Жаҳон | 22:50 / 15.12.2022
28434
12 дақиқада ўқилади

АҚШ илк бор тўлиқ жанговар гипертовушли ракетани синовдан ўтказди. Бу қандай қурол?

АҚШ биринчи марта ҳаводан учирилувчи гипертовушли ракетанинг тўлиқ жанговар прототипини муваффақиятли синовдан ўтказди. Шунга ўхшаш қуроллар аллақачон Россия ва Хитойда ҳам ишлаб чиқилмоқда. Гипертовушли ракеталар ўзи қандай қуроллар ва уларни ишлаб чиқиш дастурлари турли мамлакатларда қандай фарқланади?

ARRW ташувчисини синовга тайёрлаш. Фото: US AIR FORCE

АҚШнинг гипертовушли ракетаси синови 9 декабр куни Калифорния жанубидаги Тинч океани қирғоқларида бўлиб ўтди. У Эдвардс ҳаво кучлари базасида жойлашган 412-синов авиақаноти томонидан амалга оширилди.

Синовда гипертовушли AGM-183A ARRW (Air-Launched Rapid Response Weapon — ҳаводан учирилувчи тезкор жавоб қуроли) ракетаси B-52H Stratofortress бомбардимончи самолётидан учирилди.

Синов парвози давомида гипертовушли ракета товуш тезлигидан беш баравар кўпроқ тезликка эришди ва парвоз режасини тўлиқ бажариб, ўзини-ўзи йўқ қилди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, синов тўлиқ муваффақиятли ўтди.

Бироқ Пентагон бу ракеталар ҳужумкор қурол-яроғ арсеналида қайси ўринни эгаллаши ва қандай таҳдидларга қарши ишлатилиши мумкинлиги бўйича ҳали бир қарорга келмаган.

Гипертовуш пойгаси

Гипертовушли қурол дастури турли мамлакатларда, жумладан, АҚШ, Россия ва Хитойда ишлаб чиқилмоқда.

Тахминларга кўра, Россия ва Хитой 2010-йиллардаёқ ўз дастурлари бўйича АҚШни ортда қолдирган ва энди Вашингтон бу фарқни йўқ қилиш учун ушбу соҳага катта сармоя киритмоқда. Айни пайтда АҚШда гипертовушли қуролларни яратиш бўйича бир неча дастур ишлаб чиқилмоқда.

«Узоқ масофали гипертовушли қуроллар» (Long-Range Hypersonic Weapon – LRWH)) дастури гипертовушли планер яратишни назарда тутади. Қурол Lockheed Martin компанияси томонидан АҚШ армияси ва денгиз флоти учун тайёрланмоқда. 2023 йил охирига қадар бир қатор синовларни ўтказиш режалаштирилган.

Пентагоннинг Илғор тадқиқот лойиҳалари агентлигида (DARPA) ишлаб чиқилаётган яна бир лойиҳа «Гипертовушли ҳаво-реактив қуроли концепцияси» (Hypersonic Air-breathing Weapon Concept – HAWC) деб номланади. У тўғридан тўғри ҳаво-реактив двигателига эга қанотли ракетани яратишни назарда тутади. Бу ҳаводан учирилувчи нисбатан кичикроқ ракета бўлади.

Россияда гипертовушли ракеталарнинг бир қанча лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда. Улардан бири ҳавода учирилувчи «Кинжал» ҳисобланади
Фото: ANADOLU AGENCY

Яна бир лойиҳа «Гипертовушли зарбдор қанотли ракета» (Hypersonic Attack Cruise Missile – HACM) деб аталади ва Raytheon Technologies томонидан АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари учун ишлаб чиқилмоқда. Лойиҳа тафсилотлари ҳали ошкор этилмаган, аммо у ҳам самолётдан учириладиган ракета бўлиши режалаштирилган.

АҚШда тайёргарликнинг дастлабки босқичида бўлган яна бир қанча гипертoвуш дастурлари мавжуд. Булар ҳарбий-денгиз кучлари томонидан ишлаб чиқилаётган Conventional Prompt Strike ва Hypersonic Air-Launched OASuW, Илғор тадқиқот лойиҳалари агентлигининг Tactical Boost Glide ва Operational Fires дастурларидир.

Россияда учта гипертовушли қурол дастури ишлаб чиқиляпти. Улар орасида қитъалараро баллистик ракета билан учирилувчи «Авангард» стратегик қуроли, денгизда ишлатилувчи «Циркон» ракетаси ва «Кинжал» ҳаво ракетаси мавжуд.

Очиқ манбаларда ушбу дастурларнинг ҳақиқий ҳолати ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Россия учала комплекс ҳам тайёр ҳолатда экани ва ҳатто ҳарбий хизматга кирганини эълон қилган.

Хитойда ҳам гипертовушли қурол дастурлари мавжуд ва улардан энг диққатга сазовори DF-17. Ушбу қурол қаттиқ ёқилғили ракета ёрдамида тезлик олади.

АҚШ бу соҳада Россия ва Хитойдан ортдалиги айтилса-да, улар анчадан буён гипертовушли тизимлар синовларини ўтказиб келади. Суратда 2004 йилги X-43A синови жараёни. Фото: US AIR FORCE

2021 йил октябр ойида бу қуролнинг синовдан ўтказилиши америкаликларни жуда қаттиқ хавотирга солди. Ўшанда АҚШ штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси, генерал Марк Милли бу воқеани СССР космик дастурининг биринчи муҳим муваффақияти бўлган сунъий йўлдошнинг учирилишига қиёслади.

Гарчи бу дастурларнинг барчаси гипертовушли тезлик билан боғлиқ бўлса-да, улар вазифалари ва техник хусусиятларига кўра бир-биридан жиддий фарқ қилади.

Гипертовушли қурол ўзи нима?

Гипертовушли қурол — бу ҳавода 5 Max’дан юқори тезликда ҳаракатлана оладиган учувчи қурилмадир.

«Max рақами» одатда товуш тезлиги билан таққосланади, чунки у ҳақиқатан ҳам унга боғланган, аммо муҳим истисно билан: max товушнинг бир хил шароитларда ва ҳаракат содир бўлган бир хил муҳитда тарқалиш тезлигини англатади.

Шунинг учун, max сонини ҳисоблашда муҳитнинг зичлиги жуда катта рол ўйнайди: зичлик қанчалик паст бўлса, max парвоз тезлиги шунчалик юқори бўлади.

Гипертовушли қуролларнинг иккита асосий тури мавжуд бўлиб, уларни шартли равишда «ракеталар» ва «планерлар» деб аташ мумкин. Бундан ташқари, баллистик ракеталарнинг жанговар каллаклари ҳам ерга тушиш вақтида гипертовуш тезлигига эришишга қодир, аммо улар гипертовушли қуроллар қаторига кирмайди.

Гипертовушли ракеталар двигател ишлаши ҳисобига учади ва улардаги кўтариш кучи корпус ёки қанотнинг аэродинамик шакли билан пайдо бўлади. Бундай ракеталар одатда жуда катта баландликда, стратосфера қатламининг чегарасида учади. Чунки кам таркибли ҳавода (атмосферанинг юқори қисми, бу ердаги ҳаво таркибида зичлик ўта паст ва турли моддалар жуда кам, шу сабаб бу қатлам кам таркибли ҳаво деб аталади) 5 max’дан юқори тезликдаги гипертовуш тезлигига эришиш осонроқ.

Гипертовушли планер деб эса баллистик ракета каби учириладиган, етарли баландликка чиққач, режалаштирилган (планлаштирилган) нишонга қараб товуш тезлигидан беш баравар ёки янада кўпроқ тезликда ҳаракатланадиган қурилмага айтилади.

Гипертовушли ракета ёки планернинг одатдаги қуроллардан устунлиги шундаки, бундай нишонни ушлаб қолиш қийин, айниқса у манёврлар қилса. Бундай ҳолда ушлаб қолувчи тизимнинг ўзи нишондан ҳам каттароқ кучлар билан манёвр қилиши керак.

Турли ёндашувлар

Россия, Хитой ва АҚШда ишлаб чиқилаётган гипертовуш дастурлари концептуал жиҳатдан бир-биридан фарқ қилади.

Жеймс Эктоннинг сўзларига кўра, АҚШда гипертовушли дастурларнинг ташаббускорлари ҳарбийлар эмас, ишлаб чиқарувчилар бўлган
Фото: US AIR FORCE

Биринчидан, гап жуда катта фарққа эга қуроллар ҳақида кетмоқда. Масалан, Россиянинг «Авангард» ва Американинг LRWH ракетаси узоқ масофали стратегик қуроллар ҳисобланади. Улар ўта юқори тезликка эришадиган планер блоклари. Россияликларнинг айтишича, уларнинг планер блоки 20 max тезликдан ҳам юқорироқ тезликда ҳаракатланиши мумкин.

LRWH планерининг тезлиги ҳақида аниқ маълумотлар йўқ, аммо унинг тезлиги ҳам россиялик турдошиникига мутаносиб бўлиши мумкин. Стратегик қуроллар бўлган бу икки планернинг учиш масофаси қитъалараро ракеталарникига мос келади.

Калифорния қирғоқларида синовдан ўтказилган AGM-183 ARRW эса тезкор-тактик масофали қуролдир. Қурол 5 max’дан юқори тезликка эриша олади, аммо аниқ рақамлар номаълум. АҚШ Конгресси тадқиқот хизмати ҳисоботида айтилишича, унинг ўртача тезлиги 6,5 ва 8 max оралиғида бўлади. Бу худди шу тезликка эга экани айтилган Россиянинг «Циркон» ракетаси параметрлари билан ўхшаш.

Юқоридаги ҳисоботда «Циркон»нинг учиш масофаси тахминан 1000 километрни ташкил этиши, ARRW эса 1600 километрга уча олиши айтилган. Шу билан бирга, «Циркон» ҳозирча фақат денгизда фойдаланиладиган ракета бўлиб, ARRW синов пайтида самолётдан учирилган, шунинг учун АҚШ лойиҳаси концептуал жиҳатдан Россиянинг «Кинжал»ига яқинроқ.

АҚШ Конгресси тадқиқот хизмати ҳисоботида «Кинжал»нинг тезлиги 10 max, учиш масофаси эса деярли 2000 километрни ташкил қилиши айтилади. Тўғри, бу масофага ракетани ташувчи «Миг-31» самолёти учиш масофаси қўшилгани ёки йўқлиги аниқлаштирилмаган.

Хитойнинг гипертовушли ракетаси ҳақида жуда кам нарса маълум. Ҳисоботда унинг учиш масофаси тахминан 1600-2400 километрни ташкил қилиши айтилган.

Гипертовушли қуроллар учун масофа жуда муҳим рол ўйнайди. 5 max’дан кўпроқ тезликда ҳаракатланаётган ракетани уриб тушириш, энг камида, жуда қийин, амалда эса — имконсиз. Шу сабаб бундай ракета ташувчиси автоматик равишда энг муҳим нишонга айланади.

Шу сабаб ракетанинг учиш масофаси 1000 километр бўлиши, унинг ташувчиси ракетани учириш пайтида душман қирувчи самолётларининг ҳаракат зонасида бўлиши мумкинлигини англатади. Қанча кўпроқ масофа бўлса, учириш шунчалик хавфсиз бўлади.

Тахминларга кўра, Россия Украинадаги урушда «Кинжал» ракетасини қўллаган. 18 март куни Россия гипертовушли қуролни Ивано-Франковскдаги Украина армиясининг ўқ-дорилар омборига қарши муваффақиятли қўллангани ҳақида эълон қилди.

Тўғри, Россия мудофаа вазирлиги томонидан эълон қилинган зарба видеоёзуви хабарнинг ҳақиқийлигига шубҳа туғдиради.

АҚШга бу қурол нимага керак?

АҚШ гипертовушли ракеталар ва планерларни ядровий бўлмаган қурол деб ҳисоблайди, Россия ва Хитойда эса улар нафақат оддий қурол, балки ядровий каллакларнинг потенциал ташувчиси сифатида ҳам кўрилади.

Бу муҳим ҳолат, чунки бу ядровий бўлмаган қуролларга қўшимча аниқлик талабларини ҳам юклайди. Карнеги жамғармасининг ядро қуроллари бўйича эксперти Жеймс Актоннинг сўзларига кўра, АҚШнинг гипертовушли технологияларни яратишга ёндашуви анча мураккаб ва талабчан, бу гипертовушли дастурларнинг ишга туширилиши нега ортга сурилаётгани сабабини ойдинлаштиради.

АҚШ ҳарбийлари ҳали ҳам гипертовушли қуроллардан фойдаланиш имкониятларини баҳоламоқда.

Июл ойида ҳарбий ҳаво кучлари вазирининг харидлар, технология ва логистика бўйича ёрдамчиси Эндрю Ҳантер журналистларга ARRW дастурининг келажаги фақатгина тизим қанчалик яхши ишлашига боғлиқ эмаслигини айтди.

Унинг бўлими келажакдаги таҳдидларга қарши туриш учун қандай қуроллар кераклиги ва гипертовушли қуроллар бунга қанчалик мос келишини ўрганмоқда.

«Шубҳасиз, сиз ишламайдиган нарсани сотиб олмайсиз. Лекин яхши ишлаган тақдирда ҳам, у энг муҳим нишонларга нисбатан ишлатилувчи қуроллар тўпламига тўғри киритилиши керак. Қарор қабул қилишнинг асосида айнан шу мақсад ётибди», дейди Ҳантер.

Жеймс Эктон ҳам бу ҳақда 2018 йилдаёқ ёзган. Унинг сўзларига кўра, Қўшма Штатларда гипертовушли тизимлар яратиш ташаббускорлари, ушбу технология қанчалик яхши ишлашини синаб кўришни истаган муҳандислар бўлган.

«Шундай экан, мудофаа вазирлигининг биринчи навбатдаги вазифаси бундай қуроллар қандай вазифаларда ишлатилишини аниқлаштиришдир. Шундан кейингина биз бу вазифаларга эришишнинг қайси йўли иқтисодий жиҳатдан энг фойдали бўлишини, гипертовушли қуроллардан фойдаланиш кераклиги ёки уни бошқа муқобил вариантга алмаштириш лозимлиги ҳақида муҳокама олиб боришимиз мумкин», дейди эксперт.

Ушбу фикрлар айтилганига беш йилдан кўпроқ вақт бўлди ва Эндрю Ҳантернинг сўзлари бундай мулоҳазалар ҳали ҳам долзарблигини кўрсатади. Бу вақт ичида дунё анча ўзгарди ва ARRW’нинг синовдан ўтказилиши Пентагоннинг гипертовушли қуролларга бўлган қизиқиши ҳали ҳам йўқолмаганини англатади.

Мавзуга оид