Жойларда аёлларнинг меҳнат имкониятларини таҳлилий ўрганиш умуман йўлга қўйилмаган - Танзила Норбоева
Олий Мажлис Сенати раиси зўравонлик қурбони бўлган аёллар, мигрант аёллар ва жазони ўташ жойларидан қайтган аёлларга кўмак бериш масалаларига тўхталди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида Хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссиясининг кенгайтирилган йиғилиши ўтказилди.
Унда Сенат раиси Танзила Норбоева сўзга чиқиб, аёлларнинг бандлик масаласига тўхталди.
«Меҳнат кодексининг янги таҳририни ишлаб чиқаётганда, асосан, аёлларга қулай, хавфсиз меҳнат шароитларини яратишга, халқаро стандартларга мослаштиришга эътибор қаратилди. Жойларда хусусий, шунингдек, давлат-хусусий шерикчилик асосида юзлаб корхоналар ташкил этилиб, янги иш ўринлари яратиляпти. Лекин табиий саволлар туғилади – бу иш жойларида муносиб иш ҳақи тўланяптими, муносиб ва хавфсиз меҳнат шароитлари яратилганми? Норасмий секторда ишлаётган аёлларни расмий меҳнат секторига ўтказиш таъминланяптими, бунинг реал даражаси ҳозирда қандай? — айнан мана шу масалаларга Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, иш берувчилар алоҳида эътибор бериши керак, жойларда аёлларнинг мавжуд меҳнат имкониятларини таҳлилий ўрганиш умуман йўлга қўйилмаган», деди Норбоева.
«Аҳолини касбга ўқитиш керак, бу учун мономарказлар бор, яна бошқа филиаллар ташкил қилинади дейилди. Лекин туманларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш жараёни, маҳаллаларнинг ўсиш нуқталари, маълум соҳаларга ихтисослаштирилган ҳудудлар бор. Аёлларни касбга тайёрлаш ва қайта ўқитиш дастурларида айнан шу омиллар эътиборга олиниши керак. Дастурлар бир хил, умумий ёндашувда бўлиши ярамайди. Қайси бир ҳудудда чорвачилик, қаердадир асаларичилик, яна бошқа туманда касаначилик ўсиш нуқтаси бўлганига қараб дастурларни ҳам ана шу хусусиятлардан келиб чиқиб, мослаб тайёрлаш зарур. Касбга ўқитилди ҳам дейлик, хўш, ундан кейин аёлни ишга жойлаш, унинг меҳнат қилишида кўмак кўрсатиш билан кимдир шуғулланяптими? Мана шу масала Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигини ўйлантириши керак», деб қўшимча қилди Сенат раиси.
«Бугун барча мутасаддилар - Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги - энг катта эътиборни ташқи меҳнат миграциясидан ёки жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган аёлларимизга қаратиши зарур. Бу аёллар оғир ҳаётий вазиятларни бошидан кечирганлар, энди улар яна қайта қийналмаслиги, яна мураккаб, оғир шароитга тушиб қолмаслиги керак. Бу аёлларимизнинг ҳам бандлиги, муносиб меҳнат шароитлари, жамоасида тенг кўрилишида манзилли аниқ ёрдам кўрсатиш зарур», деб таъкидлади Норбоева.
«Аёлларга нисбатан зўравонлик ҳақида гапирсак, айнан зўравонлик қурбони бўлган аёлларни бирламчи ўқитиб, иш билан таъминлаш бўйича кўмак мутасаддилар томонидан умуман йўлга қўйилмаган. Бугунги вазиятда, масалан, зўравонлик қурбони бўлган аёл реабилитация марказига жойлаштириляпти, кейин у ердан 1–2 ойдан сўнг чиқариб юбориляпти. Бу аёлни бирор ким на касбга ўқитяпти, на иш билан таъминлаяпти, унинг кейинги тақдири билан ҳеч ким қизиқмаяпти. Аслида, мана шу аёллар Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ишлайдиган асосий контингенти бўлиши зарур.
Барча мутасадди идоралардан кўтарилган мана шу барча масалалар бўйича аниқ иш ва натижа кўрсатишни талаб қиламиз. Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги алоҳида қўшма дастур ишлаб чиқиши ва тақдим қилиши қатъий сўралади», деб таъкидлади Сенат раиси.
Мавзуга оид
18:37 / 17.11.2024
Ҳудудлардан сайланган сенаторлар эълон қилинди
13:10 / 17.11.2024
Ўзбекистон парламенти аъзолари Бокуда ўтаётган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференцияда иштирок этди
22:55 / 16.11.2024
Ўзбекистон иқлим ўзгаришларига қарши курашда иштирокини давом эттиради — Танзила Норбоева
19:13 / 02.11.2024