Европа Иттифоқи давлатлари Венгрияга тўловларни тўхтатишга рози бўлди
Европа давлатларининг элчилари ЕИ кенгашига Европа Иттифоқи бюджетидан тўловларнинг бир қисмини музлатиб қўйишни тавсия қилди, бу миқдор Европа комиссияси тавсия этган миқдорнинг ярмини ташкил этади.
Венгрия билан демократик меъёрларга риоя қилиш бўйича можарода ЕИ мамлакатлари элчилари ЕИ кенгашига бу мамлакатга Европа бюджетидан 6,3 миллиард евро тўлашни тўхтатиб қўйишни тавсия қилди. Бу тавсиянома Европа Иттифоқи мамлакатлари доимий вакиллари қўмитаси зарур чораларни кўриш учун зарур кўпчилик овозни олганлигини англатади, деб хабар берди ЕИ кенгаши 13 декабрь, сешанбага ўтар кечаси.
Шундай қилиб, Европа давлатлари Европа комиссияси илгари таклиф қилганидек, унчалик катта бўлмаган тўловларни музлатиш тарафдори бўлди. Politico’нинг қайд этишича, Европа Иттифоқи элчилари Венгриядаги музлатилган маблағлар миқдорини камайтириш эвазига мамлакатнинг бир қатор муҳим масалалар, жумладан, Украинага 18 миллиард евролик молиявий ёрдам пакетини тасдиқлаш бўйича ветосини олиб ташлаш эвазига келишиб олган. Венгрия бош вазири Виктор Орбаннинг тактик ветоси Европа Иттифоқи мамлакатларини молиялаштиришни қисқартириш таклифини юмшатишига олиб келди, бу эса Орбаннинг ғалабасини англатади.
Ноябрь ойи охирида Брюссел идораси Венгрияга 13 миллиард евродан ортиқ миқдорда ёрдам тўланишига қарши чиқди. Регулятор Будапештнинг пандемия иқтисодий оқибатларини бартараф этиш учун ЕИ ёрдамидан фойдаланиш режаларини маъқуллади, аммо барча шартлар бажарилмагунча бунинг учун ажратилган 5,8 миллиард евро миқдоридаги маблағни тўламасликни тавсия қилди. Шу билан бирга, Еврокомиссия барча Европа Иттифоқи давлатларини ЕИ мамлакатларида турмуш даражасини тенглаштиришни мақсад қилган дастур доирасида Венгрияга 7,5 миллиард евро миқдоридаги тўловни музлатишга чақирди.
Брюссел бир неча бор Орбан ҳукуматини инсон ҳуқуқлари, демократик стандартлар ва коррупцияга қарши кураш соҳасидаги Европа Иттифоқи тамойилларини бузганликда айблаган. Шу билан бирга, Еврокомиссия биринчи марта Европа Иттифоқи бюджетидан мамлакатга тўловларни камайтириш имконини берувчи Европа Иттифоқининг қонун устуворлиги механизмини қўллаш имконияти ҳақида огоҳлантирди.
Европа Иттифоқининг қарори Будапешт учун оғир зарба бўлади, чунки унга ваъда қилинган тўловлар Венгриянинг бу йилги ялпи ички маҳсулоти бир неча фоизини ташкил қилади. Мутахассислар, шунингдек, ЕИ ва Венгрия ўртасидаги Будапештнинг бир овоздан Европа Иттифоқи қарорларини, хусусан, Россияга қарши санкциялар ёки Украинага ёрдам кўрсатишни талаб қилувчи қарорларини блоклаш имкони туфайли юзага келиши мумкин бўлган оқибатларнинг жиддийлигини таъкидламоқда.
6 декабрь куни Венгрия Европа Иттифоқининг Украинага 2023 йилга мўлжалланган 18 миллиард евролик ёрдам пакетини блоклади. Европа Иттифоқи кенгаши олдида 26 та аъзо давлат Европа комиссияси билан келишиб олган - Украинага ёрдам бериш учун зарур маблағлардан фойдалана олиш бўйича имкон қадар тезроқ келишувга эришиш вазифаси турибди.
Мавзуга оид
10:44 / 17.11.2024
Миллатлар лигасида форс-мажор. Венгрия мураббийи ҳушини йўқотди, Руминия ва Косово ўйинида сиёсий можаро
10:05 / 17.11.2024
Трампнинг қайтиши: Украина масаласида АҚШ ва Европанинг позицияси бўлинадими?
16:16 / 08.11.2024
Тахтиқорача довонида тош босиб қолганларнинг икки нафари венгриялик бўлган
17:48 / 06.11.2024