Жаҳон | 21:18 / 13.12.2022
11935
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда саккизта янги сув омбори қурилиши режалаштирилмоқда

Қозоғистон Республикасида 2023–2025 йилларда сув тармоғини ривожлантиришнинг комплекс режаси лойиҳаси бош вазир Алихон Исмоилов раислигидаги Қозоғистон Сув кенгашида кўриб чиқилган. Режага кўра, Қозоғистонда янги сув омборлари барпо этиш режалаштирилмоқда.

Фото: primeminister.kz

Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси бош вазирининг расмий ахборот ресурсида хабар қилинган.

Хабарда айтилишича, комплекс режа янги таҳрирдаги Сув кодексини ишлаб чиқиш, сув ресурслари ва сув хўжалиги муаммолари бўйича илмий марказ яратиш, сув истеъмолини тартибга солиш бўйича иқтисодий механизмларни жорий этиш, сув хўжалиги инфратузилмасини такомиллаштириш ҳамда бошқа чораларни тақозо этади.

Хусусан, Ақмўла, Ақтўбе, Алмати, Жамбул, Шарқий Қозоғистон ва Қарағанда областларида саккизта янги сув омбори қуриш ва мавжуд 16 тасини реконстукция қилиш режалаштирилмоқда. Бу қўшимча сув захираларини тўплаш, 124 та аҳоли пункти учун ёғин-сочиндан тошқин юзага келиш хавфини камайтириш, 170 минг гектардан ортиқ суғориладиган янги майдонларни фойдаланишга топшириш имконини беради.

Бундан ташқари, суғориш каналларини ҳам реконструкция қилиш, сув ресурсларини бошқаришни рақамлаштириш ҳам назарда тутилган бўлиб, бу чоралар сув сарфининг меъёрдан ошишига чек қўйиб, йўқотишларни ҳам камайтиришга олиб келади.

«Кейинги уч йил ичида биз иқтисодиётимиз ва фуқароларимиз учун жуда катта самара намойиш этадиган энг долзарб муаммоларини ҳал қилишимиз керак. Бир томондан, энг максимал самара кўрсатадиган, иккинчи томондан, биринчи навбатда реконструкция қилиниши талаб этиладиган сув иншоотлари бўйича хавфсизлик масалаларини ечиш имконини берувчи энг устувор лойиҳаларни танлаб олишимиз керак», — деган бош вазир Исмоилов.

Қозоғистон бош вазири Комплекс режа доирасида соҳа учун кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш бўйича чораларни қайта кўриб чиқиш, шунингдек космик мониторинг ва замонавий технологик ечимлар воситасида сув сарфи устидан назорат механизмларини жорий этиш зарурлигини ҳам таъкидлаган.

Мавзуга оид