Жаҳон | 14:19 / 20.12.2022
6527
4 дақиқада ўқилади

Германия санкциялар доирасида Россиянинг 5 млрд евролик активларини музлатди

Россиянинг Германиядаги музлатилган активлари миқдори 5 миллиард евродан ошди, деб хабар берди федерал ҳукумат. 

Фото: Reuters

Германияда санкцияларни амалга ошириш доирасида музлатилган Россия активлари ҳажми 5,046 миллиард еврога етди, деб хабар берди федерал ҳукумат Бундестагнинг Сўл партиядан аъзоси Кристиан Гёркенинг сўровига жавобан. Бу ҳақда dpa агентлиги 19 декабрь, душанба куни ёзмоқда. 

Бу маблағнинг 2,2 миллиард евроси немис банклари томонидан Германия федерал банкига (Бундесбанк) берилган хабарлардаги маблағлар ҳисобидан тўғри келади. Яна 1,1 миллиард «кўчар мулк»дир. Федерал ҳукумат бошқа тафсилотларни келтирмади. Жавобдан кўриниб турибдики, бир неча ой давомида россиялик шахслар ва компаниялар Германияда активлари мавжудлиги ҳақида деярли хабар бермаган. 

Июнь ойида Россиянинг Германиядаги музлатилган активлари ҳажми 4,48 миллиард еврони ташкил қилди. Гёркенинг сўзларига кўра, санкциялар остида қолган россияликлар кўпинча Германиядаги терговчилар «қоронғиликда сарсон бўлиб, қидириб юрибди» деб ўйлайди, бу мамлакатда ер кадастрлари рақамлаштирилмагани ва ҳукумат ходимларининг етишмаслиги билан боғлиқ. «Путиннинг ҳокимият доирасидан фойда кўраётганларга зарба бериш учун олигархларга нисбатан санкцияларни кучайтириш вақти келди», - дея изоҳ берди Гёрке ҳукуматнинг жавобига. 

Май ойида Германия чеклов чораларига риоя этилишини назорат қилувчи турли идоралар ўртасида ҳамкорлик ва ахборот алмашишни таъминлашга қаратилган санкцияларни қўллаш тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Қонун санкция остидаги компаниялар ва жисмоний шахсларни ўз мол-мулки тўғрисида Германия расмийларига ҳисобот беришга мажбур қилади. Қоидабузарликлар жарима ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. 

Қонун шунингдек, молиявий операцияларни текшириш бўйича марказий идора (Financial Intelligence Unit, FIU) ва Бундесбанк каби қатор идораларнинг ваколатларини кенгайтирди. Эндиликда уларнинг ходимлари фирмаларнинг квартиралари ва биноларида тинтув ўтказишлари, гувоҳларни сўроқ қилишлари, ҳисобварақлар ва қимматли қоғозлар эгалари тўғрисидаги маълумотларни банклардан сўрашлари мумкин. 

Аввалроқ Германиянинг Bild газетаси Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатига киритилган россиялик ва беларуслик шахслар ва компанияларнинг 61 та даъвоси Люксембургдаги Европа судида кўриб чиқилаётгани ҳақида хабар берган эди. 

Санкцияларга, жумладан, ЕСН компаниялар гуруҳи эгаси Григорий Березкин эътироз билдиряпти, у санкциялар «обрўсига жиддий зарар етказгани»ни айтмоқда ҳамда Украинага бостириб киришга алоқадор эмаслиги, Россия ҳукумати билан алоқалари йўқлигини билдирмоқда. «Россия» банкининг асосий акциядори, Владимир Путиннинг яқин дўсти Геннадий Тимченко ҳам судга мурожаат қилиб, Европа Иттифоқи расмийлари унинг Путин билан муносабатларини баҳолашда хатога йўл қўйганини таъкидлади. 

Суд ҳужжатларига кўра, даъвогарлар рўйхатига Лондоннинг «Челси» футбол клубининг собиқ эгаси Роман Абрамович ва «Альфа-Групп» молиявий гуруҳи раҳбари Михаил Фридман киритилган. Ноябрь ойида Европа Иттифоқи Россиянинг қарийб 68 миллиард евролик активларини музлатиб қўйгани ҳақида хабар берилган эди. 

Мавзуга оид