Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
4 кун давом этган Интеллектуал олимпиада якунланди. Ғолиблар чет элда стажировка ўтайди
Олимпиада соврин жамғармаси салкам 5,5 млрд сўм бўлиб, унда ғолиб талабаларга бериладиган пул мукофотларидан ташқари, Олий таълим муассасаси жамоаларига президент совғалари топширилди.

17 декабр куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон тарихида илк марта «Заковат» Интеллектуал олимпиадаси якунланди. Олимпиада президентнинг 2022 йил 20 январда қабул қилинган ПҚ-96-сонли «Заковат» интеллектуал ўйинини аҳоли ўртасида оммавий-маърифий ҳаракатга айлантириш ва бошқа интеллектуал ўйинларни ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида ташкил этилди. Олимпиаданинг соврин жамғармаси салкам 5,5 млрд сўм бўлиб, унда ғолиб талабаларга бериладиган пул мукофотларидан ташқари, умумжамоа ҳисобида 1, 2 ва 3-ўринларни қўлга киритган Олий таълим муассасаси жамоаларига президент совғалари топширилди.

Ушбу кенг кўламли тадбир Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, «Заковат интеллектуал клуби» нодавлат нотижорат ташкилоти, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.

Интеллектуал олимпиада саралаш ва республика босқичларида ўтказилди. Танловнинг ҳудудий саралаш босқичи 9 декабр куни бўлиб ўтди. Бунда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятларда саралаш ўйинлари бўлиб ўтди, уларда 123 та олий таълим муассасасидан 860 дан ортиқ талабалар иштирок этди. Барча ҳудудлардаги ўйинлар якуни бўйича энг яхши натижани кўрсатган 50 жамоа Интеллектуал олимпиаданинг республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Олимпиаданинг республика босқичи шу йилнинг 14-17 декабр кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтди. Иштирокчилар 6 та интеллектуал йўналишда беллашди, булар:
- «Заковат» ўйинининг спортча версияси;
- Брейн-ринг;
- Шахсий ўйин;
- Эрудит-квартет;
- Шахмат;
- Шашка.

Ҳар бир жамоа 12 нафар аъзодан иборат бўлди.
Ғолибларни тақдирлаш ва биринчи Интеллектуал олимпиаданинг ёпилиш маросими пойтахтдаги Ёшлар учун спорт, маданий-маърифий ва интеллектуал ўйинларини ўтказиш комплексида бўлиб ўтди.

Президент Администрацияси Ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати сектори мудири Саида Мирзиёева йиғилганларга нутқ билан мурожаат қилди.

«Олимпиаданинг финал босқичига чиққан ҳар бир интеллектуал (зиёли)нинг ортида унинг устозининг меҳнати ётади. Лекин афсуски, бугун, сиз каби энг билимли ёшлар турли соҳаларда ишлашга интилишмоқда ва камдан кам инсон ўқитувчи бўлишга қарор қилади. Менинг орзуим – жамиятимизда ўқитувчиликни энг ақлли инсонлар интиладиган касбга айлантириш», деди у.

Интеллектуал олимпиаданинг ёпилиш маросими доирасида «Брейн-ринг»нинг финал ўйини бўлиб ўтди.

Унда биринчи ўрин учун Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда Андижон давлат университети жамоалари беллашди.


Бу ақллар жанггига айланди. Бу сафар ғалаба Андижон давлат университети талабаларига насиб қилди ва бу жамоа 100 млн сўмни қўлга киритди, уларнинг рақиблари эса, 60 млн сўм ютиб олди.
Олимпиада якунида 6 та йўналишдаги натижалар асосида умумжамоа ҳисобда ғолибликни қўлга киритган олий таълим муассасалари жамоаларига Ўзбекистон Президентининг махсус совғалари топширилди.
Уларга сертификатларни Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари Комил Алламжонов топширди.

I ўрин — Қарши давлат университети. Президент соврини – Университетнинг замонавий кутубхонасини қуриш ва жиҳозлаш;
II ўрин —Тошкент тиббиёт академияси. Президент соврини – 100 та моноблок;
III ўрин — Тошкент давлат педагогика университети. Президент соврини – 100 та ноутбук.

Ўз талабаларини қўллаб-қувватлаш учун ўйинга шахсан ташриф буюрган олий таълим муассасалари ректорлари ҳам жамоаларнинг қувончига шерик бўлишди.
Шу билан бирга, президент қарори билан Интеллектуал олимпиада ғолиб ва совриндорларига қуйидаги имкониятлар ҳам берилади:
- Интеллектуал олимпиада ғолиб ва совриндорлари бўлган талабалар чет элда малака ошириш, стажировка ўташ ёки магистратура ва PhD дастурлари бўйича таълим олишга юборилади;
- Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Интеллектуал олимпиада ғолиб ва совриндорларини ўз мутахассислиги бўйича кадрлар захирасига олади.
Комил Алламжонов «Заковат» ўйининг спортча версияси чемпионларига ҳам совғаларни топширди.
6 та йўналиш бўйича ғолиб ва совриндорларни қуйидагилар тақдирлашди:
- «Брейн-ринг» бўйича — Ўзбекистон президенти маслаҳатчиси Одил Абдураҳманов;
- Шашка бўйича — Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов;
- «Эрудит-квартет» бўйича — Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Нозима Давлетова;
- «Шахсий ўйин» бўйича — «Заковат» интеллектуал ҳаракати президенти Абдурасул Абдуллаев;
- Шахмат бўйича — Ўзбекистон шахмат федерацияси раиси, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев.
Ёпилиш маросими доирасида ақл, интеллект ва таълим мадҳиясига айланган ранг-баранг шоу дастурлар намойиш этилди
Маълумот учун:
Интеллектуал олимпиаданинг мутлақ ғолиблари 6 та йўналиш бўйича тўпланган очколарга қараб аниқланди.
ЖАМОАВИЙ МУСОБАҚАЛАР:
«Заковат» ўйинининг спортча версияси бўйича ғолиблар:
1-ўрин — Тошкент тиббиёт академияси (100 млн сўм);
2-ўрин — Ўзбекистон миллий университети (60 млн сўм);
3-ўрин — Қарши давлат университети (40 млн сўм).
«Эрудит-квартет» бўйича ғолиблар:
1- ўрин — Наманган давлат университети (100 млн сўм);
2- ўрин — Қарши муҳандислик-иқтисодиёт университети (60 млн сўм);
3-ўрин — Бухоро давлат тиббиёт институти (40 млн сўм).
«Брейн-ринг» бўйича ғолиблар:
1-ўрин — Андижон давлат университети (100 млн сўм);
2-ўрин — Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (60 млн сўм);
3-ўрин — Тошкент педиатрия тиббиёт институти (40 млн сўм).
ИНДИВИДУАЛ МУСОБАҚАЛАР:
«Шахсий ўйин» бўйича ғолиблар:
1-ўрин — Ўрозбой Қудратов, Жиззах давлат педагогика университети.
(30 млн сўм);
2-ўрин — Жаҳонгир Темиров, Чирчиқ давлат педагогика университети (20 млн сўм);
3-ўрин — Давронбек Ашуров, Қарши давлат университети (10 млн сўм).
Шахмат бўйича ғолиблар:
Қизлар ўртасида:
1-ўрин — Ситора Сапарова, Тошкент давлат иқтисодиёт университети (30 млн сўм);
2-ўрин — Робияхон Сардорова, Наманган давлат университети (20 млн сўм);
3-ўрин — Камола Нурматова, Жиззах давлат педагогика университети (10 млн сўм).
Йигитлар ўртасида:
1-ўрин — Нодирбек Ёқуббоев, Ўзбекистон миллий университети (30 млн сўм);
2-ўрин — Асилбек Собиров, Фарғона давлат университети (20 млн сўм);
3-ўрин — Сардор Болтаев, Тошкент тиббиёт академияси (10 млн сўм).
Шашка бўйича ғолиблар:
Қизлар ўртасида:
1-ўрин — Замира Усмонова, Самарқанд давлат университети (30 млн сўм);
2-ўрин — Хумора Холиқбердиева, Гулистон давлат университети (20 млн сўм);
3-ўрин — Зарнигор Омонова, Қарши давлат университети (10 млн сўм).
Йигитлар ўртасида:
1-ўрин — Жаҳонгир Абдуллаев, Гулистон давлат университети (30 млн сўм);
2-ўрин — Абдураҳмон Акрамов, Тошкент давлат педагогика университети (20 млн сўм);
3-ўрин — Файзулла Мардиев, Самарқанд давлат университети (10 млн сўм).
Мавзуга оид
21:21 / 18.12.2025
Интеллектуал олимпиада ўйинлари ғолиблари тақдирланди
11:41 / 24.10.2025
Саида Мирзиёева “Zakovat-Gambit” ғолибларини табриклади
21:03 / 21.08.2025
Саида Мирзиёева Қирғизистонда ўтган “Заковат” турнири ғолибларини табриклади
20:27 / 18.08.2025