09:15 / 12.12.2022
11879

«Орион» космик кемаси Тинч океанига қўнди

"Артемида-1" миссияси доирасида астронавтларсиз бўлган NASA космик кемаси Ойга икки марта яқинлашди, шунингдек, узоқ ретроград Ой орбитасига кирди.

Фото: Caroline Brehman-Pool/Getty Images/AFP POOL

11 декабрь, якшанба куни бортида астронавтлар бўлмаган Американинг «Орион» (Orion) космик кемаси «Артемида-1» (Artemis 1) миссияси доирасида Ойга синов парвозини муваффақиятли якунлади. Космик кеманинг тушиш капсуласи АҚШ Ғарбий соҳил вақти билан соат 09:40 да (Тошкент вақти билан 22:40 да) Мексиканинг Қуйи Калифорния штати қирғоқлари яқинида Тинч океанига қўнди, деб хабар берди АҚШ Миллий аэронавтика ва коинот бошқармаси (NASA).

Space Launch System (SLS) ўта оғир ракета ташувчиси 16 ноябрь куни Флорида штатидаги Канаверал бурнидан техник муаммолар ва ёмон об-ҳаво туфайли бир неча марта кечиктирилганидан сўнг учирилди.

25 кундан ортиқ давом этган миссия давомида "Орион" икки марта - 21 ноябрь ва 5 декабрда Ой атрофида учиб, унинг юзасига тахминан 130 км масофага яқинлашди. Бундан ташқари, у олти кун чуқур ретроград Ой орбитасида бўлди. Ўша пайтда Ой юзасига масофа тахминан 85 минг км эди. Ушбу орбитада бўлиш кеманинг имкониятларини баҳолаш ва унинг тизимларини Ердан жуда узоқ масофада синаб кўриш имконини берди.

"Артемида" Ой дастурининг мақсади - "Аполлон" (Apollo) деб номланган сўнгги миссиядан ярим аср ўтгач, астронавтларни Ойга қайтариш, шунингдек, Ой станцияси қуриш ва келажакда Ойнинг эҳтимолий колонизацияси учун шароит тайёрлаш.

2024 йилда NASA "Артемида-2" миссияси доирасида Ойга тўрт нафар астронавт юборишни режалаштирмоқда. Бошқариладиган кема Ер сунъий йўлдоши атрофида учиши керак бўлади, шундан сўнг у Тинч океанига қўнади. 2025 йилга мўлжалланган "Артемида-3" миссияси доирасида америкалик астронавтлар яна Ой юзасига қўнади.

Top