«Anorbank» хусусий банки Sof.uz томонидан эълон қилинган видеоматериал учун нашрни судга бериб, 10 миллиард сўм моддий ва 5 миллиард сўм маънавий зарар ундиришни сўрамоқда. Нашр ва банк ўртасида юзага келган ушбу ҳолат жамоатчилик фаоллари томонидан салбий қарши олинди.

Журналистлар ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров ўзини ҳақман дея ҳисоблаган ташкилот, муаммоларга ечим топиш ўрнига, ахборот тарқатувчини судга бергани ҳақида ёзган.

«Ҳар қандай ОАВ бирон бир муаммони ўрганиб, журналистик суриштирув ўтказар экан, унинг мақсади шахсий манфаатлардан холи равишда жамоатчиликка холис ахборотни етказишдан иборат.

Афсуски, бугунги кунга келиб барча ташкилотлар ҳам очиқлик сиёсатини тўла-тўкис англамаган ҳолда юқоридаги каби хатоликларга йўл қўймоқда. Агарда банк томонидан ўз вақтида мурожаатларга эътибор берилганда ва ечим изланганида бу муаммолар ОАВга олиб чиқилмас эди», – дейди Олимжон Ўсаров.

Шунингдек, уюшма раҳбари ташкилотлар фаолиятининг очиқлик сиёсатини бузганлик учун ҳам жавобгарлик белгиланганини эслатган ҳамда ҳолатга холис, ҳуқуқий баҳо берилишини сўраган.

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа эса ОАВга жарима сифатида юқори сумма белгиланиши келажакда уларнинг ривожига тўсқинлик қилиши мумкинлигини қайд этган.

«Бу каби ҳолатлар жаҳон тажрибасида тез-тез кузатилади. Бундай кейсларнинг аксариятида ўз обрў эътиборига эга ташкилотлар обрўсизлантирилгани боис бунга сабабчи бўлган ОАВдан рамзий $1 миқдорида пул ва нашрнинг ўзида расмий маълумот-раддия билан чиқишни талаб қилишади. Суд жараённи ўрганиб чиққач, айбсиз топилган тарафнинг талаблари қондирилади.

«Anorbank» Sof.uz нашридан қанча маблағ талаб қилиши бу унинг иши, нашр бу суммани тўлай оладими-йўқми, бу ҳам масаланинг ноаниқ тарафи.

Бироқ ташкилотлар томонидан ОАВга жарима сифатида нопропорционал юқори сумма белгиланиши келажакда очиқ бўлган ОАВ ривожига тўсқинлик қилиши мумкинлигини ҳам унутмаслигимиз керак», – дейди Шерзодхон Қудратхўжа.