиган илк савол шуки, соғлиқни сақлаш вазирининг бинони бузиш ҳақида буйруқ чиқаришга ваколати борми?
Президентнинг 2017 йил 23 январда эълон қилинган «Тадбиркорлик мақсадларида фойдаланиш учун давлат мулки объектларини сотишни жадаллаштириш ва унинг тартиб-таомилларини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига кўра, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши ва вилоят, туман, шаҳар ҳокими мутлақ Ўзбекистон Республикаси мулкида бўлган давлат мулки объектларига нисбатан ишлаб чиқариш ва ижтимоий объектларни самарали жойлаштириш, табиий ва меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланиш, атроф-муҳитни муҳофаза этиш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида назоратни амалга оширадилар. Бунда вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси хулосасига кўра яроқсиз деб топилган давлат кўчмас мулк объектларини бузиб ташлаш тўғрисида қарорлар қабул қилиш ҳуқуқига эга.
«Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонуннинг 7-моддаси ҳамда юқоридаги фармондан кўринадики, давлат мулкида бўлган объектларни бузишга фақат вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш соҳасида назорат инспекциясининг хулосасига кўра қарор қабул қила олади. Вазир Беҳзод Мусаевда давлат мулки объектини бузиш бўйича ваколат бўлганми ёки йўқ, бунга вазирлик ахборот хизматидан тайинли жавоб ололмадик. Барчаси қонунлар асосида амалга оширилганини айтган Фурқат Санаев ўзи ваъда қилган вақт ичида тегишли асосларни кўрсата олмади.
Бино яроқсиз деб топилмаган
Тадбиркорлик мақсадларида фойдаланиш учун давлат мулки объектларини сотишни жадаллаштириш ва унинг тартиб-таомилларини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармондан кўринадики, бинони бузишга буйруқ чиқиши учун ҳам аввало Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш соҳасида назорат инспекциясининг хулосаси олиниши керак. Қурилиш вазирлигининг Kun.uz’га берган маълумотига кўра, бино бўйича буюртмачи ташкилот, яъни «Тиббиёт қурилиш инжиниринг» унитар корхонаси техник кўрик учун Қурилиш соҳасида назорат инспекциясига мурожаат қилмаган.
Шунингдек, фармонга кўра, инспекция хулосасидан кейин Давлат активларини бошқариш агентлиги бинони баҳолаб, аукционга чиқариши, аукционда ютиб олган тадбиркорлик субъектигина бинони бузиб олиши мумкин.
120 йиллик объект
Болалар жағ хирургияси бўлими деб аталадиган бино Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги Кичик ҳалқа йўли 103-уйда жойлашган эди (ҳозир бузиб юборилган). Очиқ манбалардаги маълумотларга кўра, бино 1901 йилда қурилган. Олдин бино «Саратон касалликлари бўлими (Раковый корпус)» деб аталган. Бу бинода 1954 йилда рус ёзувчиси Александр Солженицин даволанган. Ёзувчи шу касалхонада даволангандан кейин 1963–1966 йилларда «Раковый корпус» романини ҳам ёзган.
Шу фактнинг ўзи ҳам бинонинг тарихий қиймати қанчалик баланд эканлигини кўрсатади.
Бино маданий мерос объектига кирадими?
Шу савол билан Маданий мерос агентлигига йўлланган мурожаатга жавобан агентлик бино маданий мерос объектлари рўйхатига киритилмаганини маълум қилди. Бинони маданий мерос объектига киритиш кимнинг вазифаси?
«Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарорида кўрсатилишича, тарихий-маданий қийматга эга бўлган объектларни Давлат кадастрига киритиш тўғрисидаги таклифларни тегишли равишда объектларнинг эгалари ёхуд жойлардаги давлат ҳокимияти органлари билан келишган ҳолда ҳудудий бошқармалар ҳам киритишга ҳақлидир. Яъни бу ҳолатда Яшнобод туман ҳокимлиги Маданий мерос агентлигига мурожаат қилиб, бинони маданий мерос объектига киритиш бўйича таклиф бериши мумкин эди.
Болалар жағ хирургияси бўлими тақдири нима бўлди?
Kun.uz’га берилган маълумотга кўра, бино 2022 йил сентябр ойида бузиб юборилган. Бино бузилгунга қадар бўлимда фаолият юритиб келган шифокорлар ва бошқа ходимлар Стоматология институти спорт залининг биринчи қаватига кўчиб ўтиб, ишлаб юришибди. Шунингдек, соғлиқни сақлаш вазири чиқарган буйруқда ҳам болалар жағ хирургияси бўлими қаерда фаолият олиб бориш кераклиги масаласи очиқ қолиб кетган.
Қонун бузилганми?
Ҳозир Болалар жағ хирургияси бўлимининг 120 йил олдин қурилган биноси бузиб бўлинган. Бинонинг бузиб юборилиши эса айрим қонунбузилишларига сабаб бўлган.
Аввало, яроқсиз ёки яроқлилиги ҳақида хулоса берилмаган давлат мулки ҳисобланган бинони бузиш учун буйруқ беришга бирор ташкилотнинг ваколати йўқ. Мабодо бино яроқсизлиги аниқланган тақдирда ҳам уни бузиш ҳокимлар қарори асосида амалга оширилади. Учинчидан, қурилганига 120 йил бўлган бўлса, бу анча қадимий бино ҳисобланиб, туман ҳокимлиги Маданий мерос агентлигига бинони маданий мерос объектлари рўйхатига қўшишни ўрганиш бўйича мурожаат қилиши керак эди.
Ва ниҳоят болалар жағ хирургияси бўлими шифокорлари айни дамда сарсон бўлиб юргани, уларнинг биноси олиб қўйилиб, тайинли бино ажратилмагани, тиббий ёрдамга муҳтож болаларга етарли шароитга эга бўлган бошқа жой ажратилмагани ҳам масаланинг оғриқли томони.
Болалар жағ хирургияси бўлимининг собиқ биноси ерлари ҳам уй ёки бизнес марказ қуриш учун ажратиб берилмайди деган яхши гумонда бўламиз. Бироқ бино бузилганидан кейин ҳозиргача узоқ вақт давомида ташлаб қўйилгани шубҳаларга сабаб бўлиб турибди.
Зуҳра Абдуҳалимова, журналист
Мавзуга оид
13:42 / 23.11.2024
Дубайда қийин аҳволда қолган ўзбекистонлик ватанга қайтарилди
16:44 / 29.10.2024
Германияда 18 ёшли йигит ноқонуний парковкалар ҳақида хабар бериб, миллионерга айланди
18:09 / 24.10.2024
ССВ болаларни нафас аъзолари касалликларидан ҳимоя қилиш бўйича тавсиялар берди
12:42 / 17.10.2024