Миллатлар лигасида форс-мажор. Венгрия мураббийи ҳушини йўқотди, Руминия ва Косово ўйинида сиёсий можаро
Венгрия футболининг яқин ўтмишдаги афсонаси Адам Салаи шифохонага олиб кетилган.
Миллатлар лигаси гуруҳ босқичи 5-тури доирасида Нидерландия ва Венгрия ўртасидаги учрашув вақтида қўрқинчли эпизод юзага келди. «Йоҳан Кройф Арена» стадионидаги ўйиннинг биринчи бўлими меҳмонлар мураббийлар штаби вакили Адам Салаи ўзини ёмон ҳис қилиши туфайли тўхтатилди.
Ўйиннинг саккизинчи дақиқасида Венгрия футболи яқин ўтмиши афсонаси, жамоа сафида 86 ўйинда майдонга тушиб, 26 гол урган юлдуз футболчи, кўп йиллар давомида «Майнц», «Шалке» ва «Ҳоффенҳайм» клубларида сермаҳсул ўйин намойиш этган 36 ёшли Адам Салаи ҳушидан кетди.
Аввалига Адамнинг олдига ҳамкасблари югуриб борди, кейин шифокорлар ёрдамга келди ва бу жойда тиббиёт палаткаси тикланди. Футболчилар эса унинг атрофида ҳалқа ҳосил қилиб, уни трибуна ҳамда камералардан яширишди.
Трибуналар жимликка чўмди, бош ҳакам Хесус Хил Мансано футболчилар билан гаплашди, шундан кейин ўйин тахминан 15 дақиқага тўхтади — Салаига тиббий ёрдам кўрсатилди, кейин замбилда трибуналар остига олиб кетишди. Кейинроқ мураббий Амстердам шифохонасига ётқизилган.
Ҳозирча Салаига айнан нима бўлгани маълум эмас. «Унинг ҳолати барқарор ва у ўзига келган. Бир неча дақиқа олдин текширув ўтказиш учун тез ёрдам машинасида Амстердамдаги шифохонага олиб боришди», — дейилган венгрлар миллий жамоасининг ижтимоий тармоқларида.
Ўйин тикланганидан бир неча дақиқа ўтиб ҳали ўзига келмаган венгрлар пеналти туфайли гол ўтказиб юборишди, ўйин якунигача ҳисоб 0:4 кўринишини олди.
Венгрлар билан боғлиқ бошқа хавотирли ҳолатлар
Евро-2024 вақтида венгрлар ҳужумчиси Барнабаш Варга Шотландия билан ўйинда оғир жароҳат олганди. Иккинчи бўлим ўрталарида британлар дарвозабони Ангус Ганн билан тўқнашув рўй берганди — кучли зарба Варганинг бошига келган, шундан кейин бир неча дақиқа давомида унга тиббий ёрдам кўрсатилганди. Уни ҳам шифохонага олиб кетишган — унда мия чайқалиши ҳамда суяклари бир неча жойда сингани аниқланган ва жарроҳлик амалиёти ўтказилганди. Варга 2024/25 йиллар мавсуми бошини ўтказиб юборди, аммо ҳозирга келиб тикланиб сафга қайтган ва «Ференцварош» сафида барча турнирлар доирасида олти гол уришга улгурди. Форвард шанба куни Нидерландияга қарши кечган ўйинда ҳам майдонга тушди.
Венгриялик бошқа бир футболчи Миклош Фехер билан рўй берган ҳодиса анча аянчли. 2004 йилда 24 ёшда бўлган форвард «Бенфика»нинг «Витория» Гимарайншга қарши ўйини вақтида клиник ўлимни бошдан кечирган. Феҳер захирадан майдонга тушиб, голли узатма ҳам берган, ўйин охирида рақиб аут амалга оширишга тўсқинлик қилгани учун сариқ карточка билан жазоланган, бироз ўтиб ҳушсиз ҳолда газонга йиқилган. Миклошнинг юраги тўхтаб қолганди — шифохонада уни икки бор ўзига келтиришган, аммо якунда футболчи барибир ҳаётдан кўз юмган.
Сиёсат яна спортга аралашди
Миллатлар лигасининг шанба кунги ўйинлари доирасида Бухарестда Руминиянинг Косовога қарши ўйини навбатдаги можаро туфайли охирига етмай қолди. Мезбон мухлисларнинг ўзини тутиши туфайли ўйинда қисқа танаффус қилишга тўғри келди, кейин эса ўйин бутунлай тўхтатилди. Ўйин қачон давом эттирилиши ҳақида ҳозирча маълум қилинмади.
Нима бўлди?
Косоволик футболчилар ўйин давомида маҳаллий фанатларнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан шикоят қилишди. Трибуналарда Сербия байроқлари ҳам кўтарилган. Қўшимча дақиқаларда футболчилар ўртасида жанжал келиб чиқди, Руминия мухлислари эса «Сербия, Сербия!» деб ҳайқириб, майдонга турли буюмлар улоқтиришди.
Шу билан бирга, меҳмонлар томонидан ҳам провокация бўлганди, жамоа ҳимоячиси Люмбард Делов можароли «албан бургути» жестини кўрсатган.
Якунда Косово футболчилари норозилик ифодаси сифатида тўлиқ таркибда майдондан чиқиб кетишди, мезбонлар эса бош ҳакам қарорини кутиб, яна бироз вақт давомида майдонда қолишди. Ўйинда бир соатга яқин танаффус қилинди, кейин эса тўлиқ тўхтатилди. Бу вақтда таблода ҳисоб 0:0 эди.
Бу жамоалар ўртасидаги биринчи можаро эмас
Барчаси 2023 йил июнида сафар учрашувида руминлар ҳақорат қилинишидан бошланганди. Ўша йил сентябрида Европа чемпионати саралаш турнири доирасидаги ўзаро ўйин руминиялик фанатлар «Косово — бу Сербия» ёзувли баннер кўтаришгани туфайли бир соатга тўхтатилганди.
Бир йил ўтиб УЕФА апелляция қўмитаси Миллатлар лигаси доирасидаги биринчи ўзаро ўйин вақтида трибунадаги тартибсизлик туфайли Косово футбол федерациясини жаримага тортишга қарор қилди. Косоволик мухлислар майдонга югуриб чиқиб, турли буюмлар улоқтирган, пиротехникадан фойдаланган, мадҳия ижро этилиши вақтида шовқин кўтарган ҳамда трибуналардаги ўтиш жойларини тўсиб қўйганди. Шу муносабат билан федерацияга 51 минг евролик жарима ёзилган.
Мавзуга оид
12:41
Полша собиқ амалдорига Венгрияда бошпана берилганидан норози
08:50
Ўзбекистон юк авиакомпанияси Венгрияда авиакомпания ташкил этишни режалаштирмоқда
21:33 / 20.12.2024
Виктор Орбан Россияга қарши санкцияларни узайтиришдан олдин Трампнинг инаугурациясини кутмоқчи
14:03 / 12.12.2024