2022 йилда дунё бўйлаб 67 журналист ҳалок бўлди – Халқаро журналистлар федерацияси
Россиянинг Украинага бостириб кириши бутун дунё бўйлаб ўлдирилган журналистлар сонининг кўпайишига олиб келди.
Халқаро журналистлар федерацияси (ХЖФ) маълумотларига кўра, 2022 йилда дунё бўйлаб 67 журналист ҳалок бўлди, бу ўтган йилга нисбатан 20 нафарга кўп.
Қайғули рўйхатда биринчи ўринни Украинадаги уруш ҳудуди эгаллаб турибди. У ерда 12 журналист ҳалок бўлган.
Иккинчи ўринда Мексика (11), сиёсий вазият таранглигича қолаётган Гаити (6) учинчи ўринда қайд этилган.
Покистондаги сиёсий инқироз даврида 5 журналист ўлдирилган. Филиппинда президент Маркос ҳукмронлиги даврида журналистларга нисбатан зўравонлик оқибатида 4 нафари ҳаётдан кўз юмган.
Умуман олганда, Америка қитъасида 29, Осиё-Тинч океани ҳудудида 16, Европада 13, Яқин Шарқ ва араб дунёсида 5, Африкада 4 журналист ўлими қайд этилган.
ХЖФ бош котиби Энтони Белланжернинг айтишича, бу бутун дунё ҳукуматларини уйғотувчи қўнғироқ сифатида баҳоланиши керак.
Белланжер журналистикани демократия устунларидан бири деб атади ва ҳаракатсизлик фақат ахборот тарқалишини чеклашга интилаётганларни рағбатлантириши ҳақида огоҳлантирди.
Шунингдек, ХЖФ 2022 йилда сиёсий репрессия қурбонига айланган журналистлар сонини ҳам очиқлади. Оммавий ахборот воситаларининг овозини ўчириш ва эркинлик норозиликларини бостириш мақсадида Хитой, Беларус, Миср, Ҳонгконг, Эрон, Мянма, Туркия ва Россияда журналистларни таъқиб қилиш кучайган. Ҳозирда камида 375 нафар журналист ва оммавий ахборот воситалари ходимлари панжара ортида қолмоқда. Бу сўнгги икки йилдаги энг ёмон кўрсаткичдир.
Хитой ва Ҳонгконгда қамоққа олинган журналистлар сони энг кўп – 84 нафарни ташкил қилмоқда. Кейинги ўринларни Мянма (64), Туркия (51), Эрон (34), Беларус (33), Миср (23), Россия (29), Саудия Арабистони (11), Яман (10), Сурия (9) ва Ҳиндистон (7) эгаллаб турибди.