Ер юзида ҳар йили кўплаб тўфонлар содир бўлмоқда ва минглаб одамлар ўлмоқда. Шаҳар ва қишлоқлар вайрон бўлмоқда. Бир неча кун олдин «Отис» деб номланган ана шундай тўфонлардан бири Мексикага анча зарар етказди.

Тинч океанида пайдо бўлиб, Мексиканинг жанубий қирғоқларига ёпирилган тўфоннинг кучи Саффир-Симпсон шкаласи бўйича энг юқори бешинчи тоифага чиққан.

Герреро штатида шамолнинг тезлиги секундига 75 метргача етган. Оқибатда, одамлар ҳалок бўлди, 500 мингга яқин турли бинолар ва аҳоли хонадонлари чироқсиз қолди.

«Отис» тўфони энг йирик табиий офат эмас. Яқин тарихда бундан ҳам йирик ва вайронкорроқ кўплаб тўфонлар содир бўлган. Қуйида тўфонларга нега ном берилиши сабаблари ва XXI асрда содир бўлган йирик тўфонлар ҳақида маълумот берамиз.

«Отис» тўфони Мексиканинг курорт шаҳарларига жиддий зарар етказди

Тўфонлар нега номланади?

Ер юзи бўйлаб содир бўлаётган йирик тўфонларга турли номлар берилиши одат тусига кирган. Бунинг тарихи ХХ асрнинг бошларига бориб тақалади. Илк бор тўфонларни австралиялик Клемент Рагг номлай бошлаган.

Рагг турли тўфонларни табиат ҳодисаларини ўрганиш учун маблағ ажратишда жонбозлик кўрсатган парламент аъзолари номлари билан атаган.

Кейинроқ, Иккинчи жаҳон уруши пайтида америкалик ҳарбийлар Кариб ҳавзасида содир бўлган турли тўфонларга турмуш ўртоқлари ёки оналарининг исмларини қўйишган.

1950 йилдан бошлаб эса тўфонларга ҳарбий алифбо фонетикаси асосида ном бериш тизими жорий этилади. 1953 йилда тўфонларга яна аёллар исмини қўйиш тартибига қайтилади.

1979 йилдан бошлаб Жаҳон метеорология ташкилоти тўфонларга қўйиладиган исмлар рўйхатига эркаклар исмини ҳам қўшади. Бироқ ўшандан кейин ҳам бундай табиий офатларга асосан аёллар исми бериб келинмоқда.

Тўфонлар пайдо бўладиган бир нечта минтақаларнинг ҳар бири ўз рўйхатига эга. Мисол учун, Атлантика океанида пайдо бўладиган тўфонлар учун ҳар бири 21 номдан иборат 6 та рўйхат мавжуд.

Мазкур рўйхат 6 йил давомида тўфонларга қўйиб борилади. Олтинчи йилда рўйхат тугагандан сўнг еттинчи йилдан яна биринчи рўйхатдаги номлар қайта қўйила бошланади.

Мабодо, бир йилда 21 дан ортиқ тўфон содир бўлса ва рўйхатдаги номлар етмай қолса унда кейингиларига грекча ҳарфлар номи қўйилади. Йирик ҳамда катта ҳалокатларни келтириб чиқарган тўфонлар номи рўйхатдан чиқариб ташланади ва бошқаларига қўйилмайди.