Ўзбекистон | 12:42 / 17.10.2024
7637
3 дақиқада ўқилади

Соати 5 мингдан 12 минггача — Тошкентда пулли “парковка” нархлари тасдиқланди

Пойтахт ҳокимининг қарори билан пулли “парковка”ларни ташкил этиш тартиби ҳамда тўлов нархлари тасдиқланди. Унга кўра, 2025 йил 1 январгача “Пулли тўхтаб туриш жойлари” акс этадиган ахборот тизими фойдаланишга топширилади.

Тошкент шаҳар ҳокимининг 16 октябрда қабул қилган тегишли қарори билан пойтахт кўчаларида пулли автотураргоҳлар ташкил этилади. Ҳужжат билан пулли автотураргоҳлардан фойдаланиш нархлари белгиланди.

Таъкидланишича, 2025 йил 1 январгача “Tashkent Invest Компанияси” АЖ ҳокимлик ҳузуридаги Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан “Пулли тўхтаб туриш жойлари” ягона автоматлаштирилган ахборот тизимини фойдаланишга топширади, ташкил этиладиган транспорт воситаларининг пулли тўхтаб туриш жойлари ускуналарини улашга тайёрлик кўради.  Ишлаб чиқилган тартибга кўра, пулли паркинглар инвесторларни жалб қилган ҳолда ташкил этилади.

Тўлов техник операторга “пуллик тўхташ жойлари” ААТ доирасида жорий қилинган биллинг тизими ҳисоблагичи маълумотлари асосида нақдсиз усулда ёки нақд пулда (техник мосламасида кўзда тутилган) амалга оширилади.

Техник оператор маблағларнинг бир қисмини ижара шартномаси билан белгиланган миқдорда Тошкент шаҳар Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси ҳузуридаги автомобил йўлларини ривожлантириш ҳудудий мақсадли жамғармасига ўтказади.

Паркингдан фойдаланганлик учун тўлов у ишга туширилган кундан бошлаб амалга оширилади, бундан қуйидаги бепул жойлаштиришлар мустасно:

●  Фавқулодда вазиятлар ва махсус хизматлар фаолиятини амалга ошириш учун фойдаланиладиган жигарранг, қизил ёки кўк-қизил милтилловчи чироқ ва махсус овозли сигналлар билан жиҳозланган транспорт воситалари;

●  Олд ва орқа ойналарида “7.17” йўл белгиси тасвири туширилган I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган ногиронларнинг транспорт воситалари (жумладан, ногиронлар учун мўлжалланган махсус транспорт воситалари);

●  II Жаҳон уруши қатнашчисининг транспорт воситаси;

●  Давлат рўйхатидан ўтказилмайдиган икки ғилдиракли транспорт воситалари.

Паркингда, шу жумладан савдо корхоналари, хизмат кўрсатиш, тиббиёт, спорт ва маданий-кўнгилочар муассасалар ёнидан камида 5 фоиз жой (лекин бир дона жойдан кам бўлмаган) имтиёзли рухсатномага эга бўлган шахслар томонидан бошқариладиган транспорт воситаларини бепул жойлаштириш учун ажратилади.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 111-сонли қарорига асосан, Тошкентда йўл бўйи пулли автотураргоҳлар 2022 йилнинг ноябр ойидаёқ жорий этилиши керак эди. Паркоматлар шаҳарнинг қайси кўчаларида ташкил этилиши ҳам эълон қилинганди.

Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Тошкент шаҳар транспорт тизимини комплекс ривожлантириш лойиҳа офиси раҳбари Мурод Обидов лойиҳани амалга оширишга “норматив-ҳуқуқий базадаги муаммо” халал бераётганини, қонунчиликда бу борадаги тартиб ишлаб чиқилмагани сабаб жараён чўзилаётганини айтганди.

“Биз Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритиш керак бўлган нормаларни ишлаб чиқиб, вазирлик ва идоралар билан келишиш учун киритдик. Бу жараённинг ўз регламенти бор, афсуски, қонунчиликка ўзгартириш киритиш тез бўладиган жараён эмас”, – деганди масъул.

Мавзуга оид